Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Миржалол Қосимов: “Терма жамоамизга нима етишмади? Билмайман”

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистонлик машҳур футболчи, бугунги кунда "Бунёдкор" футбол клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов Sputnik мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон терма жамоасининг мундиал йўлидаги омадсизлиги, кечаги ва бугунги футбол, Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида кимга мухлислик қилиши ҳақида сўзлаб берди.

- Сизнингча, Ўзбекистон терма жамоасига мундиалга чиқиши учун нима етишмади?

— Тўғрисини айтсам, билмайман. Менимча, омад етишмади. Жаҳон чемпионатига чиқишни барча — ишқибозлар, бутун халқимиз, раҳбарият, футболчилар ва мураббийлар истаганди. Бу йилги мундиалга чиқиш учун имкониятлар бўлди, ҳаракат қилинди, аммо омад етишмади. Менимча, ҳар қандай ишда омад ҳам албатта ёнма ён юриши керак.

Ҳамма нарса ўтиб бўлди, энди ортга қарамасдан, келажакка боқиш керак. Хатолардан тўғри хулоса чиқариб, кейинги чемпионатга чиқиш учун тайёргарлик кўриш керак.

- Бу йилги жаҳон чемпионатида кимга мухлислик қиласиз ва қайси жамоаларни фаворит деб ҳисоблайсиз?

— Жаҳон чемпионатида биринчи навбатда машҳур ҳакамимиз, дўстимиз Равшан Эрматовга мухлислик қиламан. Бу йилги чемпионатда ҳам унинг бошчилигидаги гуруҳ иштирок этади, Эрматов жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилиш бўйича рекордчи.

Фаворитларга келсак, олдиндан фол очишни ёқтирмайман. Мундиалда кучли жамоалар йиғилган, бу босқичга қадар улар машаққатли йўлни босиб келишган. Улар орасида Аргентина, Бразилия, Испания терма жамоалари кучли саналади. Германия ҳам жисмоний жиҳатдан кучли ўйин кўрсатади. Аммо фол очишни ёқтирмайман.

- Чемпионатдаги бирор учрашувни стадиондан бевосита кўриш ниятингиз борми ёки телевизор орқали томоша қиласизми?

— Бориб, стадиондан томоша қилишни истардим. Чунки стадионда кўрсангиз муҳит бутунлай бошқача бўлади. Ўтган сафарги жаҳон чемпионатида Германия ва Аргентина ўртасидаги финал ўйинини стадионда томоша қилгандим. Бу йил аниқ айта олмайман. Бизда танаффус бўлади, кейинги даврага тайёргарлик қиламиз, йиғинларда бўламиз. Телевизор орқали кўраман деб ўйлайман.

- Сизнингча, бугунги ва илгариги футбол ўртасида фарқ борми?

— Бугунги футбол олдингидек эмас. Ҳозирда футболчи тезкорлик билан ўйлаши, қарор чиқариши керак, жисмоний жиҳатлар, жамоавий ўйин шаклланди. Бутун дунёда футбол тезлик билан ривожланяпти. Шунчаки ўйнаб рақибни ютишнинг имкони йўқ. Футбол аввалгига нисбатан ҳар томонлама ўсди.

- Нима деб ўйлайсиз, Россия жаҳон чемпионатини юқори даражада ўтказишга қодирми?

— Шубҳасиз, мусобақа зўр ўтади. Россиянинг ушбу чемпионатга ташкилий жиҳатдан қай даражада тайёрланганини билиб турибмиз. Мазкур чемпионатга ташриф буюрган мухлислар албатта хурсанд бўлишади.

- Футболга замонавий технологиялар — видеотакрорлар, голни аниқлаш технологиялари жорий этилишига қандай қарайсиз?

— Боя айтганимдек футбол тезлик билан ривожланяпти. Ҳакамлар ҳам инсон. Инсон барибир адашиши мумкин. Бир вазиятга у томондан қарасангиз бошқача, бу томондан қарасангиз бошқача кўринади. Масалан, Марадонанинг жаҳон чемпионатида қўли билан гол урганини эсланг. Менимча, бундай технологияларни қўллаш футболга халақит бермайди. Фақат меъёрида қўлланилгани маъқул. Ўйин суръатига таъсир қилмаслиги лозим. Ўз жамоаси учун жон куйдирадиган ҳар бир мухлис биринчи навбатда адолат бўлишини истайди. Шундай экан, бундай технологиялардан фойдаланиш зарар қилмайди.

- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистондан янги Эрматовлар чиқадими?

— Албатта, бунга ишонаман. Бизда истеъдодли ҳакамлар кўп. Фақат Эрматов даражасига етиш учун қаттиқ меҳнат қилиш керак.

- Футболчи сифатида қайси ўйинлар ёдингизда қолган?

— Ўсмирлик пайтимда Европа ва жаҳон чемпиони бўлганимиз, Ўзбекистоннинг Япония ва Хитой билан ғалабали ўйинлари ёдимда қолган. Дуранг бўлаётган ёки мағлубиятга учраётган пайтингда ҳал қилувчи голни уриб жамоангга ғалаба келтирган ўйинлар ёдда қолади.

- Агар ўтмишга қайтиш имкони бўлганида яна футболчиликни танлармидингиз?

— Ўтмишга қайтишнинг имкони йўқ. Лекин футболчилик фаолиятимдан асло афсусланмайман. Фаолиятимда муваффақиятлар ҳам, омадсизликлар ҳам бўлган. Футбол орқали ҳеч бўлмаса бир кишини хурсанд қилган бўлсам ҳам бу мен учун бахт. Айниқса, ғалаба қозонган пайтингдаги қувончингни ҳеч қандай пулга сотиб ололмайсан.

- Хорижлик қайси мураббийларга ҳавас қиласиз?

— Алоҳида бир мураббийни ажратиб кўрсатмайман. Ҳар бир мураббийнинг кучли томонларини ўрганишга, ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Масалан, Моуриньони олайлик. У керакли вақтда натижа учун ўйнашни яхши билади. Фергюсон, Гвардиола, Зидандан кўп нарсани ўрганиш мумкин.

- Сизнингча, Равшан Эрматов жаҳон чемпионати финалини бошқариши мумкинми?

— Нега йўқ бўларкан, албатта ҳа. Тўғри, руҳий, жисмоний тарафдан бу осон иш эмас. Лекин улар бундай ҳолатлардан ўтишган. Ўйинларни бехато бошқариш биргина Эрматовга боғлиқмас. Агарда Равшан Эрматов гуруҳи соат каби ишласа, улар албатта финални бошқаришади. Мен ҳакамларимизга омад ва финал ўйинини бошқаришларини тилаб қоламан.

 

Манба: aniq.uz
Киритилди: 14:54, 09.06.2018.
Ўқилди: 8025 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.