Sputnik Ўзбекистон Санкт-Петербург шаҳри ҳаваскорлар футболида ҳақиқий топилма бўлган футболчилар билан суҳбатлашди.
Санкт-Петербургдаги "Спортинг-лига" 7 га 7 (ҳар жамоадан 7 тадан ўйинчи) форматида ҳаваскорлар ўртасида мусобқаларнинг учинчи дивизионида мусобақа кашфиёти бўлган "Лента" клуби бўй кўрсатди. Бу клуб таркибида Ўзбекистондан келган бир нечта мигрантлар тўп суради. Sputnik улардан икки нафари билан суҳбатлашди.
"Лента" ҳаваскорлар клуби
Россияда ҳаваскорлар футболи анчадан буён ҳаваскорлар мақомидан илгарилаб кетди. Жамоаларнинг кўплиги, клублар ўртасида катта рақобат кўп жамоаларнинг ўз таркибига собиқ профессионалларни жалб этишига олиб келди.
Ҳаваскор жамоалар етакчилари тез-тез мукофот пуллари (баъзида доимий маош) олиб туришади. Йирик мусобақаларда бадал пуллари бир мавсумга 100 минг рублни ташкил қилмоқда. Кўп ўйинлар видеога олинади, ҳатто трансляция қилинади.
"Лента" "Евролига"да "Оксфорд" номи билан қатнашди. Бу мусобақанинг қоидаси шундай: ҳар бир жамоа Европанинг қайсидир клуби номини олиши керак. Жамоа фаворитларга муносиб қаршилик қилди. Йигитлар барча беш ўйинда ғалаба қозондилар ва ярим финалга йўл олдилар.
Санкт-Петербург футбол оламини ҳеч кимга таниш бўлмаган жамоа ажаблантирди. "Лента" таркибида таниқли ўйинчилар йўқ, таркибнинг ярмини ўзбек муҳожирлари ташкил қилади. Жамоа Петербургда футболга қизиқувчи барчани ҳайратга солди.
"Жамоамиз ташкил қилинганига уч йил бўлди, ҳомийимиз - "Лента" компанияси. Айни пайтда иккита мусобақада қатнашяпмиз: "Спортинг-Лига" ва "Бизнес чемпионлар лигаси", - дейди жамоа сардори Павел Путинцев.
Павел Путинцев
Унинг сўзларига кўра, жамоа асосини ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонлик йигитлар ташкил қилади. "Йигитларда катта тажриба бор, деярли ҳаммаси Ўзбекистоннинг Олий лигасида ўйнаган - кимдир ўринбосарлар таркибида, кимдир асосий таркибда", - давом этади Путинцев, - клубда маълум машғулотлар белгиланмаган, ўйинчилар келишган ҳолда ҳафтада икки марта машғулот ўтказадилар. Йигитларнинг мақсади катта".
Жамоанинг энг асосий кучи Тони Отажонов ва Бегзод Бегалиев ҳисобланади. Улар икковлон "Спортинг-лига"да 23та гол уришди.
26 ёшли Тони Отажонов Тошкентда туғилган. У ватанида Олимпия спорт мактабида таълим олган ва 2010 йилда тугатган. У Ўзбекистонда болалар Олий лигасида ўйнаган, "Чирчиқ" жамоаси сафида биринчи ва иккинчи лига ўйинларида қатнашган.
Тони 2011 йилнинг январида Россияга ишлаш учун келган. У ҳозир оддий қурувчи ва "Лента" магазинида сотувчи бўлиб ишламоқда.
"Ота-онам бошида қарши бўлишди, ҳозир эса - йўқ. Улар менинг Питерда ўйнаётганимни биладилар. Отам жуда хурсанд бўлди, чунки у футбол мураббийи эди, ҳозир пенсияда", - дейди Отажонов.
Тонини кўча футболида пайқаб қолишди. У ерда рус йигитлари билан танишди ва уни ҳаваскорлар мусобақаси Amateur League га таклиф қилишди.
"Бу қишда бўлган эди, ўшанда қишки мусобақада ютқазган эдик. Кейин баҳорда жамоамизга Павел Путинцев келди. Ўша мусобақада ғолиб чиқдик ва мен тўпурарлар орасида иккинчи бўлдим. 14 та гол урдим. Шундан сўнг Павел янги "Лента" номли жамоа тузди ва мени чақирди. Уч-тўрт йилдан бери биргамиз", - дейди Тони.
Тони икки йилдан буён ватанида бўлмади, ЖЧ-2018дан сўнг уйига бориб келмоқчи. Бу ерда у бир қиз билан танишган эди ва яқинда у билан ажрашди.
24 ёшли Бегзод Бегалиев Қўқон шаҳрида туғилган. У ҳам ватанида юқори савияда ўйнаган, аммо юқори натижалар кўрсатмаган.
Ёш футболчи Ўзбекистон Суперлигасининг "Қўқон-1912" жамоаси ўринбосарлари сафида ўйнаган. Аммо катталар футболига ўтиш вақтида ундан пул талаб қилишган. Бегзодда пул йўқ эди. Унинг сўзларига кўра, Суперлигада бой ота-оналарнинг болалари ўйнайди. "Ўзбекистон" футболида коррупция, ўйнашни хоҳласанг - пулини тўлаб қўй", - дейди футболчи.
Бегзод 2015 йилнинг августида Россияга ишлаш учун келди. Дастлаб реклама соҳасида ишлади. Кейинроқ Павел Путинцев билан танишди ва "Лента"га таклиф қилинди.
У ҳам Тони Отажонов сингари Ўзбекистонни соғинади. Йилда камида бир марта ватанига бориб келади. Унинг оиласида - отаси, онаси, икки синглиси ва учта жиянлари бор.
Ҳар икки тўпурар "Лента" билан Россия ҳаваскорлар футболида катта ютуқларга эришишларига ишонадилар. Балки, келаакда бу йигитларни Россия чемпионатининг профессионал дараасида кўриб қолармиз. Уларнинг ёши келаакда яна ўсишига имкон беради, деб ёзади Sputnik.