Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров: «Финалда икки жамоа бир хил шароитда бўлади…»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Суперлигаси аста-секин финиш марраси сари яқинлашмоқда. Демак, ғалвирни кўтарадиган вақт яқин.

 

Мана, сўнгги турларда ҳам юқори, ҳам қуйи олтиликда кураш кескин тус олмоқда. Элит гуруҳда «Локомотив», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» жамоалари чемпионлик ҳамда совринли ўринларга даъво қиляпти. Қуйида эса «Қўқон-1912», «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» клублари Суперлига «пропискаси»да қолиш учун жон олиб, жон бермоқда. Иккинчи бос­қичда қуйи олтиликдаги АГМК ўз ҳолатини анча яхшилаб олди. Умуман, жамоа бошқаруви Бахтиёр Ашурматов қўлига ўтгач, олмалиқлик футболчилар ўйинида ҳам, табиийки, натижада ҳам сезиларли ўзгариш кўзга ташланди. Дейлик, АГМК Суперлигада ижобий натижалар қайд этиш баробарида, ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубоги финалига йўл олди. Ягона ўйиндан иборат ярим финалда «Бунёдкор» «Миллий» стадионида мағлуб этилди. Ашурматов шогирдлари шундан сўнг Суперлига 25-турида «Қўқон-1912» меҳмони бўлиб, ғалаба (2:1) билан қайтишди. Биз айнан шу учрашувдан сўнг клуб ҳимоячиси Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаровни суҳбатга чорладик. 

- Абдуқаҳҳор, жамоангиз кеч бўлсада, ўз ўйинини топиб олди. Кетма-кет ғалабалар фикримизга исбот. Қўқондаги учрашув ва умуман, 25-тур ҳақида нима дея оласиз?

- Қўқонда мезбонларни аввало, жамоавий ўйин эвазига мағлубиятга учратдик, менимча. Лекин ғалаба йўлида кўп тер тўкишимизга тўғри келди. Энг муҳими, айтганингиздек, жамоамиз ўйин ритмига тушиб олди. Асосийси айнан шу. Турнинг қолган ўйинларига келсак, «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» ўртасидаги жанг кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани аниқ. Чемпионлик учун курашаётган «Пахтакор»нинг ишлари ҳам зўр - «шерлар» бу сафар Бекободда «Металлург»ни осонгина енгишди. Умумий хулоса шуки, чемпионатнинг сўнгги турларида аксарият ўйинлар 6 очко учун кечади. Хусусан, чемпионликни кўзлаётган жамоаларнинг очко йўқотиши жуда қийин.

- Очиғи, кубок ярим финалида ҳеч ким АГМКдан бундай ўйин ва натижа кутмаганди. «Бунёдкор»дан ниманинг эвазига устун келдинглар?

- Ҳа, фикрингизга 100 фоиз қўшиламан - биздан ҳеч ким бундай ўйин кутмаганди. Балки шу ҳолат ҳам ишимизни бирмунча енгиллаштиргандир. Ҳар ҳолда, кучли эътибор - бу катта босим. Биз эса ўйинга хотиржам ҳолда жиддий тайёргарлик кўрдик. Хусусан, «Бунёдкор» иштирокидаги ўйинлар ёзувини кўриб чиқиб, барчасини синчковлик билан ўргандик. Шахсий фикримча, бизга айнан «қалдирғочлар» ўйини ва камчиликларини чуқур таҳлил қилганимиз қўл келди.

- Демак, рақибни ўрганиш ғалабанинг муҳим омили бўлди, шундайми?

- Ҳа, қолаверса, жамоавий бирдамлик намойиш этдик. Ўзи футболда битта йўналишни мукаммаллаштириш билан натижага эришиш қийин. Бунинг учун кўп жиҳатларни уйғунлаштириш талаб этилади. Биринчи босқич ўйинларида бизга айнан жамоавий ўйин тўлиқ шаклланмагани панд берганди. Эндиликда мураббийларнинг бу борадаги барча кўрсатмаларини бекаму кўст бажаряпмиз.

- Ўйин олдидан мураббийлар айнан қарши ҳужум тактикаси бўйича ўйнашни тайинлаганмидилар ёки...?

- Йўқ, улар шунчаки, эҳтиёткорликни асло унутмасликни уқтиришганди.

- Қизиқ, «Бунёдкор»дан қандай ўйин кутгандинглару, амалда нима бўлди?

- Ким қандай фикрда билмадим, лекин «Бунёдкор» шу ҳолатида ҳам чемпионатимиздаги энг кучли жамоа­лардан бири бўлиб турибди. Жамоа­да энг тажрибали мураббийлардан бири фаолият юритмоқда. Бир ҳолатни унутмаслик керак, бутун дунёда кубок баҳсларида кутилмаган натижалар кўп қайд этилади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

- Кубок турнирининг янги форматига муносабатингиз - жуфтлик ғолибининг битта ўйин орқали аниқланиши маъқул келдими?

