Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси миллий чемпионатимизда иштирок этаётган футболчи ва мураббийларнинг нафақат жисмоний жиҳатдан етук, балки маънавий жиҳатдан ҳам баркамол бўлиши учун бир қатор чора-тадбирларни йўлга қўйган.
Жумладан, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига кўра ҳар ойнинг душанба кунлари Суперлига клубларида маънавият ва маърифат дарслари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу дарсларда мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган қарорлар мазмуни футболчи ва мураббийларга етказилмоқда.
Шунингдек, футболчи ва мураббийларда Ватанга садоқат, элу юртга бўлган ҳурматни янада ошириш, ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш мақсадида муқаддас тарихимиз, улуғ бобокалонларимиз, юртимиздан чиққан алломалар ва уларнинг асарлари, миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз ҳақида маърузалар ўқилмоқда.
Шунингдек, клублардаги ёш футболчилар билан биргаликда футбол фахрийлари, ёши улуғ инсонлар зиёрат қилинмоқда. Уларнинг ўтмиш хотиралари, босиб ўтган йўллари, бой тажрибалари ёш футболчиларга ибрат сифатида кўрсатилмоқда.
Бу каби маънавият ва маърифат дарслари миллий чемпионатимизда тўп сураётган футболчиларга халқаро майдонларда Ватан шаъни учун майдонга тушаётганда қўшимча руҳий озуқа тақдим қилиши аниқ.