Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Азиз Ҳайдаров: «Ҳали ҳеч ким «термадан кет», демади»

Баҳо:
+ | -

Тажрибали таянч ярим ҳимоячиси Азизбек Ҳайдаров мавсумлар оралиғидаги таътилни Тошкентда, оила аъзолари даврасида ўтказяпти. Етти йилдан буён БАА чемпионатида тўп сураётган футболчимиз ўтган давр мобайнида Амирликларда катта обрўга эга бўлиб улгурди.

Олти йил давомида «Ал-Шабаб» клуби шарафини ҳимоя қилган Ҳайдаров ўтган йили жамоасини алмаштириб, «Ажман» таркибига қўшилди. Унинг янги клуби 12та жамоа иштирок этадиган БАА Про-лигасида 26 очко билан 8-ўринни эгаллади. «Ажман» 22та ўйиннинг еттитасида ғалаба қозонди.

Бешта учрашувда дуранг қайд этиб, роппа-роса 10та баҳсда мағлубият аламини тотиб кўрди. Чемпионат якунланиши билан ҳамюртимизнинг «Ажман» билан имзолаган шартномаси ҳам тугади. Ҳозирча Ҳайдаровнинг янги мавсумни қайси жамоада бошлаши аниқ эмас.

Шунингдек, термадаги фаолияти ҳам мавҳум бўлиб турибди. Янги мураббийлар штаби тажрибали ярим ҳимоячининг хизматларига эҳтиёж сезадими, йўқми, буниси ҳам бизга қоронғу. Биз айнан шу мавзулар юзасидан Азизбек Ҳайдаровдан интервью олдик.

- Азизбек, мавсумлар оралиғидаги таътил қандай давом этяпти? Оила аъзоларингиз даврасидами ёки хорижда ҳордиқ чиқаришни афзал билдингизми?

- Таътилни Тошкентда, оила аъзоларим даврасида ўтказяпман. Лекин шу билан бирга машғулотларни ҳам канда қилмаяпман. Олти кун давомида «Бунёдкор» жамоаси машғулотларида иштирок этдим. Бундан ташқари, спорт формамни ушлаб туриш мақсадида ўзим ҳам индивидуал тарзда шуғулландим. Бу жараён ҳозир ҳам давом этяпти.

- Таътил қачонгача давом этади ва кейинги режалар қандай?

- Бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Ҳаммаси фаолиятимни қайси клубда давом эттиришимга боғлиқ. Тез кунда бу масалага ойдинлик киритиб оламиз.

- Адашмасам, «Ажман» билан бир йиллик шартнома имзолаган эдингиз. Келишувни узайтириш ҳақида ўйлаяпсизми ёки клубингизни алмаштирасизми?

- Жамоа билан амалда шартномам бор эди. Лекин клуб раҳбарияти мен билан алоқага чиққани йўқ. Афтидан, шартномани узайтиришни исташмади. Мени таажжубга солгани, шу нарсани очиқ айтишмаяпти.

Худди шундай ҳолат жамоамизнинг бошқа легионерлари билан ҳам юз берган. Мен бошқа хорижлик футболчилар билан ҳам гаплашдим. Менимча, клубга янги легионерлар келади.

- Клуб раҳбарияти жамоанинг ўтган мавсумдаги иштирокини қандай баҳолади? Йиғилиш ўтказилдими?

- Жамоа олдига қўйилган вазифа Про-лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш эди. Бу вазифани чемпионат якунланишига 7та тур қолганида ҳал қилиб бўлгандик. Чемпионатни 8-ўринда тугатдик. Ишончим комил, «Ажман» мутасаддилари хоҳлаган ва кутганидан ҳам яхшироқ натижа қайд эта олдик.

Сўнгги тургача жамоа раҳбарлари, мураббийлар, умуман, ҳамманинг кайфияти чоғ эди. Чемпионатнинг охирги учрашувида дуранг ўйнадик. Лекин ҳафсалимизни пир қилган нарса, раҳбарият ва мураббийлар штаби биз билан мавсум якунлари бўйича суҳбатлашмади.

Ортда қолган мавсумдаги иштирокимиз муҳокама қилинмади. Афтидан, улар мавсум бошида берган ваъдаларини бажаришга қўр-қишди. Биз - футболчилар зиммамизга юклатилган вазифани уддаладик. Лекин раҳбарлар охирида яхши иш қилишмади. Майли, биз легионермиз, шахсан ўзим «Ажман»даги бир йиллик фаолиятимдан хурсанд бўлдим.

Менга берилган имкониятдан яхши фойдаландим. Мураббийлар ҳам ўйинимдан қониқиш ҳосил қилишди, деб ўйлайман. Чунки улар буни ўзаро суҳбатларимизда ҳам айтишганди. Шунчаки, охирги палладаги муносабат нафақат менга, балки бошқа футболчиларга ҳам ёқмади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам очиқ юз билан хайрлашиш керак эди. Сабаби, биз шунга лойиқ ўйин кўрсатгандик. Чемпионат якунланишига 5-6 тур қолган бир пайтда шартномани узайтирамиз, дейишганди. Аммо бу ваъдалар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолди.

