Ҳайдаров Таиланд ёшларини 1:0 ҳисоби билан ютган ўйиндан кейин матбуот анжуманида бундай деган экан. “Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. Таиланд ҳам кучли рақиб эди. Кейинги ўйинга таркибни шундай учрашув орқали, тайёрлашни мақсад қилдик”. Ҳайдаров гуруҳ жадвалида ҳеч нарсани ўзгартирмайдиган, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган ўйинни ҳам жуда муҳим деб ҳисоблар экан.
ТИРҚИШДА ЁТГАН ҲАҚИҚАТ
Нима демоқчиман? Мавзуни давом эттириш олдидан Равшан айтган сўзларни келтирдим. Нима учун? Мен “финал” гапларим олдидан ёзган аввалги мақоламни муқаддима деб, мавзуга кириш қисми деб биламан. Бироқ, биринчи мақоламни шунчаки ёзиш учун ёзилган деб билманг. Ҳайдаров ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда ҳам жиддий вазифаларни кўзлаб йигитларни майдонга туширган эди. Мен-чи? Мен ҳам ўз баёним билан “гол” уриш учун матбуот майдонига тушган эдим. Ҳар бир мақолам мен учун “финал” олдидан “финал” мавзу бўлиб қолмоқда. Мени Ўзбек футболи билан манфаат ё фойда, ё лавозим, ё мансаб боғлаб тургани йўқ. Мени футболимиз билан телбавор, жавобсиз муҳаббат боғлаб турибди. Жавобсиз дедим. Суйганим менга, яъни ўз мухлисига орқа ўгирган экан, борини мендан яширар экан, муҳаббатим жавобсиз қолмоқда-да. Мендан футбол ичидагилар ўз ҳаётини яширмоқда? Мени ўзига бегона тутмоқда? Бизга ўз ҳаётини ишқибоздан яширмаётган “МЮ” яқинроқ, суюкроқ бўлиб қолган. “Арсенал”нинг йиллик буджетини биламиз. “Пахтакор” буджетини билмаймиз. Бизни шундай ёш бола қилар эканлар, “Пахтакор” билетини текин қилгани устига дош қозонда ош дамлаб тарқатсаям ҳеч ким ўйинга келмайди. Ҳақиқат шуки, айтганларим индаллоси шуки, мендек девоналарча футболимизни суядиганлар борган сари камайиб бормоқда. Бунинг сабаби нимада?
Сабаби кеча айтиб ўтганим, бугунги ҳолатимизнинг учинчи ўқ илдизида бўлса керак. Сабаби лўнда қилиб айтганда, журналистикамизнинг лаганбардорлигида. Бутун дунё журналистлари адолат, ҳақиқат ҳимояси йўлида баъзида ўз ҳаётини тикиб, баъзида бор йўғини гаровга қўйиб мақола ёзишмоқда. Жамият олдига машъала кўтариб чиқишмоқда. Бизнинг журналистларимиз ўзининг мубҳам, маънисиз ҳаётини, тешик тоғарасини ўйлаб лаган кўтариб юришибди. Лаган. Ҳақиқат эмас. Ҳақиқатни четга чиқариб ё уни сатр тирқишига тиқиб бизнинг журналист бир кимсани, ё бир жамоани, ё амал минган тоғасими поччасини ҳимоя қилмоқда. Доим кимнингдир, ниманингдир манфаат “ҳовлисида” хизмат қилиб юрибди: “Пахтакор” ёмон, “Насаф” яхши”. “Бунёдкор” ёмон, “Навбаҳор” яхши”. Журналистнинг қўлида, нима бор? Гаплари бугун қора, эртага қизил, индинга сариқ бўлмоқда. Яхшиям қўлида байроғи йўқ. Бўлганида кунида рангини ўзгартириб турар эдими? Нимага ёзаётганини ўзи билмайди. Муддаоси йўқ. Умрида, ёзарида ғоя йўқ. Ғоябардорни кундуз куни чироқ ёқиб топа олмайсиз. Манфаат, фойда, наф, уддабуронлик, пултопармонлик ҳаммамиз учун бирдан бир “ғоя” бўлиб қолмоқда. Тирсакзорда қолиб кетдик. Ҳамма пул топайин деб, бир бирига тирсак тирагани тираган. “Пахтакор”нинг “Насаф”га тирсак тирагани етмаганидек, энди пахтакорчилар ислоҳотларга тирсак тирамоқчи бўлишди. Эййй... Ҳалойиқ, тирсакзорда одам бормиии?
