ФИФА 2026 йилда бўладиган жаҳон чемпионати мезбонлигига даъвогарлик қилаётган мамлакатлар тайёргарлигига баҳо берди, дея хабар тарқатди AP.
Манбага кўра, АҚШ, Канада ва Мескиканинг қўшма аризаси 5 баллик тизимда 4 баллга баҳоланди. Марокаш эса текширув натижалари бўйича 2,7 балл олди. Имкониятлар 2 баллдан паст баҳоланганда ариза бекор қилинар эди.
ФИФА инспекторларининг огоҳлантиришича, Марокаш давлати мусобақани ўтказиш учун етарли инфратузилмага эга эмас. Шимолий Америка мамлакатларидаги ишлаб турган стадионлар ва меҳмонхоналар Мундиал талабларига жавоб беради.
Бундан ташқари, текширувчилар Марокашдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга аҳамият қаратишди. АҚШ эса мусобақага ташриф буюрадиган мухлисларнинг камситилишини олдини олиш борасида ФИФАга кафолат берди. Боиси, Дональд Трампнинг миграция сиёсати кўпчилик футбол федерацияларида норозилик кайфиятини уйғотяпти.
Шимолий Америкада ўтадиган турнирдан олинадиган даромад 14,3 миллиард долларга баҳоланаётган бўлса, Марокашда бу кўрсаткич 7,2 миллиард долларни ташкил этиши тахмин қилинди.
ЖЧ-2026 ўтадиган мамлакат номи ФИФАнинг 13 июнь куни Москвада ўтадиган Конгрессида эълон қилинади. Бу мусобақада илк марта 48та терма жамоа иштирок этиши кутилмоқда. Жамоалар 16та гуруҳга бўлинади ва дастлабки иккита ўринни эгаллаган жамоа плей-офф босқичига йўл олади.