"Реал Мадрид" клуби академияси ва ЎФА ўртасида тузилган келишувга асосан мадридлик мутахассислар томонидан танлаб олинган 22 нафар бола Real Madrid Foundation Clinic дастури бўйича мастер классларда иштирок этиб, тажрибаларини ошириш мақсадида Испаниянинг Мадрид шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Испанияга ташрифнинг сўнгги кунида ўзбекистонлик ёш футболчилар “Реал” клуби академисининг майдонида машғулотларда иштирок этдилар. Машғулотлар жараёни ниҳоясига етгач, 22 нафар бола 4 жамоага бўлинган ҳолда ўзаро ўйин ўтказишди. Ўйинлар сўнгида академия мутасаддилари болаларга сертификатлар ҳамда эсдалик совғаларини топширишди.
Шундан сўнг, ёш футболчиларга бириктирилган мутасаддилар томонидан улар учун шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил қилинди. Тошкентдан ташриф буюрган 6 нафар мураббий эса “Реал” академиясида машғулот ўтказаётган жамоанинг собиқ футболчиси Хаби Алонсонинг машғулот жараёнини кузатишга муваффақ бўлдилар.
Испания сафарига йўл олган болалар бугун, 6 октябрь куни Тошкентга қайтиб келадилар. Кутиб олиш маросими Ислом Каримов номидаги “Тошкент халқаро аэропорти”да соат 20:45 да ташкил қилинади.