- Менимча, ёмон эмас. Бир томондан, қизиқиш ортди. Ҳозирги формат айниқса, ўртамиёна клубларга имконият ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай клуб битта ўйинга пухта ҳозирланиб, натижага эришиши мумкин. Қисқаси, кубок турнирининг янги тизими кичик клублар учун қўшимча мотивация бағишласа, ажабмас. Дейлик, олдинги босқичда қуйи лига вакили - «Машъал» бизга жиддий қаршилик тақдим этди.

- Умуман, АГМК финал йўлида энг мураккаб ўйинни қайси бос­қичда, қайси жамоага қарши ўтказди?

- Энг оғири - бу ярим финал баҳси, албатта. Лекин финалда бизни янада  мураккаброқ учрашув кутиб турибди. 

- Иккинчи ярим финал ўйинида қайси томонга мухлислик қилдингизу, ўйин қандай таассурот қолдирди?

- Икки жамоа ҳам илиқ таассурот қолдирди. Лекин тан олиш керак, ҳозирги «Пахтакор» таркиб жиҳатидан «Қўқон-1912»дан анча кучли. Жамоада рақобат жуда яхши йўлга қўйилган. Захира вакиллари ҳам кучли. Қайси клуб ютишини хоҳлаганимга келсак, энди бунинг ортиқча аҳамияти қолмади.

- Хўш, кубок финалидан нималар кутяпсиз?

- Насиб этса, ҳал қилувчи баҳсда ҳам чиройли футбол намойиш этамиз. Бир нарса аниқ - финалда икки жамоа бир хил шароитда бўлади. Қайси жамоа яхшироқ тайёргарликка эга бўлса ва ўйинга жиддий ёндашса, бош соврин унга насиб этади. Олий мақсадга бир қадам қолди. Албатта, мухлисларимизни қувонтириш учун боримизни берамиз.

- Лекин «Пахтакор»ни енгиш осон эмас. Нима деб ўйлайсиз, АГМК балки дуранг натижани сақлаб қолиб, пенальтилар сериясига умид боғлаши керакдир?..

- Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Демак, ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз керак. Табиийки, масала 1та ўйинда ҳал этиладиган кубок баҳсларида жамоалар пенальтилар сериясига ҳам тайёргарлик кўради. Яъни машғулотларда 11 метрли нуқтадан зарба бериш устида иш олиб борилади. Лекин «Пахтакор»дек ҳужумкор клубга қарши баҳсда фақат ҳимояга таяниш натижа бериши қийин. Демоқчиманки, қарши ҳужумга ўтишни унутмаслик лозим. Нима бўлганда ҳам, финал куни мухлислар ажойиб ўйин гувоҳига айланишади, деб ўйлайман.

- Боз устига, финалга ОЧЛ йўлланмаси тикилган. Бу ҳам АГМКга қўшимча куч бағишлаши аниқ.

- Албатта. Суперлиганинг биринчи босқичида кучли олтиликдан жой ололмадик. Энди олий мақсадга кубок турнири орқали эришмоқчимиз. Муҳими, барча йигитлар кайфияти аъло даражада. Клуб раҳбарияти ҳам зарур шароитларни яратиб беряпти. Қисқаси, футболчиларда қўшимча мотивация бор. Шундай экан, финалдан ҳам ижобий натижа кутсак бўлади.

- Шахсан сиз финални қайси ҳакам бошқаришини хоҳлардингиз?

- Бу масала унчалик аҳамиятли эмас. Ким тайинланса ҳам, у ўз қарорлари билан ўйинни бузиб қўймаса, бас. Қайтараман, финал биз учун «йил ўйини» ҳисобланади ва унда мақсадга эришиш учун астойдил тер тўкамиз. Ахир бундай имконият яна қачон юзага келади? Қисқаси, бизда «Пахтакор»га нисбатан мотивация кучлироқ бўлиши керак. Ўйинда бу фикрим тўлиқ тасдиқланишига ишонаман.

- Финал Фарғонада ташкиллаштирилади. Бу вариант қайси жамоага маъқулроқ, сизнингча?

- Ўзбекистон кубоги тақдирига Фар­ғонада ойдинлик киритилиши олдиндан эълон қилинганди. Муҳими, стадион майдони финал куни яхши ҳолатда бўлсин. Акс ҳолда, мухлислар чиройли, комбинацион футбол кўролмайдилар. Икки жамоа ҳам бетараф майдонда ўйнайди. Шундай экан, Фар­ғона варианти қайсидир томон учун қулай эканлигини айтишдан маъно йўқ. 

- Энди Суперлига ҳақида - иккинчи босқич ўйинларида кутилган жанговарлик кузатилмоқдами? Янги формат бўйича умумий хулосалар қандай?

