“Металлург” футбол мактаби ташаббуси билан «1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя этиш куни”га бағишланган турнир уюштирилди. Унда 2007 – 2008 йилларда туғилган болалар жамоалари иштирок этишди.
Мусобақада Сирдарё вилоятининг Янгиер, Гулистон, Боёвут, Ширин шаҳарлари ҳамда Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ва Бекобод шаҳридан ташриф буюрган жамоалар иштирок этишди.
Мусобақа давомидада 12 та 2007 йилда туғилган болалар жамоалари ҳамда 8 та 2008 йилда туғилганлар болалар жамоалари ўзаро ғолиблик учун баҳс олиб бордилар. Мусобақа аввалида жамоалар гуруҳ ўйинларида омадларини синаб кўришди ва ярим финалчилар номини аниқлаб беришди. Ярим финал ўйинларидан бошлаб турнир олимпия тизимида ўтказилди.
2007 йилда туғилганлар баҳсида бош соврин учун “Металлург-1” – “Металлург-2” жамоалари ўзаро куч синашишди. Унда биринчи жамоа 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бронза медали учун баҳс Бекобод шаҳрининг “Аякс” ва Бекобод туманининг “Далварзин” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди ва унда шаҳарликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
2008 йилда туғилган болалар мусобақаси икки гуруҳда ташкиллаштирилди. Турнир ғолиблигини “Металлург” футбол мактабининг биринчи жамоаси қўлга киритди. Улар финалда “Металлург-3” жамоасини 5:2 ҳисобида таслим этишди. Учинчи ўрин учун ўйинда Бекобод туманининг “Зафар” ҳамда “Металлург-2” жамоалари куч синашиб, бекободликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга “Металлург” ПФК томонидан кубок, медаль ва дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.