Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Суперлига мақсади йўлидаги «Динамо»

Баҳо:
+ | -

Про-Лига мавсумининг дастлабки ярми якунига кўра, «Динамо» жамоаси кўзланган ўринни банд эта олмаган бўлсада, клуб йил якунига кўра Суперлигага чиқиш учун ҳозирданоқ ҳар тарафлама жиддий тайёргарликлар кўрмоқда.

“ЯНГИЛАНГАН” СТАДИОН

Қайд этиб ўтиш жоиз, жорий мавсум олдидан Суперлига клублар сонини қисқартириши натижасида ЎФА ва ПФЛ клубларни жиддий назоратдан ўтказишди. Натижада аксарият клублар сингари “Динамо” Про-Лигага тушганди. Ўшанда клуб олдига бир қатор талаблар қўйилиб, улардан асосийси стадион ёритиши тизимини янгилаб, аренани барча талабларга мос ҳолатга келтириш эди. Сўнгги марта 2011 йилда реконструкция қилинган Самарқанд вилоятининг бош стадиони “Динамо” орадан 7 йил ўтиб, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев қарорига кўра, янгича қиёфа касб этди. Стадионга янги замонавий рақамли катта экран ўрнатилиб, ўйингоҳ ўриндиқлари янгиланди, стадион ичида ҳам реконструкция ишлари олиб борилди. Энг асосийси, стадионга қарийб 1200 люксга тенг қўшимча ёритгичлар ўрнатилди. Қисқа қилиб айтганда, “Динамо” стадиони шай ҳолатга келтирилди.

“ДИНАМО” ЎЗГАРИШЛАР АРАФАСИДА

Про-Лига иккинчи даврасидан кейин жамоа бош мураббийи ва клуб бош менежери Илҳом Шарипов таклифи билан «Динамо» жамоаси сафида бир қатор ўзгаришлар кузатилди.

ПФЛ 18 июндан янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга рухсат бергач, “Динамо” таркибига 5 нафар янги футболчи - Акмал Холмуродов (“Сўғдиёна”), Аббосбек Жумақулов, Суҳроб Иззатов (“Бунёдкор”), Павел Пуришкин (“Металлург”) ва Дилмурод Каримовлар (“Сўғдиёна”) келиб қўшилди ва улар билан 2019 йил якунига қадар шартнома имзоланди.

Давралар оралиғида эса “Динамо” яна уч футболчи – Аваз Агалиев (“Нефтчи”), Шерзод Жалилов (“Сўғдиёна”) ва Отабек Нарзуллаев (“Шўртан”) сингари футболчилар билан 1,5 йиллик – 2019 йил якунигача шартнома имзолади.

Шу билан бирга яна бир қатор футболчилар билан ўзаро шартномалар бекор қилинди. Жумладан, Муйдин Мамазулумов, Зоҳир Қўзибоев, Акмал Бозоров, Азиз Суюнов, Рустам Тоштурдиев сингари футболчилар билан расман дўстона хайрлашилди. Ёш ҳимоячи Ҳумоюн Толибов эса “Шердор” клубига ижарага берилди. Амиржон Сафаров эса Қаршининг “Насаф” клуби эътиборига тушгач, “Динамо” уни ижарага берди.

“СУПЕРЛИГА УЧУН ОХИРИГАЧА КУРАШАМИЗ”

Мавсумнинг дастлабки қисми омадсизлик билан бошлангач, клуб раҳбарияти бош мураббий лавозимига жамоанинг собиқ футболчиси Даврон Файзиевни таклиф этди. Ушбу мутахассис давралар оралиғида жамоа таркибини кучайтириб, Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бора оладиган рақобатдош жамоани ташкил этишни мақсад қилган.

“Бир қатор жамоалар сингари иккинчи даврадан кейин жамоа сафида жиддий ўзгаришларга қўл урдик. Жамоани тарк этган жами 10 га яқин футболчилар ўрнига ўйинимизни кучайтирадиган янги ўйинчиларни жалб этаяпмиз. Хусусан, Акмал Холмуродов, Павел Пуришкин, Дилмурод Каримов, Аваз Агалиев, Отабек Нарзуллаев, Шерзод Жалилов сингари тажрибали футболчилар, Аббосбек Жумақулов, Суҳроб Иззатов каби иқтидорли ёшлар ўйинимизни кучайтира олишига ишонаман.