- Барчаси маъқул. Ўйинларда шиддат ва муросасизлик ошди. Мухлислар айнан шундай учрашувларни соғинишганди. Кўпчилик билан гаплашамиз, аксарият мухлислар янги форматга нисбатан ижобий фикрдалар. Айниқса, иккинчи босқич учрашувларини алоҳида қайд этиш ўринли. Шахсий фикрим, деярли ҳар бир ўйин финалга монанд ўтмоқда. Жамоаларнинг икки гуруҳга бўлингани ҳам яхши, назаримда. Ҳар ҳолда, савия бўйича бир-бирига яқин жамоалар ўзаро баҳс­лашмоқда. Бу ҳам муросасизликни таъминламоқда.

- Виктор Кумиков бошқарувидаги АГМК ва ҳозирги жамоа ўртасида қандай фарқ яққол сезилмоқда?

- Виктор Балютовичга ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим керак, фарқ бор. Буни жамоа ўйини ва натижалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Виктор Кумиков асосий эътиборни стандарт вазиятларга қаратарди. Яъни ҳужумларни стандарт вазиятлар билан якунлаш биринчи даражага олиб чиқилганди. Бахтиёр Ашурматов эса жамоавий ўйинга алоҳида ёндашмоқда. Асосийси, ишлар самара бермоқда. Қувонтирган томони, жамоа ўйинида ёрқинлик пайдо бўлди. Комбинацион, ҳужумкор футбол ўзимизга ҳам ёқяпти. Зеро, эндиликда ҳужумга кўпроқ куч беряпмиз. Энг яхши ҳимоя - бу ҳужум. Ушбу тушунча тасдиғини ўзимизда кўряпмиз. Умуман, икки мураббий услуби турлича.

- Ҳозирги ҳолатда қайси жамоанинг Суперлигада чемпион бўлиш имкониятини юқорироқ баҳолайсиз ва нима учун?

- Менимча, «Пахтакор» қолган клубларга қараганда устунроқ. Қолган турларга қарасак, «Пахтакор»нинг учрашувлари енгилроқ, назаримда. Лекин «Локомотив» ва «Бунёдкор»да ҳам имконият чакки эмас. Шунингдек, «Нав­баҳор» ҳали умид узмаган. Аммо ҳал қилувчи паллада «Пахтакор» ва «Локомотив» бошқаларга нисбатан кучлироқ ўйин намойиш этса керак, барибир. Яна ким билади, бундай чемпионатда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Суперлигада қолиш учун кураш ҳам кескинлашиб боряпти. Шукрки, кетма-кет ғалабалардан сўнг турнир жадвалидаги мавқеимизни мустаҳкамлаб олдик. Лекин хотиржамликка берилиш учун асос йўқ.

- Терма жамоамиз янги бош мураббийи Эктор Купер ҳақида нима дея оласиз?

- Тўғриси, бу мавзуда тайинли фикр билдиришим қийин. Чунки бу мураббийни яқиндан билмайман. Менимча, унга анча вақт керак. Зеро, чемпионатимиз ва футболчилар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас. Эндигина 2та учрашув ўтказилди. Улар орқали мураббий ишига баҳо беришнинг иложи йўқ.

- ЕЧЛ ўйинларини ҳам кузатиб боряпсизми?

- Шубҳасиз. Ҳар доимгидек ўйинлар шиддати ўзгача. Европада футбол санъат даражасига кўтарилган ва бу бежиз эмас. Ўйинларни телевизор орқали кўрсангиз ҳам, роҳатланасиз. Умуман, биз учун еврофутболдан ўрганадиган жиҳатлар кўп.

- Айнан қайси клубларга алоҳида эътибор қаратяпсиз?

- «Барселона» мухлисиман. Дейлик, клубнинг Лондонда «Тоттенхэм»­га қарши кечган ўйинини мириқиб томоша қилдим. Ҳужумкор футбол, ажойиб муҳит, голлар шоуси... Муҳими, «Барселона» кетма-кет очко йўқотишлардан сўнг ниҳоят, ўзлигини кўрсатди. Лионель Мессини бир муддат йўқотиб қўйгандик. Уни ҳам шу ўйинда қайта топдик.

- Сизнингча, жамоа ўйинидаги пасайиш нима билан боғлиқ эди?

- Энди катта шаҳарларда ҳам баъзан шундай «кўнгилсизликлар» бўлиб туради. Энг муҳими, «Барселона» яна аввалги қиёфасига кириб, ҳужумкор, ёрқин ўйин намойиш эта бошлади. «Тоттенхэм»ни кўряпсиз, бу йил уни АПЛда тўхтатишнинг иложи топилмаяпти. Кўпчилик бу ўйинда «Барселона»нинг яна очко йўқотишини тахмин қилганди. Шахсан менда ҳам шундай хавотир йўқ эмасди. Лекин амалда асл «Барса»ни кўрдик.

- Бироқ жамоа ёлғиз Мессига суяниб қолгандек...

- Эҳтимол. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ахир Месси жамоада катта ўрин тутади. У майдонга тушмаса, футболчилар қандайдир кайфиятсиз ўйнаётгандек туюлади. Ўйлайманки, «Барселона» жорий мавсум ўзи иштирок этаётган барча мусобақаларда бош мукофотни қўлга киритади. 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:34, 17.10.2018.
Ўқилди: 1813 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.