Кириш Регистрация

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларга байрам табригини йўллади

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади.

Муҳтарам устозлар!

Қадрли дўстлар!

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлаган барча юртдошларимизни
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деган сўзлари сизларнинг машаққатли, айни вақтда олижаноб фаолиятингизга берилган юксак баҳодир, десак, ўйлайманки, адашмаган бўламиз.

Ҳақиқатан ҳам, биз ўзимиздаги жамики яхши фазилатлар, ҳаётда эришаётган барча ютуқларимиз учун сиз, азизлардан умрбод қарздормиз.

Ушбу қутлуғ айёмда сизларнинг шаънингизга энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, барчамизнинг камол топишимиз, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизда бор билим ва тажрибасини, қалб ҳароратини бахш этиб келаётган меҳридарё устозларимизга чин юракдан миннатдорлик билдирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир.

Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, охирги вақтда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган бир неча муҳим қарорлар ҳақида алоҳида тўхталишни ўринли, деб биламан.

Аввало, 2017 йил 30 сентябрда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ юртимизда биринчи марта Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Шу асосда ўтган қисқа даврда ушбу тизим тубдан янгича негизда ташкил этилгани, 980 дан ортиқ боғча қурилиб, ишга туширилгани, бу масканларда таълим-тарбия ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан энг илғор усул ва воситалар ёрдамида олиб борилаётганини  қайд этиш лозим.

Яна бир муҳим ҳужжат – 2018 йил 14 августда қабул қилинган Президент қарорига биноан бошланғич ва юқори синф ўқитувчиларининг маошлари тенглаштирилди, янги йилдан бошлаб мутахассис ўқитувчиларнинг оширилган ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифали педагогларники эса 64 фоизга етиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, педагог ходимларни намунавий арзон уй-жойлар, автотранспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида узоқ муддатли имтиёзли кредитлар бериш, уларнинг оила аъзоларига тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилди.

Ана шу ишларнинг давоми сифатида шу йил
 5 сентябрда қабул қилинган “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони соҳа тараққиётида янги уфқлар очиб беради, деб ўйлайман.

Фармонда, жумладан, халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, нодавлат умумтаълим масканлари тармоғини янада ривожлантириш, “Замонавий мактаб” давлат дастурини тайёрлаш, ишлаб турган пенсионер ўқитувчиларга пенсияларини тўлиқ миқдорда тўлаш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилганидан сизлар албатта хабардорсиз. 

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Янги олий ўқув юртлари билан бирга чет элдаги нуфузли университетларнинг филиаллари очилмоқда, олий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилмоқда, кўпгина йўналишлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозларимиз, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир.

Юртимизда жорий йил Инвестиция дастури доирасида 356 та таълим муассасасида 684 миллиард 700 миллион сўмлик, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича эса 371 та умумтаълим мактабида 424 миллиард сўмдан зиёд қурилиш-реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, шу йил август ойига қадар давлат бюджетидан 12 триллион 366 миллиард сўм ёки ялпи харажатларнинг 26 фоиздан зиёди айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилганини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу тизимдаги ислоҳотларимизнинг кўлами ва миқёси янада яққол аён бўлади.

Албатта, мамлакатимизда амалга оширилаётган ана шундай улкан ишларнинг амалий таъсири ва натижадорлигини таъминлашда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни ва роли беқиёс эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Шунинг учун ҳам ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида, замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли инсонлар этиб вояга етказишда аввало сизларга таянамиз.

Айниқса, бутун дунёда мураккаб ва таҳликали вазият ҳукм сураётган ҳозирги вақтда ёшлар ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарларнинг олдини олиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда сизларнинг ибратли фаолиятингиз улкан аҳамиятга эга.

Шу борадаги ўта масъулиятли вазифалар сизлардан ўз устингизда тинимсиз ишлаш, фарзандларимизни янгича тафаккур, юксак инсоний туйғулар билан ошно этиш, уларда мустақил ва ижодий фикрлаш қобилиятини узлуксиз ривожлантириб боришни талаб этмоқда.

Ишончим комил, миллати, тили ва динидан қатъи назар, Ватанимизнинг ҳар бир фарзандини ўз боласидек севиб, ардоқлаб, уларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун сидқидилдан меҳнат қилаётган сиз, ҳурматли Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийлари бу вазифаларни албатта шараф билан адо этасиз.

Бу йўлда сизларни доимо қўллаб-қувватлаш, барча зарур шароитларни яратиб бериш учун давлатимиз ва жамиятимиз ўзининг бор куч ва имкониятларини бундан буён ҳам аямайди.

Азиз ва муҳтарам устозлар!

Барчангизни бугунги умумхалқ байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.

Олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга  бахту саодат, файзу барака тилайман

Ҳеч қачон кам бўлманг, меҳрибон устозлар!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба: www.president.uz
Киритилди: 21:53, 28.09.2018.
Ўқилди: 5270 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.