Англия премьер лигаси 1-тури доирасидаги бугунга белгиланган охирги учрашув ўз поёнига етди.
«Молине Стэдиум» ўйингоҳида кечган баҳсда Англия элитасига қайтган «Вулверхэмптон» «Эвертон»ни қабул қилди.
Учрашув дастлабки дақиқалариданоқ шиддаткор тарзда бошланди ва жамоалар галма-гал ҳужумлар билан мухлисларни ҳаяжонда ушлаб туришди. Мезбонлар юқори иштиёқ билан ҳаракатланган бўлишса, ливерпулликлар тажрибаларига таянган ҳолда нисбатан тежамкорроқ футбол кўрсатишди.
Шундай бўлсада биринчи голни айнан меҳмонлар киритишди. Аниқроғи, 17-дақиқада бурчакдан етказиб берилган тўпдан сўнг жарима майдони ичида чаққонроқ ҳаракат қилган Ришарлисон ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
Мазкур голдан сўнг ўзига ишончи ортган «Эвертон» ишончли ўйини билан ажралиб турганди, бироқ, 40-дақиқага келиб жамоанинг тажрибали ҳимоячиси Фил Жагелка тўпни тўхтатишда қўпол хатога йўл қўйди ва ўз хатосини тузатиш пайида рақибга нисбатан жиддий ташланди. Мазкур вазиятда ҳакам меҳмонлар вакилини майдондан четлатди.
Айнан шу вазиятда юзага келган стандарт вазиятни Рубен Невеш ажойиб тарзда ижро этиб, жуда чиройли гол билан ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим шундай воқеалар билан якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам худди биринчиси каби жамоаларнинг галма-гал ҳужумлари остида кечди. Айрим дақиқаларда «Вулверхэмптон» устунлик қилса, айрим дақиқаларда бир киши кам бўлишига қарамай «Эвертон» яхшироқ ҳаракат қилди.
Ҳисоб эса 67-дақиқага келиб ўзгарди. Тосун ва Ришарлисон комбинацияси бразилиялик ёш футболчининг дубли билан якунланди.
Аммо элитанинг янги меҳмонлари ирода кучини яна бир бор намойиш этиб, бу голга ҳам жавоб қайтаришди.
80-дақиқада Рубен Невешнинг идеал пасини Рауль Хименес боши билан дарвозага жойлаб қўйди.
Шу тариқа ҳар икки жамоа мавсум стартини биттадан очко билан бошлашди.
АПЛ. 1-ТУР
ВУЛВЕРХЭМПТОН – ЭВЕРТОН 2:2 (1:1)
11 август, «Молине Стэдиум»
Голлар: 0:1 – 17 Ришарлисон, 1:1 – 44 Рубен Невеш, 1:2 – 67 Ришарлисон, 2:2 – 80 Хименес.
Вулверхэмптон: Руй Патрисиу, Коуди, Боли, Кастро (Рубен Винагре, 76), Беннетт, Диогу Жота, Моутинью (Гиббс-Уайт, 85), Элдер Кошта (Лео Бонатини, 71), Рубен Невеш, Доэрти, Хименес.
Эвертон: Пикфорд, Жагелка, Бейнс, Коулмэн, Кин, Сигурдссон (Холгейт, 43), Гуйе, Уолкотт, Шнайдерлин, Ришарлисон (Динь, 86), Тосун (Ньяссе, 81).
Огоҳлантириш: Ришарлисон (14).
Четлатиш: Жагелка (40).