Майли, мен уларни ваъдасида туришга мажбурламайман. Лекин ҳеч қандай муносабатсиз футболчилар билан хайрлашишни оқламайан. Шундай бўлсада, клубда қолган жамоадошларимга омад тилайман. Янги мавсумда бундан ҳам юқори ўринларни эгаллашсин.

- Шахсан ўзингиз якунланган мавсум ҳақида нима дея оласиз? Бир йиллик фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими ёки барибир, ёш ўз таъсирини, ҳукмини ўтказишни бошладими?

- Юқорида айтганимдек, клуб раҳбарияти, мураббийлар ва футболчиларнинг ўтган мавсумдан кўнгиллари тўлди. Олдимизга қўйилган вазифа ортиғи билан бажарилди. Ўзимга реал баҳо бера олмайману, лекин ўйинимдан кўнглим тўлди, дея оламан. Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчига холис баҳони мухлислар беришади.

«Ёш ўз таъсирини ўтказа бошладими?» деган саволингизга «Йўқ», деб жавоб бераман. Чунки ҳозир 32 ёшдаман ва бу футболчининг айни кучга тўлган даври ҳисобланади. Ҳали БАА, Қозоғистон ва ўзимизнинг клубларда бемалол ўйнай оламан. Таклифлар ҳам йўқ эмас.

Шукрки, оёғим бутун, миям ишлаб турибди. Майдондаги фикрлашим ҳам жойида. Шундай экан, ҳали спорт формам талаб даражасида ва бутсаларимни михга илишга анча бор. Озод агент эканлигимни айтдим. Мени ўз сафида кўришни истаган жамоалар билан мулоқотга тайёрман. Ўзим ёки агентларим билан боғланиб, музокара олиб боришлари мумкин.

- Фаолиятингизни БААда давом эттириш имконияти кўпроқми ёки Ўзбекистон чемпионатида?

- Бу нарсани аниқ айта олмайман. Қайси клубдан менга ҳар томонлама қулай ва яхши шартнома таклиф этилса, ўшани танлайман. У БААдан бўладими ёки Ўзбекистон жамоасими, бунинг аҳамияти йўқ. Ҳозир эркин агентман ва табиийки, таклифларни кўриб чиқишга тайёрман.

- Яқинда Александр Гейнрих Қозоғистон клубида раҳбар лавозимида иш бошлади. Сиз ҳам етти йилдан бери БААдасиз. Балки сизда ҳам кейинчалик Амирлик клубларидан бирида ишлаш режаси бордир?

- Очиғи, ҳали бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Футболчилик фаолиятим камида 3-4 йил давом этади. Гейнрихга келсак, унда Қозоғистон клубида раҳбарлик лавозимида ишлаш учун барча сифатлар бор. Биринчи галда рус тилини мукаммал билиши. Иккинчидан, менга ўхшаб ўз жамоасида бир неча йил ўйнади.

Клуб тизими, ички сир-асрорларни жуда яхши билади. Кейин у футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг бу ишга ўтди. Менда ҳали бир неча йил футболчи сифатида тўп суриш имконияти бор. Эҳтимол, кейинчалик мен ҳам БААда ишларман. Лекин бунинг учун юқорида айтганимдек, араб тилини мукаммал тарзда билишим ва арабларга хос психологияни ўзлаштириб олишим керак.

Ҳозирги ҳолатдаги билимларим БАА клуби тизимида раҳбарлик лавозимида ишлаш учун камлик қилади. Ўйлайманки, орадан йиллар ўтиб, бу мавзуга яна қайтамиз.

- Ўзбекистон олий лигаси эндиликда Суперлига деб юритилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, чемпионатимизда фақат ном ўзгардими ёки ўйин сифатида ҳам ўсиш кўзга ташланяптими?

- Биринчи галда Суперлига ўйинларининг барча тур учрашувлари тўғридан-тўғри «Спорт» телеканали орқали намойиш этилаётганини алоҳида эътироф этиш даркор. Бу мухлислар учун ажойиб совға бўлди. Фақат ном эмас, чемпионатнинг ўзида ҳам ижобий томонга ўзгариш кузатилди.

Сафарга отланган жамоалар уйга қандай натижа билан қайтишларини билишмаяпти. Умуман, ҳеч ким кутмаган натижалар кузатилмоқда. Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган жамоалар ҳам грандларни мағлуб этишяти. Аксинча, етакчи клубларимиз ўз майдонларида очко йўқотишяпти.

Бу эса стадионга мухлисларнинг яна қайтишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, чемпионатнинг янги форматда ўтказилаётганини ҳам қўллаб-қувватлайман. Шахсан менга маъқул келди. Иккинчи босқичда олтита жамоанинг барида чемпион бўлиш учун имконият сақланиб қолади.

- Терма жамоамиздаги ўзгаришлар ҳақида нима дейсиз? Сенегал, Марокаш, Уругвай ва Эрон терма жамоаларига қарши кечган ўйинлар хусусидаги фикрингиз ижобийми?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:15, 29.06.2018.
Ўқилди: 5695 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.