Кириш Регистрация

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Мундиаллар хотираси

Баҳо:
+ | -

Жаҳон чемпионатидан бир йил сўнг туғилганман. Немисларнинг элитага қайтган мусобақаси. Голландия деган юртнинг отилиб, катта саҳнага чиққан дамлари эди. Албатта, бу воқеаларни биз кейин кассеталарда кўрганмиз. Оталаримиз яхши эслашади.

Илк томоша қилганим Марадонага аталган мундиал бўлган. 11 ёш эдим. Аргентина жаҳон чемпиони бўлган, худди туғилишимдан бир йил олдинги Германияга ўхшаб буюклар сафидан ўрин олган эди.

1990 йилги жаҳон чемпионати ақлимни таниган пайтларим бўлгани учунми ё ростан ҳам катта жамоалар кўп бўлганиданми, жуда шиддатли ўтгани ёдимда. Германия Аргентинадан қасос олганди. Туғилишимдан сал олдин элитага қайган Германия ақлимни таниганимда улғайган Аргентинани, хусусан, унинг етакчисини йиғлатган эди.

1994 йил. Университетда ўқийман. Газетада мусаҳҳиҳ бўлиб ишлайман. Илк хабарсифат мақолаларим футболга оид ёзилганига ўша мундиал сабабчи. Роберто Баджо сиймоси шунинг учун ҳам кўз ўнгимда ўта катта юлдуз бўлиб қолгандир. Балки.

Аср охиридаги жаҳон чемпионати финали ҳам шундоқ кўз ўнгимда. Сабаби, айнан ўша куни журналистика факультетида диплом ишимни ҳимоя қилгандим ва ўз нутқимни “бугун финал бўлади” деб бошлагандим. Зидан ўша куни футбол элитасига киришини билмасдим, очиғи. Бразилия қўрқинчли эди жуда. Балки диплом ишимни ҳимоя қилаётган оним Роналдонинг ўша заҳарланажак овқатини еяётган пайтига тўғри келгандир. Балки.

2002 йилги мундиал менинг шарҳловчилик фаолиятимдаги муҳим бурилиш эди. Финални Мирзаҳаким акам билан шарҳлаганман. Ёлғондакам Германияга мухлис бўлиб бошлаганман (чунки немислар юриб келган сетка томонидаги ўйинларнинг кўпи менинг чекимга тушганди), бироқ Роналдо гол ургач, уялмасдан устоз шарҳловчининг гапини ҳам “юлиб олганим” эсимда (шу одатим ҳалигача бор).

2006 йилги мундиал ҳам ўз воқеотлари билан хотирам тўридан жой олган. Телевидениедан кетганману, аммо мундиал ўйинларига чақиртирилган эдим. Ғалати ҳолат-а, шу мусобақа тугайди ва ТВда бошқа ишламайман. Недир кемтик бўлиб турарди ўйинларни кўрарканман. Учинчи ўрин учун баҳсни шарҳлагандим охирги марта. Швайнштайгер шундан бери кўзимга ғалати кўринади.

2010. Финални Қизилтепада кўрганман. Илк куним эди.

2014. Финални яна ўша ерда кўрдим. Лекин кетиш арафасида турганимни билардим. Бу ҳис худди 2006 йили эринибгина ўйинлар тугашини истамай шарҳлаганимга ўхшарди, фақат акс ҳолида – тезроқ тугайқолса эди бу турнир, дердим. Мундиал ҳам тез тугади, муддат ҳам.

2018 йилги ЖЧга ҳам етиб келдик. Энди икки хил тасаввур: агар ЖАРдаги ва Бразилиядаги жаҳон чемпионати билан солиштирилганда, роҳатланиб кузатаман. Бундан-да завқли онлар йўқ, деб. Аср аввалидаги мундиаллар ила таққосланса, шарҳловчи бўлиб мундиални томошабин бўлиб кузатиш бироз аламли туйғу. Барибир мен биринчи таққосни танлайман ва завқланишга қарор қиламан.

Мен бу сабримнинг эвазига бошқа мукофот кутаман: 2022 йилги турнирда терма жамоамизни илк маротаба ана шу фестивалда кўриш! Фарқи йўқ, шарҳловчи бўлибми, томошабин бўлибми, фақат оилам бағрида, дўстлар даврасида бўлгани.

Эслаб кўрингчи, жаҳон чемпионатлари сизнинг ҳаётингизга ҳам шундай, бўлак-бўлак туйғулар изини ташлаб кетгандир балки.

Хайрулла ҲАМИДОВ

Манба: https://t.me/x_hamidov
Киритилди: 09:13, 09.06.2018.
Ўқилди: 4920 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.