Суперлига клублари футболчиларининг жисмоний ҳолати Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси томонидан тасдиқланган тест-синовлари орқали назорат қилиб борилиши ҳақида аввал хабар берган эдик.
Шуни таъкидлаш керакки, бу каби тест-синовлари жорий йил аввалида ўзбек футболида илк марта амалга тадбиқ этилди. Синовларнинг дастлабкиси ўтган йилнинг декабрь ойида, сўнгра чемпионат старти олдидан февраль ойида ўтказилиб, шу орқали миллий чемпионатимиз клублари футболчиларининг жисмоний ҳолати ҳақида умумий хулоса қилинганди.
Мазкур тест-синовлари тизимини ишлаб чиқиб, футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхшиланиб боришини назорат қилаётган Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими белгиланган режа асосида ёзги нормативлар қабул қилишни ҳам бошлади.
Кеча, 24 июнь куни “Қўқон-1912” жамоаси футболчилари биринчи бўлиб нормативлар топширишди. Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими ходими педагогика фанлари номзоди, профессор Шамиль Исеев бошчилигидаги мутахассислар ҳар бир клуб футболчиларининг ойдан-ойга жисмоний жиҳатдан ўзининг оптимал спорт формасига кириб бораётганини синовдан ўтказишмоқда. Футболчилар 30 метрга югуриш, узунликга сакраш, 7х50 метрга югуриш, “Yо-Yо” тест синовлари бўйича нормативлар топширишмоқда. Дарвозабонлар эса қўшимча равишда тўпни белгиланган масофага қўлда ва оёқда етказиб бериш бўйича ҳам ўз кўрсаткичлари яхшиланиб бораётганини намойиш этишлари талаб этилмоқда.
“Тест-синовлари мавсум аввалида футболчиларнинг янги чемпионатга қандай тайёргарлик кўрганини аниқлаш, уларнинг жисмоний жиҳатдан тўлиқ мавсум ўтказишга тайёрлигига ишонч хосил қилиш мақсадида ташкил этилган эди. Ана энди ҳозирда клублар ёзги таътилга йўл олишди. Улар мавсумнинг илк қисмини ўтказишди. Ҳар бир клубнинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи ўз қўл остидаги футболчиларнинг жисмоний жиҳатдан фақат ўсишга эришишларини назорат қилиб бормоқда. Уларнинг бу борада қандай иш олиб борганини энди нормативлар аниқ кўрсатиб беради. Нормативлар шартлари ўзгаришсиз қолди. Фақатгина футболчиларнинг секин-аста формага кириб бораётганини инобатга олиб, кўрсатгичлар бироз кучайтирилдики, энди ўйинчилар қишдагидан кўра бироз тезроқ ва яхшироқ натижалар қайд этиши лозим бўлади”, - деди Шамиль Исеев.
PEPSI Суперлига клубларининг норматив топшириш муддатлари жадвали:
№ |
Жамоа |
Сана |
1 |
Қўқон-1912 |
24.06.2018 |
2 |
Бунёдкор |
25.06.2018 |
3 |
Навбаҳор |
25.06.2018 |
4 |
Нефтчи |
26.06.2018 |
5 |
Сўғдиёна |
27.06.2018 |
6 |
Бухоро |
28.06.2018 |
7 |
Қизилқум |
29.06.2018 |
8 |
Насаф |
30.06.2018 |
9 |
Металлург |
01.07.2018 |
10 |
АГМК |
02.07.2018 |
11 |
Пахтакор |
03.07.2018 |
12 |
Локомотив |
05.07.2018 |