Жаҳон чемпионати старти арафасида ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган воқелик кузатилди - Испания терма жамоасининг икки йиллик мағлубиятсиз серияси асосий сабабчиси - Хулен Лопетеги истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига «Реал»нинг собиқ сардори Фернандо Йерро тайинланди.
Сабаби оддий: иши равон кетаётган мураббий тиғиз паллада терма жамоа ташвишларидан ортиб, «Қироллик клуби» билан музокара ўтказишга вақт топди. Шу нарса Испания футболи раҳбарияти ҳамиятига тегди, шекилли, ўта кескин қарор қабул қилинди.
Кейинроқ «Реал» раҳбарлари хотиржам тарзда Хулен Лопетегини янги бош мураббий сифатида расман таништиришди. Испан мутахассиси билан бирданига 3 йиллик шартнома расмийлаштирилди. Эслатма, Лопетеги «қизил фурия»да иш бошлагунча «Райо Вальекано» ва «Порту» клублари, шунингдек, Испаниянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларини бошқарганди.
Айтиш ўринли, Испания футбол федерацияси ва Лопетеги ўртасидаги шартнома 2020 йилгача мўлжалланган эди. Шуни ҳисобга олсак, мамлакат футболи раҳбарияти қарорини тушуниш мумкин...
Кечагина Зайниддин Зидан ўрнини қайси мард мураббий эгаллашини тахмин қилиш ҳам мушкул эди. Ахир ЧЛдаги қиролларга хос юришни давом эттириш мажбурияти ҳар қандай мутахассисни иккилантириб қўйиши тайин. Қолаверса, «Реал»нинг кичик бир омадсизлиги ҳам мураббийни истеъфога етаклайди одатда.
Шунинг учунми, бир қатор тан олинган номзодлар таклифга дарҳол рад жавоби беришди. Лекин устамон Флорентино Перес тезда камикадзе-мураббийни топди - Хулен Лопетеги. Очиғи, уни Испания миллий жамоасига раҳбарлик қилишга чорлашганидаёқ кўпчилик бир саволни ўртага ташлаганди: «Лопетеги, ким у?»
Энг қизиқ томони, Хулен бир уринишда «фурия роха»ни яна равон йўлга бошлаганига қарамай, ўша савол ҳамон ўз моҳиятини йўқотгани йўқ.
Дарҳақиқат, сеньор Лопетеги ким ўзи? Хулен ўсмирлик чоғи «Реал Сосьедад» академиясида шуғулланиш баробарида оилавий кичик ресторанда ишлаган. Бироқ у клубнинг асосий дарвозабони мақомини ололмаган. Кейинчалик Хуленни «Барселона»га таклиф қилишади, аммо чекига яна захирани «иситиб ўтириш» тушади.
Хуллас, Лопетеги футболчилик фаолияти давомида камтарингина «Логроньес» ва «Райо Вальекано» клубларида бироз муваффақиятли ўйнаган, холос.
Хулен қўлқопларини михга илгач, дарҳол мураббийлик фаолиятини бошлаб юборди - собиқ устози Хуан Сантистебан таклифига кўра, Испания ўсмирлар термаси (U-17)да ассистент ролини бажарди. Испанларнинг ЖЧ финалида бразилияликларга қарши ўйнашгани Лопетегига ижобий таъсир қилгани аниқ.
Қисқаси, ёш мутахассис кичик мундиалдан сўнг «Райо Вальекано» бошқарувини қўлга олди, аммо бир неча ойга чўзилган иши ҳеч қандай натижа бермади. Оқибатда Хулен мураббийликни четга суриб, ўзини ТВга урди. Яъни эксперт ва шарҳловчи ролида намоён бўлди.
Бироқ янги йўналишдан ўзи истаган роҳатни топмадими, аввалига «Реал»нинг халқаро скаутинг бўлимида ишлади, кейин бир мавсум «Кастилья»га устозлик қилди.
Клуб президенти лавозими Рамон Кальдерондан Флорентино Перес қўлига ўтгач эса, Лопетеги кўплаб мутахассислар қатори «галактикос» тизимидан четга чиқди.
Тақдир экан, «Қироллик клуби»дан кетиш мураббийга катта зафарлар йўлини очди. Зеро...
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.