Индонезияда давом этаётган Осиё ўйинларининг ўн иккинчи куни ҳам якунига етди. Бугун ўзбекистонлик спортчилар жами 8 та медальни делегация ҳисобига қўшиб қўйдилар.
Жумладан, каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда Дилноза Раҳматова/Нилуфар Зокирова тандеми маррага иккинчи бўлиб етиб борди ва кумуш медални қўлга киритди.
Эшкак эшиш бўйича яна бир спортчи Вадим Меньков Осиё ўйинларининг тўрт карра чемпионига айланди.Вадим маррага биринчи бўлиб етиб борди ва якунда мусобақа ғолибига айланди.
Бу Вадим учун Осиё ўйинларидаги тўртинчи олтин бўлиб, бунгача у Доха, Гуанчжоу ва Инчхонда ўтказилган Осиё ўйинларида чемпион бўлган. У бундай натижага эришган биринчи ўзбек спортчиси бўлди.
Шундан сўнг эшкак эшувчилардан яна битта медаль қўлга киритилди. 1000метрга жуфтлик баҳсларида стартга чиққан Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳруҳбек Аъзамов маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлдилар.
1000 метрга каноэда эшкак эшган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги маррага учинчи бўлиб етиб борди ва бронза медали билан тақдирланди.
Куннинг иккинчи ярми ўзбек курашининг жаҳондаги тантанаси билан бошланди.Яъни, Кумуш Юлдашева Осиё ўйинларида Ўзбекистон ҳисобига 14-олтин медални тақдим этди. Бу курашчиларнинг Осиё ўйинларидаги ўнинчи медали бўлди.
Шундан сўнг, яна курашда ўзбекча финал бўлиб ўтди.Шермуҳаммад Жандреев ватандоши Яҳё Имомовни мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди. Яҳё Имомов эса кумуш медаль билан чекланди.
Шунингдек, бугуннинг энг охирги медалини дзюдо бўйича Гулноза Матниязова олди. У бронза медали учун баҳсда хитойлик Я Жуни мағлуб этиб Ўзбекистон делегациясига 53-медални тақди этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон спорт терма жамоаси Осиё ўйинлари-2018 мусобақасининг ўн иккинчи кунида жами 8 та медални ҳисобига “+” қилди. Уларнинг 3 таси олтин, 2 таси кумуш ва яна 3 таси бронза ҳисобланади.
Ўзбекистон спорт терма жамоаси умумий рўйхатда бир ўринга кўтарилиб, 6-ўринга чиқди. Рўйхатнинг кучли учлигини яна Хитой (241 та медаль умужамоа ҳисобида), Япония (174) ва Жанубий Корея (141) эгаллаб турибди.