Ўзбекистон миллий жамоаси 6 октябрдан эътиборан Тошкентда ўн бир кунлик ўқув-машғулот йиғинига киришди. Куннинг биринчи ярмида футболчилар «City Palace» меҳмонхонасида тўпланишди.
Мазкур йиғинга таклиф этилган тўрт нафар легионер илк кунги машғулотда иштирок этишмади. Боиси, улар ўз клублари сафида тур ўйинларини ўтказиб, сўнгра Тошкентга етиб келишди. Гап Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Достон Ҳамдамов ва Отабек Шукуров ҳақида бормоқда.
Жорий мавсумдан Самаранинг «Крилья Советов» клуби шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ҳимоячи Виталий Денисов бу сафарги йиғинга таклиф этилмади. Унда кичик жароҳат бор эди. Ушбу йиғин олдинда кутаётган икки ўртоқлик учрашувига тайёргарлик учун қаратилган.
ФИФА кунларидан унумли фойдаланаётган Ўзбекистон 13 октябрь куни КХДР, 16 октябрда эса Қатарга қарши майдонга тушади. Ҳар иккала учрашув «Миллий» стадионида соат 19:00да бошланади.
Эктор Купер бу сафарги йиғинга сентябрь ойидаги билан таққослаганда, бир неча янги футболчиларни ҳам таклиф этди. Осиё ўйинлари сабаб олимпия ёшидаги футболчиларимиз сентябрдаги йиғинда иштирок эта олишмаганди.
Улар орасида Жавоҳир Сиддиқов, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Достон Турсунов, шунингдек, Жалолиддин Машарипов ҳам бор эди. Йиғиннинг биринчи куни Купер эълон қилган таркибдан ўрин олган дарвозабон Ботирали Эргашевнинг жароҳат олгани ойдинлашди.
Унинг ўрнига эса сўнгги пайтларда Суперлигада ишончли ўйинлари билан мураббийлар эътиборга тушган АГМК посбони Роман Абдулов чақирилди. Қолган футболчилар ўз вақтида бош мураббий ихтиёрига етиб келишди.
Дарвоқе, йиғиннинг илк куни термамизнинг жисмоний тайёргарлик бўйича жавобгар мутахассиси Антонио Сариоглу кўриниш бермади. У иккинчи кунги машғулотлардан ўз мажбуриятини бажаришга киришди.
Дарвозабонларни Денис Иванков шуғуллантиряпти. Унинг қўл остида ўтган йиғинда иштирок этмаган икки янги дарвозабон машғулот ўтказишяпти. Роман Абдуловни айтдик, иккинчи посбон эса Ўткир Юсупов бўлди. Эътиборлиси, «Қўқон-1912» кипери миллий жамоага илк бор чақирилди.
Шу ўринда дарвозабонларга оид яна бир маълумот: «Пахтакор»нинг биринчи рақамли посбонига айланган Элдор Суюнов жароҳат сабаб терма лагерини эрта тарк этди. Лекин Элдорнинг жароҳати у қадар жиддий эмас.
Шифокорлар Суюновда болдир суягининг устки қисмида лат ейиш ҳолати кузатилганини айтишди. У КХДР ва Қатарга қарши кечадиган ўртоқлик ўйинларида терма жамоамизга ёрдам бера олмайди. Бундан кўриниб турибдики, Купер қўл остида асосий дарвозабонлардан Игнатий Нестеров қолди.
Йўқотишлар Элдор Суюнов билан чекланиб қолмади. «Пахтакор» ҳимоячиси Шерзод Аъзамовда сон мушагининг енгил лат ейиши аниқланган. Шу боис футболчи индивидуал тарзда машғулот ўтказяпти. У асосан тренажёр залида шуғулланяпти. Шифокорлар берган маълумотга кўра, Аъзамов бугун умумий гуруҳга қайтади.
Легионерларга тўхталадиган бўлсак, биринчилардан бўлиб БААнинг «Шаржа» клубида тўп сураётган Отабек Шукуров ҳамда Россиянинг «Ростов» жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов мураббийлар ихтиёрига етиб келишди. Икки кун аввал Достон Ҳамдамов, кеча эса термамиз сардори Одил Аҳмедов Тошкентга етиб келишди. Бу сафар аргентиналик мутахассис Жанубий Кореянинг «Тэджон Ситизен» клуби қанот ярим ҳимоячилари Санжар Турсунов ва Шоҳруҳ Гадоевни йиғинга таклиф қилмади.
Шунингдек, «Локомотив» ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов, ҳужумчилар Игорь Сергеев («Пахтакор») ва Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») ҳам Купер танлаган рўйхатдан тушиб қолишди. Рашидовда кичик жароҳат борлиги айтилмоқда.
Қувонарлиси, жиддий жароҳат туфайли олти ой муддатга сафдан чиққан Япониянинг «Жубило Ивата» клуби ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев жамоаси таркибида машғулот ўтказа бошлади. Умид қиламизки, Фозил Осиё кубогига қадар аввалги спорт формасини тиклаб олади.
Терма жамоамизнинг машғулотлари ТТЙМИ стадионида ўтказиляпти. Футболчиларнинг чигалёзди машқларини Купернинг яна бир ёрдамчиси Маҳмуд Фаёз Муҳаммад олиб боряпти. Карлос Фантагуцци эса тактик таҳлил билан шуғулланмоқда.
Бу сафарги ҳар иккала учрашувда футболчиларимиз мухлисларни ўзларининг чиройли, ҳужумкор ўйинлари ва ёрқин ғалабалари билан хушнуд этишади, деган умиддамиз. Сентябрь ойида Сурия ва Эронга қарши кечган ўртоқлик учрашувларида аргентиналик мутахассис томонидан ҳимоявий тактика танланиши жиддий эътирозларга сабаб бўлганди.
Балки бу вақтинчалик ҳолатдир?! Купер биринчи галда терма жамоамизнинг ҳимоя қўрғонини синаб кўргандир? Бош мураббий натижага жавобгар бўлганидан кейин унинг қарорларини ҳозирча муҳокама қилмаган маъқул. Олдиндаги икки ўйин кўп саволларга жавоб бериши билан ҳам аҳамиятли бўлса керак. Кутамиз, кузатамиз, баҳо берамиз.