Профессионал футбол лигаси ҳамда Championat.asia нашри ҳамкорлигида ўтаётган ойнинг энг яхшиларини аниқлаш сўровномаси навбатдаги ғолиб номи ҳам аниқланди.
Бунга қадар “Навбаҳор” посбони Ботирали Эргашев май ойининг энг яхши дарвозабони деб эътироф этилган эди. “Бухоро” аъзоси Арслонмурод Омоновнинг “Локомотив” дарвозасига урган голи эса овоз бериш якунларига кўра энг чиройли деб топилган эди. Шунингдек, “Бунёдкор” клуби устози Миржалол Қосимов мураббийлар ичида май ойида тенгсиз бўлгани аниқлашган эди.
Май ойининг энг яхшиларини аниқлаш жараёнида топшириладиган эсдалик совринларидан яна бири “Бунёдкор” вакилига йўл оладиган бўлди. “Қалдирғочлар” етакчиларидан бири – Сардор Собирхўжаев овоз бериш натижаларига кўра ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Маҳоратли футболчи сўровномада жами 32 очко жамғарди ва “Пахтакор” аъзоси Тиаго Безеррани 2 очкога ортда қолдирган ҳолда ғолибликни қўлга киритди.
Сардор Собирхўжаевни мураббий ва сардорларнинг 8 нафари биринчи ўринга лойиқ топишди. 3 нафар овоз берувчи уни иккинчи ўринга лойиқ кўрган бўлса, яна 2 нафари Собирхўжаевни учинчи поғонага жойлаштирган.
Тиаго Безеррани бўлса овоз берувчиларнинг 4 нафари биринчи ўринга жойлаштирган. 6 нафари эса иккинчи ўринга лойиқ кўрган. Яна 4 нафари “Пахтакор” аъзосини учинчи сифатида кўрсатган. Шунингдек, мухлислар овоз бериши натижасига кўра Безерра яна 2 очко ишлаб олди.
Кучли учликни “Бухоро” жамоаси сардори Шавкат Саломов якунлаб берди. Тажрибали футболчи сўровнома якунларига кўра жами 26 очко жамғаришга эришди. Мухлислар Саломовни иккинчи ўринга лойиқ кўришган эди.
Диққатга сазовор жиҳати шундан иборатки, мухлислар овозлари натижасига кўра, “Навбаҳор” ўйинчиси Аъзам Алиев энг кўп овоз олган эди. Лекин Суперлига жамоалари ва сардорларидан фақатгина 3 нафари Алиевни биринчи ўринга, яна 1 нафари иккинчи ўринга лойиқ кўришган. Натижада Аъзам Алиев умумий ҳисобда 17 очко тўплади холос.
Шу тариқа, март ойида Азизбек Турғунбоев, апрелда Арслонмурод Омоновдан сўнг май ойида Сардор Собирхўжаев энг яхши футболчи дея эътироф этилди.