2017 йилнинг 23 октябрь куни “Навбаҳор” футболчиси Ойбек Қиличев футболдан 1 йил муддатга четлаштирилганди.
Ойбек Қиличев 2017 йилги Ўзбекистон чемпионатининг 25-тури доирасида “Қўқон-1912” клубига қарши майдонга тушиб, рақибига нисбатан тажовузкор ҳатти-ҳаракатда билан ёдда қолганди. Вазиятни ўрганиб чиққан ЎФА Ижроқўми уни бир йилга четлаштириш баробарида, 10 миллион сўм миқдорида жарима ҳам тайин қилганди.
Яқиндагина ЎФА Ижроқўми йиғилишида футболдан бутунлай четлаштирилган ёш футболчиларга қайтадан имконият бериш масаласи кўриб чиқилган ва масала ижобий ечим топганди. Йиғилиш якунида қўмита аъзолари Ойбек Қиличевни ҳам охирги марта афв этиш масаласини ўртага ташлаганди.
Навбатдаги йиғилишда Қиличев масаласи кўриб чиқилди. “Навбаҳор” клубидаги ижобий ўзгаришлар, футболчининг пушаймонлиги ва бу борадаги мактублари инобатга олиниб, Қиличевни бугун — 18 июнь куни очилган трансфер ойнасидан фойдаланиб, қайта рўйхатга олиш учун рухсат берилди. Бунинг учун аввалдан белгиланган жаримани тўлаш керак бўлади.
Мақсад футболчини шунчаки жазолаш эмас, қилган иши хато эканини унга онгли равишда тушунтира олишдир, дейилади Ижроқўм мажлисида. Шундай экан, Ойбек Қиличев Pepsi Суперлигада юзага келган танаффусдан кейинги ўйинларга тайёргарлик кўриши мумкин. Футболчи шуни унутмаслиги керакки, у энди жиддий назоратда бўлади. Навбатдаги тажовузкор ҳаракати учун у кечирилмаслиги ҳам мумкин.
Шунингдек, “Навбаҳор” футбол клубига ҳам Қиличевнинг шартномасига бу борада алоҳида банд киритиш тавсия этилади. Яъни, футболчи ўзини тийиб олиши шарт. Умид қиламизки, Ойбек Қиличев хатосидан тўғри хулоса чиқарган ва эндиликда фақатгина чиройли ўйинлари билан мухлислар ёдида қолади.
P.S. Ёшини кичиклаштириш иллати сабаб футболдан четлаштирилган, кейин эса миллионлар ўйинига қайтиш имконияти берилган футболчилар ҳужжатлари билан боғлиқ масалаларни тўлиқ тўғрилаганлари ҳолда машғулотларни бошлашлари мумкин.