“Навбаҳор” – “Бухоро” – 1:0 (1:0)
20 октябрь. Наманган. “Марказий” ўйингоҳ. 9530 томошабин.
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Ришат Нугманов, Дониёр Сайлавов, Акмал Раҳимов.
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Бобур Ҳайдаров.
Гол: А.Турғунбоев (44).
“Навбаҳор”: 45.Акбар Тўраев,5. Игорь Голбан, 6.Остон Ўрунов,Шерзодбек Каримов (8.Аюбхон Номанов, 58), 9.Дилшод Жабборов (44.Дарко Станоевич, 46) , 10. Азизбек Турғунбоев,19.Мирзоҳид Ғофуров, 21.Аъзам Алиев, 22.Рўзимбой Аҳмедов (17.Сардор Сулаймонов, 83), 24.Давронбек Ҳошимов, 32.Жаҳонгир Меҳмонов.
“Бухоро”: 30.Асилбек Омонов, 3.Бобуржон Амонов, 7.Арслонмурат Амонов, 8.Саламат Қутибаев,10. Шавкат Саломов (80.Вадим Чемиртан, 70), 11.Санъат Шихов, 18.Шавкат Муллажонов, 22.Шаҳбоз Эркинов (17.Акобир Тўраев, 63), 27.Роббимжон Ҳасанов, 55.Раҳматулло Бердимуродов (81.Қаҳрамон Баҳодиров, 81), 77. Жавоҳир Қаҳрамонов.
Огоҳлантиришлар: Д.Ҳошимов (47), Ж.Меҳмонов (74) – Ш.Саломов (30), Б.Амонов (37), А.Тўраев (90+3).
Суперлига 26-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида Бухоронинг “Бухоро” жамоасини қабул қилди. Мазкур баҳс “лочинлар”нинг янги устози Андрей Канчельскис учун дебют учрашув эди.
Таъкидлаш жоизки, Канчельскиснинг илк ўйини муваффақиятли якунланиб, жамоамиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Қайд этиш лозимки, учрашув мезбонлар учун анча асабий руҳда ва қийин кечди. Боиси, наманганликлар 4-3-3 схемасида ҳаракат қилишган бўлса-да, тўпни дарвозага аниқ йўллашда муаммоларга дуч келишди.
Жумладан, баҳснинг 1-бўлимида жамоамиздан Игорь Голбан ва Рўзимбой Аҳмедовнинг бош билан йўллаган зарбаларига аниқлик етишмади. Шунингдек, ҳимоявий тактика қўллаган бухороликларнинг ҳам қарши ҳужумлари 1-2 марта хавфли кўриниш олди. Жумладан, бир вазиятда россиялик ҳимоячи Игорь Голбаннинг дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтарганлигини қайд этиш лозим.
Яна бир ҳолатда эса Саламат Қутибаевнинг кучли зарбасига аниқлик етишмади. Учрашувнинг 44-дақиқасида ҳисоб очилди. Шерзодбек Каримов жамоадоши Азизбек Турғунбоевнинг рақиб жарима майдончаси томон ҳаракатланаётганлигини кўриб, тўпни унга узун “пас” орқали йўллади. Натижада “Бухоро” дарвозабони Асилбек Аманов билан яккама-якка вазиятга чиққан Турғунбоев тўпни дарвозага аниқ йўллади – 1:0.
Танаффусдан кейин ҳам жамоамизда тўп киритиш учун бир қатор вазиятлар юзага келди. Аммо ҳужумларнинг бирида Рўзимбой Аҳмедовнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтган бўлса, яна бир вазиятда Остон Ўрунов Асилбек Аманов билан яккама-якка вазиятга чиқиб, имкониятдан фойдалана олмади. Шунингдек, захирадан майдонга туширилган Аюбхон Номановнинг ҳам бош билан берган зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетди.
“Бухоро”дан эса 2-бўлимда захирадан майдонга туширилган Акобир Тўраевнинг бош билан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.
Шу тариқа кичик ҳисобда ғалаба қозонган “Навбаҳор” ўз очколари сонини 24 тага етказиб олди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.