Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Тартиб-интизом қўмитаси даъво аризаларининг муддатини жиддий назорат қилади

Баҳо:
+ | -1

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигасида раҳбарият алишгач, бир қатор футболчи ҳамда мураббийлар томонидан клублар устидан шикоят аризалари келиб тушди. Уларнинг иши Тартиб-интизом қўмитаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, қарздор клубларга жазолар белгиланди ва шу йўл орқали футболчилар, мураббийлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя этилди.

Эндиликда Профессионал футбол лигаси бирор клуб йилни қарздорлик билан ёпишига йўл қўймайди. 18 июнь куни трансфер ойнаси очилган бўлса, клублар билан ҳамкорлигини тўхтатаётган ҳар қандай футболчи ва мураббийга ПФЛ Спорт бўлими вакиллари алоҳида мурожаат қиляпти, уларнинг шикоятлари бор ёки йўқлиги масаласида суҳбат олиб бормоқда. Яъни, клубидан норизо бўлиб кетаётган футболчи ёки мураббийлар бор бўлса, ўша клубга ўзининг кейинги операцияларини амалга ошириш учун имконият берилмаяпти. Бу позицияда эндиликда қатъий турилади.

 

Даъво муддати 2 йил

Айнан 2018 йилги ёзги трансфер ойнасидан бошлаб ПФЛ ҳам шикоят аризалари тартибини барчага эслатиб ўтишни лозим деб билади. Регламентнинг 24-бўлим 5-бандида ҳар қандай шикоят аризалари бўлиб ўтган баҳсли ҳолатга 2 йил тўлмагани ҳолатидагина кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган. Демак, клублар, футболчилар, мураббийлар баҳсли вазият юзасидан шикоят аризасини максимум 2 йил ичида ёзиши керак бўлади. Бундан келиб чиқадики, 2016 йилнинг июнь ойигача бўлиб ўтган ишларни кўриб чиқиш масаласини ЎФА ҳамда ПФЛ ўз бўйнига олмайди.

Тўғри, Ўзбекистон Республика Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати 3 йил деб кўрсатиб ўтилган. Бироқ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу каби масалаларни Халқаро футбол уюшмасининг талаби асосида ишлаб чиқади, яъни, ФИФА низомларига бўйсунади.     

ФИФАнинг “Футболчиларнинг ўтиши ва мақоми” тўғрисидаги регламенти 25-бўлим 5-бандида шундай деб ёзилган: “Футболчилар мақоми бўйича қўмита, Баҳсли вазиятларни (можаролар) ҳал қилиш бўйича палата, шунингдек, Якка тартибдаги суд ҳамда Можароларни ҳал қилиш бўйича палата суди ўз ваколатига кирувчи ҳар қандай ишни у содир бўлганига икки йил тўлгач, кўриб чиқмайди. Икки йил муддатгача берилган даъво аризалари эса индивидуал тарзда ўрганиб чиқилади”.

 

Муаммо ўз вақтида бартараф этилиши шарт

Бунгача бўлган ҳолатда клубларнинг қарздорлиги бир неча йиллардан буён давом этиб келгани аниқланди. Оддий мисол, Асрор Алиқулов олдида “Шўртан” 2012 йилдан буён қарздор бўлиб келган. Алиқулов ўз жамоаси устидан шикоят ёзишни истамаган, “Шўртан” эса андишанинг отини қўрқоқ бўлиб, ўзи учун йиллар давомида меҳнат қилган футболчининг пулларини беришни пайсалга солиб келаверган. Аслида ПФЛ бундай ишларни назорат қилиши керак эди.

Шу билан биргаликда, футболчилар, мураббийлар ва клублар ҳам ўз ҳақини талаб қилишни ўрганиши керак. Оғзаки ваъдалар, ҳаводаги гаплар ҳамма жойда бор. Уларга ишониб, шартномага имзо чекишни оқлаб бўлмайди. 2019 йилги мавсумдан бошлаб ПФЛ барча учун бир турдаги шартномаларни жорий қилади. Томонлар шартнома шартларини ўзаро келишиб олиши ва унга қўшимча бандлар киритиши мумкин. Бироқ ундаги масалалар тартибли бўлиши шарт. Йўқса, ўз ишини яхши билмайдиган кишилар томонидан шу қадар кулгули шартномалар тузилганки, уларнинг ечимини топиш ҳам анчагина мушкул. Эндиликда бу каби ишларга йўл қўйиб бўлмайди.

