18 август - 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мусобақа старт олишига роппа роса 50 кун қолганида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қитъанинг ушбу нуфузли мусобақага оид қизиқарли фактларни тақдим этади.
Ўйинлар пойтахт Жакарта ва у ердан 1000 км узоқликда жойлашган Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтади. Тантанали очилиш маросими Жакартадаги "Gelora Bung Karno" стадионида ўтказилади. Индонезиядаги Осиё ўйинларининг ташкилий қўмитаси (INASGOC) раҳбари Эрик Тохир мусобақа давомида спортчиларга барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилди.
"Биз нафақат Индонезия аҳолисини, балки бутун Осиёни қамраб олмоқчимиз. Улар учун қулай шароитлар яратиш, чипталар олиш борасида енгилликлар бериш ҳам шулар жумласидандир. Спортчилар ушбу мусобақанинг энг асосий меҳмонларидир. Улардаги шароит - транспорт, хавфсизлик, овқатланиш энг яхши бўлиши лозим. Ташкилий қўмита ўз олдига биринчи навбатда ушбу вазифаларни бажаришни мақсад қилиб қўйган", - деди Эрик Тохир.
Маълум бўлишича, ташкилий қўмита чипта сотиш бўйича KiosTix халқаро агентлик билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўйинлар учун 1,3 миллион чипта сотилиши режалаштирилган. Энг арзон чипта нархи 30 000 рупий (2 АҚШ доллари), ўртачаси 100 000 рупий (7 АҚШ доллари) этиб белгиланган. Ушбу нарх орқали ташкилотчилар иложи борича кўпроқ томошабинларни қамраб олмоқчилар. Чипталарни супермаркет, дўкон, банкларда ва KiosTix тизими орқали онлайн тартибда харид қилиш мумкин бўлади. Чипталар сотуви 30 июнь куни бошланади.
Хавфсизлик масаласида муаммолар бўлмайди. INASGOC бу борада 2016 йилдан буён мамлакат қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Осиё ўйинлари давомида 36 000 нафарга яқин хавфсизлик хизмати ходимлари иш олиб борадилар.
Бугун, 29 июнь куни ўйинларнинг медаллар жамланмаси намойиш этилди. Жакартада спортнинг 40 туридан 67 йўналишда, 463 мусобақа ташкил қилинади. Осиё ўйинлари давомида 4 066 медаль ўз эгасини топади.
Ўзбекистон ушбу спорт байрамида катта делегация билан иштирок этишни режалаштирмоқда. Мамлакатимиз мусобақада ўзининг энг кучли спортчилари билан қатнашади. Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни ҳақидаги маълумотларни Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтида кузатиб боришингиз мумкин бўлади.
Бугунги кун ҳолатига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган 29та спорт турида иштирок этишни режалаштирилмоқда. Беллашувларда 260дан ортиқ спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, 100дан ортиқ расмий шахслар (мураббий, шифокор, менежер, ОАВ ходимлари) ҳам мусобақада фаолият олиб боришади.