Янгиланган таркибимиз билан мавсумнинг иккинчи қисмига жиддий тайёргарлик кўрамиз. Хусусан, 9-20 июль кунлари Чимён тоғли ҳудудида йиғин ташкил этиб, жамоанинг жисмоний ҳолатини яхшилаймиз. Кейин эса августга қадар Тошкентда 3-4 та назорат ўйинлари ўтказиб, учинчи даврага шай ҳолатда бўлишимиз лозим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, “Динамо”дан ҳужумкор, жанговар ўйин кутиб, Суперлига йўлланмаси учун охиригача курашишни мақсад қилганмиз” – дейди “Динамо” клуби бош мураббийи Даврон Файзиев.

ФУТБОЛЧИЛАР БЎЙИЧА КЛУБ СИЁСАТИ

Албатта, жамоа таркибида катта ўзгаришлар бўлаётгани, хусусан, «футболчиларнинг келиб-кетиши жамоанинг молиявий ҳолатига салбий таъсир этмайдими?» қабилидаги саволлар янграши табиий.

Қайд этиш жоиз, бу борада “Динамо” клуби жиддий иш олиб бормоқда. Хусусан, жамоа футболчилари билан тузилган шартномаларда футболчиларнинг белгиланган шартнома муддати давомида “Динамо” жамоасининг 70 % ўйинларида майдонга тушишлари шарт. Акс ҳолда клуб ҳисоб-китоб қилинаётганда ўйинчиларнинг ўйин статистикасига қараб, молиявий жаримага тортиш ҳуқуқига эга. Хусусан, натижалар салбий кўриниш олгани боис, шартномага мувофиқ, мавсумнинг дастлабки ярмида жамоада етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаган ва якунда клубни тарк этган бир қатор футболчилар билан ҳисоб-китоб қилинаётганда инобатга олинди. Қолаверса, жамоа аъзолари билан ҳам қатъий тартибда ишлар олиб борилди.

ЎФА ВА ПФЛ ЭЪТИРОФИ

Ўзбекистон Профессионал Лигаси давралар оралиғида Суперлига ва Про-Лига клублари учун трансфер ойнаси очилганлигини эълон қилар экан, “Динамо” жамоасини алоҳида эътироф этди. “18 июнь куни ёзги трансфер ойнаси расман очилган. Бу вақтга келиб бир қатор клубларда катта ўзгаришлар бўлади. Яъни, айрим футболчи ва мураббийларга жавоб бериб юборилади. Ўз навбатида ПФЛ ҳам клуб билан хайрлашаётган футболчилар ҳақидаги ҳисоботни клублардан талаб қилиб олади. Яъни, қарздорлиги бор клубга трансфер ойнасидаги ўзгаришлар учун рухсат этилмайди. Шундан келиб чиқиб, янги футболчилар масаласида ПФЛга келишдан олдин, аввал эскилар билан ҳисоб-китоб қилингани борасидаги ҳужжатлар тақдим этилиши шарт. Ҳозирга қадар биргина “Динамо” клубида бу борада қарздорлик ҳолати йўқлиги боис, янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди” – дея ёзади ПФЛ матбуот хизмати.

Дарҳақиқат, бугунга келиб Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Туробжон Жўраевнинг сайъ-ҳаракати эвазига вилоятнинг бош жамоаси “Динамо”га ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, вилоят футболи ривожи учун катта ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд вилоят футбол федерациясининг вилоят бўйлаб ўтказаётган қатор турнирлари, режалаштирилган нуфузли турнирлар бунга далолат. Шунингдек, орадан 3-4 йил ўтиб, ниҳоят Самарқанддан фақат “Динамо” эмас, шаҳарнинг яна бир клуби “Шердор” жамоаси ҳам Про-Лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди ва ҳозирда самарқандлик маҳаллий ёшлар билан яхши натижаларга эришмоқда.

Шу билан бирга муҳтарам президентимиз имзолаган қарорга кўра, тез орада кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда ҳам илк футбол академияси ташкил қилиниши вилоят футболи ривожи сари қўйилган энг муҳим пойдевор ва дадил қадам бўлишига ишонамиз.

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 16:31, 05.07.2018.
Ўқилди: 2743 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.