Фарғоналик икки нафар ёш футболчи Испания мамлакатида кўрикдан ўтади.
Бу ҳақида Про-Лига “В” гуруҳи иштирокчиси Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи васийлигидаги “Ифтихор” клубининг собиқ бош мураббийи Исломбек Исмоилов oltinvodiy.uz сайтига берган интервьюсида маълум қилди.
-“Фаровон” футбол клуби тарбияланувчилари, яъни сизнинг шогирдларингиз хорижий футбол клублари таркибига кўрикдан ўтиш учун кетишаётганлиги ҳақида эшитдик…
-Яқинда Ўзбекистон Футбол Ассосиацияси томонидан Испаниянинг “Реал Мадрид” футбол клуби билан хамкорликда лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳада Испаниядан ташриф буюрган футбол мутахассислари вилоятлардан келган ёш футболчиларни кўрикдан ўтказишди. Ушбу жараёнда бизнинг “Фаровон” футбол клубидан ҳам 6 нафар ёш футболчилар иштирок этишди. Шу 6 нафар ёш футболчиларимиздан 2 нафари А.Мухторов ва З.Хатамжоновлар испаниялик мутахассислар эътиборига тушди. Улар ушбу лойиҳа доирасида шу ойнинг 28-куни Испаниянинг Мадрид шаҳрига жўнаб кетишади. Мадридда улар 10-15 кун давомида кўрикдан ўтишади. Албатта бизнинг “Фаровон” футбол мактабидан ҳам шундай Европанинг номдор клублари таркибида кўрикдан ўтиш учун ёш футболчиларнинг бориши бизни хурсанд қилмасдан қолмайди. Мана шундай лойиҳаларни амалга ошираётганлиги учун Ўзбекистон Футбол Ассосиациясига клубимиз номидан миннатдорчилик билдираман.
Бекзод Толибов суҳбатлашди.