Кеча «Насаф» Суперлиганинг 21-тур учрашувини ўз майдонида «Бунёдкор» жамоасига қарши ўтказди.
Учрашув «Пахтакор-79» хотирасини ёдга олиш билан бошланди. «Пахтакор-79» хотирасининг ҳурмати учун бир дақиқалик сукут сақланди.
Учрашувни жамоамиз ҳужумкор руҳда бошлади. Гол уриш учун имкониятлар ҳам бўлди.
Учрашувнинг 27-дақиқасида «Бунёдкор» жамоаси ҳисобда олдинга ўтиб олди. Бунда мезбон ҳимоячилар қўпол хатога йўл қўйишди, бу вазиятдан Шахзодбек Нурматов унумли фойдаланди – 0:1.
Учрашувда ҳисоб ўзгаргандан сўнг, “Насаф” яна ташаббусни ўз қўлига олди. Яна кетма-кет ҳужумлар, яна самарасиз якун. Хуллас биринчи бўлимда “Насаф” майдонда устунликка эришган бўлсада, бу ҳисобда акс этмади. Биринчи бўлим «Бунёдкор» жамоаси фойдасига ҳал бўлди.
Иккинчи бўлим “аждарлар” учун драматик тарзда кечди. Аввало ҳимояда яхши ҳаракат қилаётган ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаев жароҳати туфайли мажбуран алмаштирилди.
Учрашувнинг 58-дақиқасида ҳисоб тенгглашиши мумкин ва ўйин тақдири бошқачароқ кечиши ҳам мумкин эди. Афсуски «Бунёдкор» дарвозаси томон белгиланган пеналтини Шароф Муҳитдинов голга айлантира олмади.
Иккинчи бўлимнинг 64-дақиқасида Мақсуд Каримов рақиб футболчига қўполлик қилгани учун иккинчи марта огоҳлантирилиб, майдондан четлатилди. Айнан мана шу қоида бўзилиши сабаб, белгиланган жарима тўпи орқали ўйинда иккинчи гол урилди. Голга Дилшод Жўраев муаллифлик қилди.
Учрашувдаги учинчи гол ҳам «Бунёдкор» томонидан 81-дақиқада киритилди. Шаҳзодбек Нурматов дубль муаллифига айланди. Албатта, бу ҳисоб “Насаф”ни руҳини анча тушириб юборди. 85-дақиқада ҳисоб янада йириклашди. Жавлон Иброҳимов ҳимоядаги йўл қўйилган хатолардан унумли фойдаланиб, ҳисобни 0:4га ўзгартирди.
Аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётган бир пайтда, “Насаф” стандарт вазиятга эга бўлди. Иккинчи бўлимда майдонга тушган Бобир Давлатов жарима тўпини чиройли тарзда амалга оширди ва ҳисобни қисқартирди – 1:4.
Шундай қилиб, “Насаф” ўз Қаршида йирик ҳисобда мағлубиятга учради ва кучли олтиликка кириш имкониятини бутунлай йўққа чиқарди.
Энди қаршиликлар биринчи босқич сўнгги тур учрашувини сафарда «Пахтакор» жамоасига қарши ўтказади. Учрашув 18 август куни бўлиб ўтади.
Суперлига. 21-тур
«Насаф» – «Бунёдкор» 1:4 (0:1). 3146 томошабин
Бош ҳакам: Зокир Қодиров
Қанот ҳакамлари: Руслан Самандаров, Обид Жумаев
Захира ҳаками: Исхақ Ибрагимов
Назоратчи: Ноил Лутфуллин
Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев.
Голлар: Бобир Давлатов, 90+3’-1:4 - Шаҳзодбек Нурматов, 27’-0:1, 81’-0:3, Дилшод Жўраев, 65’-0:2, Жавлон Иброҳимов, 85’-0:3
Амалга оширилмаган пенальти: Шароф Муҳитдинов (58)
«Насаф»: 35.Санжар Қувватов, 4.Мақсуд Каримов (с), 5.Ғолиб Ғайбуллаев (18.Бобир Давлатов, 46), 9.Амиржон Сафаров, 14.Шароф Муҳитдинов, 15.Дилшод Саитов, 20.Ислом Кенжабоев (52.Шерзод Темиров, 72) 27.Ислом Рашидхонов (28.Хуршидбек Мухторов, 73), 31.Сайдулло Раҳматов, 38.Акмал Мозговой, 92.Умарбек Эшмуродов.
Захира: 1.Умиджон Эргашев, 65.Машҳуржон Муҳаммаджонов, 2.Сардор Садуллаев, 3.Илҳомжон Алижонов, 30.Худоёрхон Сагдуллаев, 34.Шерзод Насруллаев.
«Бунёдкор»: 32.Суҳроб Султонов, 5.Дилшод Жўраев, 6.Анвар Ғофуров, 7.Дилшод Аҳмадалиев, 8.Жавлон Иброҳимов (с), 9.Шаҳзодбек Нурматов, 11.Мурод Тошматов (13.Санжар Қодирқулов, 52), 18.Сардор Собирхўжаев, 20.Мирғиёс Сулаймонов, 44.Миржамол Қосимов (15.Фарруҳ Икромов, 60), 77.Азиз Ҳайдаров (10.Абдулла Абдуллаев, 67).
Захира: 25.Муроджон Зуҳуров, 14.Миржаҳон Мираҳмадов, 16.Жасурбек Жалолиддинов, 21.Расул Юлдашев, 62.Жаҳонгир Абдусаломов.
Огоҳлантириш: Мақсуд Каримов (61) – Миржамол Қосимов (53), Мирғиёс Сулаймонов (90+3).
Четлатиш: Мақсуд Каримов (2СК, 64).