Кириш Регистрация
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай 1-4 Бразилия
29/06 21:00 Швейцария 2-0 Италия
30/06 00:00 Германия 2-0 Дания
30/06 05:00 Канада 0-0 Чили
30/06 05:00 Аргентина 2-0 Перу
30/06 20:00 Насаф 2-2 Навбаҳор
30/06 20:00 Металлург 1-3 Олимпик
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия
01/07 05:00 Ямайка - Венесуэла
01/07 05:00 Мексика - Эквадор
01/07 21:00 Франция - Бельгия
02/07 00:00 Португалия - Словения

Ҳаммани чақаётган «арилар»

Баҳо:
+ | -

Англия Премьер-Лигасининг 3-тури ортда қолганда бир жамоа барчанинг ҳайратига сабаб бўлишга улгурди. Хардфордшир графлигининг 90 минг киши истиқомат қиладиган Уотфорд шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи шу номли жамоаси АПЛ янги мавсумини кетма-кет учта ғалаба билан бошлади. Бундан оз эмас, кўп эмас, нақд 137 йил аввал ташкил этилган этилган клуб 2018 йилга келибгина Англия юқори дивизионида мавсумни кетма-кет учта ғалаба билан бошладими, чиндан ҳам «Уотфорд»да яхши ўзгаришлар бўлган. Биз «Уотфорд»ни еврокубоклар учун даъвогарлар қаторига киритиб қўймоқчи эмасмиз, шунчаки бундай натижалар охирги йилларда Англия футболи мухлисларига манзур бўлаётган клуб ҳақида ёзиш учун бир баҳона бўлди.

ИШБИЛАРМОН ХЎЖАЙИН

«Уотфорд»нинг хўжайини италиялик тадбиркор Жампаоло Поццо ҳисобланади. У «Уотфорд»дан ташқари Италиянинг «Удинезе» ҳамда Испаниянинг «Гранада» клубларининг ҳам хўжайини ҳисобланади. Поццо «Уотфорд»ни 2012 йилда сотиб олган. Унинг даврида «арилар» (жамоанинг лақаби айнан шундай) АПЛ мухлисларининг оғзига тушиб қолди. Масалан жамоа ўтган мавсум АПЛда 14-ўринни, ундан олдинги мавсумда 17-ўринни, 2015/16 йилги мавсумда 13-ўринни эгаллаган.

Олдинги мавсумларда эса «Уотфорд» АПЛда қатнашмаган. Яъни, Поццо даврида «Уотфорд» Премьер-Лиганинг доимий ўртамиёнасига айланиб бормоқда. Бу эса клуб ҳар йили яхшигина даромад қилади дегани. Ўзингиз ўйланг, мавсумни 20-ўринда якунлайдиган жамоаси трансляциянинг ўзидан камида 100 миллион фунт ишлайдиган чемпионатда кетма-кет йиллар давомида жон сақлаб қолиш учун бўлса ҳам курашиб лигада қолиш қанчалик кўп фойда келтириши мумкин. Хуллас италиялик ишбилармон раҳбар қўл остида «Уотфорд» яхшигина ўсишга эришди.

«Уотфорд» Поццонинг энг янги клуби бўлса ҳам, бугунги кунда асосий жамоасига айлангани бекорга эмас. Тўғри, уни кўпчилик «Удинезе» хўжайини сифатида танийди, лекин Англия футболида айланадиган катта пуллар бу чемпионат жамоаларини қолганлардан бойроқ қилиши ҳам бор гап. «Удинезе» ва «Гранада»да порлаган баъзи футболчиларнинг «Уотфорд»га келиши ҳам бежизга эмас. Масалан, «Уотфорд»нинг охирги йиллардаги энг ёрқин футболчиси, ўтган мавсумларни Анзур Исмоилов билан «Чанчун Ятай»да ўтказган Одион Игало ҳам жамоага айнан «Удинезе»дан келганди.