Бундан-буён 2018 йилдан қарздорлиги қолиб кетаётган футболчилар ва мураббийлар, 2019 йилги мавсум учун имзо чекмайди. Кўтарма пуллар масаласи эса ПФЛ томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Яқин орада бундай пуллар футболчини етиштириб берган мураббий ҳамда мактаблар учун сарф этилиши борасида қарор чиқиши катта эҳтимол. На футболчи, на мураббий ва на бирор-бир раҳбар ҳали кўрсатилмаган натижаси учун тайёр пул олмайди. Ойлик, мукофот пуллари масаласида клублар ва футболчилар ўзаро келишиб олиши мумкин. Зеро ютуқ учун бериладиган мукофотни тўғри тушунса бўлади. Йил бошида юз миллионлаб пулни ўзлаштириб оладиган футболчидан эса яна қандайдир мотивация кутиш мантиқсиз. Ўз навбатида ҳар қандай мукофотда ҳам меъёр бўлиши лозим. Клублар қачонки хусусий бўлса, пулни ўзи истаганича сарф этавериши мумкин. ЎФА ва ПФЛ ўша меъёрни ҳам кўрсатиб беради.  

 

Шикоят қандай тартибда бўлади?

Футболчилар, мураббийлар ёки клубнинг бошқа ишчи-ходимлари бирор муаммо ёки можаро юзасидан ЎФАнинг Футболчиларнинг ўтиши ва мақоми бўйича қўмитага мурожаат қилиши мумкин. Агар мавжуд масала бўйича чиқарилган қарордан норозилик юзага келса, даъвогар ЎФАнинг Апелляция қўмитасига мурожаат билан чиқади. Иш шу зайлда ФИФАга қадар етиб бориши ҳам мумкин. Ўз навбатида ФИФА ҳам бу каби ишлар албатта Спорт арбитраж судлари орқали ҳал этилишини талаб қилади. Яъни, футбол ишига бошқа органлар аралашмаслиги учун ҳаракат қилади.

ЎФА Ўзбекистон ички чемпионатида юз бераётган муаммолар ФИФАга қадар етиб боришидан манфаатдор эмас. Бу ташкилот имиджига таъсир кўрсатмай қолмайди. Маълумки, бир қатор клублар легионерлар билан ишлаш тартибини билмаган ва иш ФИФАга қадар етиб борган. Эндиликда легионер футболчилар билан шартнома тузиш тартиби масаласи ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Яъни, клублар аввал академиясини қуради, кейин майдонини тартибга келтиради ва ундан кейингина легионерга бўйин чўзади. Ўзининг молиявий манбалари ва нормал инфратузилмасига эга бўлмаган клубнинг қуруқ савлати мамлакат футболини ривожлантириб қўймайди. Айни вақтда ҳукумат футболни қўллаётганидан келиб чиқиб, биз футбол академиялари ва умуман инфратузилмани сифатли кўринишга келтириб олишимиз шарт. Хориждан келаётган ва аслида маҳаллий футболчилардан бир бош устун бўлмаган легионер учун сарф этилаётган пуллар эса шунчаки ҳавога учаётгандек таассурот уйғотмаслиги шарт.

 

Диққат

Футболчилар, мураббийлар ёки клублар ички ишлар органлари, судлар ёки прокуратурага мурожаат қилган тақдирида, ЎФА ортиқ бу иш билан шуғулланмайди. Чунки юқоридаги органлар мақоми жиҳатдан ЎФАдан юқори туради. Демак, иш мана шу органларда очилса, фақатгина уларда ёпилади. Буни фаолиятини футбол билан боғлаган ҳар қандай шахс билиши шарт.

Ўз навбатида ЎФА ҳам ўз ваколати доирасига кирмайдиган ишлар масаласини айнан юқоридаги органлар ҳукмига ҳавола этади. “Ифтихор” клуби футболчилари билан бўлган масала бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин. 

Юқоридагиларни тўғри тушунишингиздан умидвормиз. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур соҳа вакилларининг футболдаги ҳуқуқ ва эркинликлари паймол этилишига йўл қўймайди. Шу билан биргаликда футбол ичидаги ҳар қандай масалани назорат қилади. Бундан буён ҳар қандай клуб ва унинг раҳбари ўзи билгани бўйича иш кўра олмайди. Ҳар қандай қарор ва ҳаракат аввало клуб, шу орқали мамлакат футболи ривожи учун хизмат қилиши шарт.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 12:41, 27.06.2018.
Ўқилди: 2795 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.