Бугун Европа чемпионлар лигасининг навбатдаги ғолиби номи аниқ бўлади. Украина пойтахти — Киев шаҳридаги "Олимпийский" стадионида "Реал" ва "Ливерпуль" жамоалари бош соврин учун кураш олиб боришади. Мазкур ўйинга қисқача превью шаклида тўхталиб ўтамиз.
Финалгача бўлган йўл
"Қироллик клуби" учун мавсумнинг дастлабки ярми у қадар омадли кечмади. Жамоа Испания чемпионатида асосий рақибидан анча ортда қолиб кетган бўлса, ЕЧЛ гуруҳ босқичида 2-ўринни банд этди. 2018 йилга келиб Зидан жамоаси ўз формасини тиклаб олди ва бутунлай бошқача натижалар қайд эта бошлади. "Қаймоқранглилар" Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида Франция, Италия ва Германия чемпионларини мусобақада чиқариб юборди. Тўғри, "Реал" "Ювентус" ва "Бавария"га қарши учрашувларда анча қийналди. Шунга қарамай, финалгача айнан "Мадрид" етиб келди.
"Ливерпуль" эса финалгача бўлган йўлда ўзини анча эркин ҳис қилди. Мерсисайдликлар ўз гуруҳларида 1-ўринни эгаллашди. Клопп жамоаси нимчорак финалда "Порту"га ҳеч қандай имконият қолдирмади (5:0, 0:0). Чорак финалда эса жамоа "Манчестер Сити"ни мусобақадан чиқариб юборишини кўпчилик кутмаганди. "Ливерпуль" ҳар иккала ўйинда "шаҳарликлар"ни мағлуб этди (3:0, 2:1). Жамоа "Рома"га қарши кечган ярим финал баҳсларида битта кўп гол ургани эвазига финал йўлланмасини қўлга киритди (5:2, 2:4). Кўриб турганингиздек, "Ливерпуль" плей-офф босқичида биринчи ўйинда жуда кучли ўйин кўрсатиши эвазига масалани ҳал қилиб қўйган.
Мураббийларнинг фикрлари
Юрген Клопп: "Ливерпуль" катта ғалабаларга ўрганган. Биз "Реал" даражасида эмасмиз, аммо футболда шундай тактикалар борки, рақибни ўз даражасидан пастроқ ўйнашга мажбур қилади. Бир ярим йил олдин ҳам яхши жамоага эга эдик. Балки, ўшандаёқ финал ҳақида орзу қила бошлагандирмиз. Биз намойиш қилган ўйин мақсадимизни амалга оширишга ёрдам берди. Бизда жамоавий руҳ пайдо бўлди. Бу бизнинг энг кучли қуролимиз. Финалда "Реал" фаворит, лекин барчаси майдонда ҳал бўлади. "Мадрид" жуда кучли, аммо улар ҳали бизга тўқнаш келишмаган. Кўп футболчиларимиз ўйиндан олдин ҳаяжониши мумкин, бу нормал ҳолат. Ҳа бу масъулиятли баҳс, аммо шунчаки ўйин эканини унутмаслик керак".
Зайниддин Зидан: "Биз босимни ҳис қиляпмизми? Бу ҳаёт. Босим сени кучли қилади. Ким фаворит эканини мухлислар гапириши мумкин, лекин бу ўйинда фаворит йўқ эканини биламиз. Ҳар қандай финал ўйинида бўлгани каби жамоаларнинг имкониятлари тенг. Биз ўз ўйинимизни намойиш қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз ўзимизни фаворит дея ҳисобламаймиз. Фақатгина фаворит бўлганимиз учунгина ғалаба бизга насиб этиши керак, деб ўйламаяпмиз. Қийин ўйин кутиб турибди. Финал баҳсида камроқ муаммога дуч келишни истаймиз, аммо жиддий тер тўкишга тўғри келади. Мен ҳамиша ғалаба қозонишни истайман ва бундан кейин бу мақсад йўлида ҳаракат қиламан".
Рекордлар ва натижалар
"Реал" Европа чемпионлар кубоги/Европа чемпионлар лигасида ғолибликни қўлга киритиш бўйича рекордчи ҳисобланади — 12та соврин. Жамоа сўнгги 4 йил ичида 3 марта ЕЧЛда ғолиб чиқди. Ўтган мавсумда "Қироллик клуби" мусобақада кетма-кет икки марта ғолиб чиққан илк жамоага айланганди. Энди улар бу ишни кетма-кет уч марта амалга ошириш имкониятига эгалар.
"Ливерпуль" эса Европанинг клублар ўртасидаги бош совринига 5 марта эга чиққан. Улар мусобақа Чемпионлар кубоги деб номланган пайтда 4 марта, Чемпионлар лигасида эса 1 марта (2005 йилда) совринни бошлари узра баланд кўтаришган.
Тахминий таркиблар