ФУТБОЛИСТИКАГА МУНОСИБ ЖУРНАЛИСТИКА
Олдин айтиб ўтганим шармандали ҳолатни шарҳлаб кўрайлик. Ким учун шармандали бўлди? Аввало, Сизу биз учун дейман. Сиз эса, албатта, ПФЛ раҳбари учун шармандали ҳолат бўлган дейсиз. Ғофуровни ҳозирча тинч қўяйлик. Журналистлар учун шармандали ҳолат бўлмадими? Ажабланманг. Номаълум кимса бу хатни ижтимоий тармоқ орқали омманинг қулоғига элдан бурун етказиб, ҳамманинг эътиборини регламент бузилишига қаратмаганида нима бўларди? Ҳаммаси силлиққина бўлиб ўтарди. Журналистлар бир қанча жамоа раҳбарларининг ПФЛ директорига йўллаган хатларини олқишлаб туришарди. Уларни қаҳрамон деб санашарди. Регламентни ўзгартириш бўйича, олтин очколарни бекор қилиш бўйича илтимос қилиб йўллаган хатларига қўшилиб, истисно тариқасида регламент ўзгариши тарафдори бўлишарди. Қарорни қўллаб-қувватлашарди. Раҳбариятнинг олтин очколарни олиб ташлаш қарорини ёқлаб, олтин очколарга қарши курашни авжига чиқариб юборишган бўлар эди. Бу аниқ гап.
Ҳозирги шароитда улар қандай йўл тутишди? Регламент бузилишини қораласалар-да, тепадан келган кўрсатма бўйича ҳамма бир овоздан жорий этилган олтин очколар қоидасини ёмонлаб ётишибди. Жаъфар Ирисметов, Рустам Акрамов, Сергей Лушчанни гапиртириб, уларнинг тили билан олтин очколарни қоралаб ётишибди.
Хат мазмунини ижтимоий тармоқ бутун дунёга таратиб, барча футбол оммасининг эътиборини чемпионатимиз регламенти корчалон қўлида қўғирчоқ бўлаётганига қаратиб раҳбарият режасини бузиб қўйди. Қандай қилиб? Мабодо режа амалга ошса борми, раҳбариятимиз чет элда ҳам шарманда бўлишини тушуниб қолди. Натижада режадан воз кечишга мажбур бўлди. Раҳбарият ноилож қолиб бу қоидани, олтин очколар қоидасини олиб ташлашдан бутунлай воз кечмай қарорни кейинга сурди. “Зарарли қоидадан” футболимизни “асраб қолишни” кейинги мавсум бошига қолдирди. Олтин очколарни жорий қилиш зарарли қарор бўлган деб билган журналистларимизга нима дейсиз? Агар ҳақиқатда шундай бўлса, нима учун журналистларимиз ушбу мавсум бошида ислоҳотларга зарар етказади деб, бундай “хато ишнинг” олдини олиб, олтин очколарга қарши чиқишмаган эди? Нега бугун хатнинг “асл ниятини” оқлаб, фақатгина регламент бузилишини қоралаб чиқишмоқда? Барча эътиборни қоида моҳиятига эмас, регламентнинг барқарор бўлишига, регламент барча учун баробар қонун бўлишига қаратишмоқда. Нега олтин очколар қандай вазифа бажариши билан, унинг моҳияти билан журналистларимизнинг иши бўлмаяпти. Нега журналист раҳбарнинг беқарорлигига, бугунги қарор кечаги қарорни инкор этишига, чиқаряпган қарорлари жўяли бўлмаётганига эътиборни қаратмаётибди. Журналист ишидаям, раҳбарият қарорларидаям ғоя йўқ. Ишга асос бўла оладиган нарса, яъни ишнинг ўз умуртқаси йўқ. Бугунги ишига бир кун ўтиб жонига жон бўладиган, умрига янги умр қўшадиган юмуртқаси йўқ. Яъни ишнинг ўз ғояси йўқ.