Поццо мураббийларни тез-тез ўзгартиришни ёқтиради. У «Уотфорд»да нақд 10та мураббий алмаштирди. Унинг раҳбарлигида «Уотфорд»да ҳеч бир мураббий бир мавсумдан кўп ишламаган. Баъзилар мавсум ўртасидаёқ бўшатиб юборилган. Ҳозирги мураббий январда жамоани қабул қилиб олган Хавьер Грасия эса янги мавсумни яхши бошлади ва бу кетишда кейинги мавсумда ҳам жамоада қолиши мумкин.
КИМЛАР МАҒЛУБ ЭТИЛДИ?
Демак, «Уотфорд» АПЛ янги мавсумининг дастлабки турларида «Брайтон», «Бёрнли» ва «Кристал Пэлас»ни мағлуб этди. Масалан «Челси» ёки «Ливерпуль» бу жамоаларни ютиб мавсумни бошлаганида эътибор бермаган бўлардик. Лекин «Уотфорд» ўз даражасидаги ва ўзидан кучлироқ бўлган жамоаларни мағлуб этди. «Брайтон» 2-турда «МЮ»ни мағлуб этганининг ўзиёқ бу жамоани менсимаслик тўғри эмаслигини кўрсатади. «Бёрнли» эса Шон Дайч билан ажойиб жамоага айланган ва ҳозирда Европа Лигасига чиқиш учун кураш олиб бормоқда. Дарвоқе, Шон Дайч мураббийлик фаолиятини айнан «Уотфорд»да бошлаган. У ўзи 3 йил давомида футболчилик фаолиятини ўтказган «Уотфорд»ни 2011-12 йиллар давомида бошқарган. Хавьер Грасия жамоаси учинчи турда «Кристал Пэлас»ни мағлуб этди. «Пэлас» Англия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Рой Ходжсон билан яхши жамоага айланган. Унинг таркибида Вильфрид Заҳа ҳамда Патрик ван Анхолт каби харидоргир футболчилар ўйнашини ҳам унутмаслик керак. Ҳамма жамоани мақтаяпсиз, демак Англияда кучсиз жамоа йўқ эканда дейишингиз мумкин, лекин «Уптфорд» дастлабки турларда чиндан ҳам яхши жамоаларни мағлуб этди.
АРГEНТИНАЛИК «ТАРАС БУЛБА»
roberto-pereyra

«Уотфорд»нинг бугунги таркибида асосий юлдуз Роберто Перейра 2016 йилдан буён жамоада ўйнаб келади, лекин айнан жорий мавсумда унинг ўйини очилди. Перейра 1-турда «Брайтон» дарвозасига жуда чиройли иккита гол урди, «Кристал Пэлас» дарвозасига ғалаба тўпини киритди. Сочини Тарас Булбаники каби турмаклаб олган Перейра ҳам «Удинезе» ва «Уотфорд»да ўйнаган футболчилардан. «Удинезе» уни «Ювентус»га ижарага берганди, лекин Туринда унинг ишлари юришмади ва Поццо аргентиналик футболчини ўзининг Англиядаги жамоасига олиб келишга қарор қилди. Бу ерда Перейранинг ишлари янги мавсум бошида анча юришиб кетди.

ИНГЛИЗЧА ЖАМОА

DmUkuO6WsAAsWGn

Англиянинг кучли клубларида инглиз футболчилар жуда камайиб кетди. «Манчестер Сити», «Челси», «МЮ» каби жамоаларда баъзан таркибида бирорта инглиз бўлмайди. «Уотфорд» хорижлик тадбиркорга тегишли клуб бўлса ҳам, унинг таркибида кўплаб англиялик футболчилар ўйнашади. Дарвозада Бен Фостер ўйнайди. Ҳужум вакиллари Трой Дини (жамоа сардори) ва Андре Грей ҳам инглиз. Ярим ҳимояда Натаниель Чалоба, Том Клеверли, Уил Хюз, ҳимояда Крэйг Кэткарт, Бен Вилмот каби маҳаллий футболчилар ўйнашади. Англияда айнан маҳаллий футболчилари кўп бўлгани сабаб «Тоттенхэм» ва «Ливерпул»ни ўзгача ҳурмат қилишади. Дарвоқе шу ўринда «Уотфорд» бош мураббийи Хавьер Грасиянинг «Кристал Пэлас» билан ўйиндан кейинги фикрларига назар солсак: «Жамоамизда жуда яхши футболчилар жамланган. Улар билан яхши жамоа тузишимизга кўзим етади». Таққослаш учун таркибида жаҳон даражасидаги ўйнайдиган «МЮ» бош мураббий Жозе Моуриньо ҳеч қачон таркибидан хурсанд бўлмаганини эсланг. Англияда «МЮ» айнан Грасияни мураббийликка олиб келиши керак деган ҳазиллар ҳам пайдо бўлди. Хуллас «Уотфорд» ҳозирча мухлисларда яхши таассурот қолдирмоқа. Бироқ кейини турларда «арилар»нинг рақибларига эътибор беринг: «Тоттенхэм», «Манчестер Юнайтед», «Фулхэм», «Арсенал». Мана шу ўйинлардан кейин ҳам «Уотфорд» тўртталикда бўлармикин?

crystal-palaces-roy-hodgson-warns-watford-mascot-harry-the-hornet-to-stay-on-his-feet

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Манба: www.erudit-sport.uz
Киритилди: 18:34, 05.09.2018.
Ўқилди: 5121 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.