Аввалроқ, Эрон терма жамоаси Ўзбекистон билан ўртоқлик ўйини ўтказиш учун Тошкентга қандай таркибда келишини маълум қилган эдик.
Рақибларимизнинг кенгайтирилган таркибида етакчи футболчилардан бири Сардор Азмуннинг йўқлиги эътиборимизни тортди.
Бунинг сабаби нима эканлигини билиш мақсадида эронлик ҳамкасбимиз билан боғланганда, улар Сардор Азмун энди Эрон терма жамоаси учун ўйнамаслигини таъкидладилар.
“Эронлик мухлислар ЖЧ вақтида Азмун манзилига жуда қаттиқ ҳақоратли сўзлар айтишган, ҳатто унинг онасини ҳам ҳақорат қилганлар. Шу сабабга кўра, Сардор Азмун Эрон терма жамоасида ўйнашдан бош тортяпти. Мураббий Карлуш Кейруш Азмунни терма жамоага чақирган эди, аммо у Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ўтказилган машғулотларга келмади.
Кейруш уни терма лагерида йўқлиги сабаб кенгайтирилган таркибга киритмасликка мажбур бўлди. Сардор Эрон ишонган энг яхши ҳужумчилардан бири, аммо унинг бу қарори қанчалик тўғри, бу ҳақида ҳеч нима дея олмайман. Азмуннинг терма лагерига келмагани уни жамоада бошқа ўйнамаслигидан дарак беради. Энди Эрон бундай айрилиқдан сўнг унинг ўрнини билдирмайдиган ҳужумчи топиши керак бўлади”, дейди эронлик журналист Муртазо.
Маълумот ўрнида, Сардор Азмун 2017 йилнинг 12 июнь куни Теҳрон шаҳридаги “Озоди” стадионида бўлиб ўтган ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган Ўзбекистонга қарши ўйиннинг 23-дақиқасида Александр Лобанов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилган эди. Ўша ўйинда мезбонлар Ўзбекистон устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.
23 ёшли футболчи айни вақтда Россиянинг “Рубин” клуби шарафини ҳимоя қилади.