АЙТМАТОВ БИЛАН ЯНШИН
Омон Ғофуров эътибордан четда қолмасин. Мендан хафа бўлмасин. Энди унинг олдига келамиз. Тўғри, ўзбек тилида, яъни давлат тилида бир жумлани тўғри туза олмагани учун мен уни ҳечам кечира олмайман. Ахир Ўзбекистон унинг ҳам ватанику. Ўхшамай қолган хат ёзиб клубларга юбориш воқеасида унинг бошқа айби йўқ. У мустақил фаолиятга, мустақил бир фикрга эга эмас. У раҳбарнинг хоҳиш-иродасини сўзсиз бажарувчи ишчан одам. Шунинг учун уни бу лавозимга ўтқазиб қўйишган. Раҳбарга тобеинлик бундан ортиқ бўлмайди. ПФЛнинг бутун фаолияти Аҳмаджонов назорати остида бўлмоқда десам, ЎФАсида ишлаётган барча ходимлар Аҳмаджонов измидан четга чиқмайди десам, йўқ демайсиз, тўғрими. Ўхшамай қолган воқеа ҳам Аҳмаджонов назорати остида бўлган.
Горбачёв давридан ўхшатма келтирмоқчиман. Давлат ғайриқонуний бирор бир тадбирни амалга оширмоқчи бўлса, адабиёт, санъат, маданият ва илму фан арбоблари, гўёки, илтимос билан давлат раҳбарига хат ёзиб чиқишар эди. Кўпинча рўйхат бошида Айтматов ёзилган бўлса, рўйхат сўнгида Яншин фамилияси турарди. Айтматовни ҳамма танийди. Яншин машҳур актёр бўлиши билан бирга “Футбол” газетесининг биринчи редактори бўлган. Қирққа яқин инсон имзо чеккан бўларди. Аҳмаджонов шунга ўхшаган “финтни” амалга оширмоқчи бўлди. Клублар илтимосига кўра регламентни ўзгартирмоқчи бўлди. Ўхшамай қолди. Ғофуров командасидан кимдир бу хатни тўлалигича ижтимоий тармоққа чиқариб юборди. Ҳозир Раҳбар ўша кимсани, яъни “кимнидир” топиб, уни йиртиб ташлашга тайёр тургандур. Уни тополмай аламини ютиб юргандир.
УЙДИРМА ГАПЛАРГА МУҲТОЖЛИК
Бу мақоламда олтин очколар ҳақида ўз фикримни билдириб мақола ёзмоқчи бўлган эдиму. Айтар гапим ичимда қолиб кетди. Воқеадан аламзада юрганим ошкор бўлди. Хатни ижтимоий тармоққа чиқариб юборган ўша номаълум кимса ҳолатимга енгиллик бермоқда, саргузаштнамо интрига қўшмоқда. Ким экан у? Яширинча иш тутган ким экан у? Мен ҳам қизиқиб қолдим. Диёрми, Ёқубми, Соҳибми? Юзини яшириб юрган ким экан у?
Бугунги кино асарларимизда ҳам ғоя йўқ. Маъно йўқ, ҳаёт йўқ. Унинг ўрнига воқеаларнинг кескин ўзгариши бор. Қаҳрамонни мошина босади, тирик қолади, жиноятга қўл уради, тавба қилади, уйланади, ажрашади. Яна севиб қолади, севилади. Ва хоказо. Эътиборимизни забд этган Хат воқеасига мен ҳам кескин интрига қўшмоқчиман. Ҳаётий бўлмасада, тингланг. Ҳаммасини Омон уюштирган. Каттанинг измидан чиқмай барча топшириқларини сўзсиз бажариб юрган Омонга клубларга хат ёзиб юбориш вазифаси юклатилган. Бу ишга ичидан бутунлай қарши бўлса-да, ташида олдингидай тобеин бўлиб, барча топшириқларни бажариб юрган. Хат юборишни иложи борича орқага суриб келган. Хатни юбориш зарур. Нима қилмоқ керак? Қандай қилиб вазиятни қутқариб қолиш мумкин? Ура, йўлини топди. Хатни юборди-ю, кетидан ўзи ушбу хатни номаълум кимса номидан ижтимоий тармоққа чиқариб юборади. Юборди-ю, тағин ҳеч нарса бўлмагандай тепага тобеин бўлиб юрибди. Қалай, сценарий ўхшадими? Ё тағин бир нима қўшиб қўяйми? Барчамиз маъносиз ўтаётган кунларимизга интрига қўшиб қўймоқчимиз. Фақат Корея ёшларига қарши ўйнаган чорак финал жангимиз ҳаётий, жанговор интригага тўлиб тошиб кетди. Ҳаводан олиб унга ҳеч нарсани қўшиб қўйишнинг кераги йўқ. Драматик воқеаларга жуда бой ўйин бўлди. Сизу бизнинг ҳаётимиз бундай ўтмаяпти.
Учрашгунча соғ-омон бўлайлик деб, Ҳасанали-отангиз ёздим.