Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Шоу давом этади. Месси ва Роналдусиз класико

Баҳо:
+ | -

Еврокубоклар тугаб, бугундан кучли бешлик ва бошқа чемпионатларнинг навбатдаги турларига старт берилади. Ўйинлар кўп, булар орасида Испанияда Класико, Италияда Рим – Милан – Неаполь тўқнашувлари ҳам бор. Биргина ёмон хабар – Европадаги вақт қишки режимга ўтаётгани муносабати билан, энди ўйинлар биз учун бир соат кеч бошланади. Испания ва Италия футболи мухлислари учун бироз ноқулай. 

БАРСЕЛОНА – РЕАЛ (28 октябрь, 20:15)

Бу ўйинни алоҳида реклама қилиш шарт эмас. Ёки жуда кенг равишда тўхталиб ўтиш керак аслида. Испания чемпионатининг энг муҳим тўқнашуви бўлмиш Эл Класико 11 йиллик танаффусдан сўнг биринчи маротаба Месси ва Роналдусиз ўтмоқда. Эл Класиконинг ғариблашиб қолгандек туюлиши шунчаки, тилга олинган футболчиларнинг буюклигидан дарак холос, зеро бугунги ҳолатда ҳам ҳар икки томонда муносиб юлдузлар бор. Бэйл, Иско, Модрич, Коутиньо, Суарес ва бошқалар. 

Жамоалар бу ўйинга икки хил кайфиятда кириб келмоқда. «Барселона» Мессисиз ҳам ўйнай олишини исботлади ва «Интер» устидан ишончли ғалабага эришди. «Реал» эса, аксинча. Лопетеги шогирдлари ниҳоят «Виктория» устидан зафар қучиб, ғалабасиз серияга нуқта қўйган бўлишса-да, ўйин у қадар ишончли чиқмади. Шунингдек, Ла Лигадаги омадсиз серияга ҳали ҳам барҳам берилгани йўқ. Босим ўйиндан ўйинга ортиб бормоқда ва ҳатто бу ўйиндаги мағлубият Лопетегининг истеъфоси билан якунланиши ҳам мумкин. 

Жароҳатланганлар. Мессидан ташқари Самуэл Умтити сафда эмас, лекин сўнгги ўйинларда Ланглле анча ишончли кўринмоқда. Меҳмонлар таркибида эса, Марселонинг ҳолати бироз ташвишга солганди, лекин охирги янгиликларга қараганда, у «Кам Ноу»да асосий таркибда ҳаракат қилиши кутилмоқда. Демак, фақат Дани Карвахал Эл Класикода «Реал»га ёрдам бера олмайди. 

Яна бир қизиқ жиҳат. 2014/15 йилги мавсумда Эл Класикода ҳар икки жамоа ўз майдонида рақиби устидан ғалаба қозонганди. Шундан кейин эса, аксинча, «Барселона» Мадриддаги баҳсларда доимий тарзда ғалаба қозоётган (4:0, 3:2, 3:0) бўлса-да, Камп Ноудаги ўйинда юта олмай келяпти. Ўтган мавсумда 2:2, ундан олдин 1:1, олдинроқ 1:2 ҳисоби қайд этилган. Ҳатто Суперкубок доирасидаги ўйинда ҳам «Барселона» мағлубиятга учраган. Демак, «Камп Ноу»даги Эл Класиколар бўйича мезбонларнинг ғалабасиз сериялари уч ярим йилдан бери давом этиб келмоқда.   

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЭВЕРТОН (28 октябр, 21:00)

Бундан буёғига «Манчестер Юнайтед»нинг ҳар бир ўйини эътибор қаратишга арзийди: кимдир ниҳоят жамоанинг ижобий йўналишга тушиб олишига ишониб, бошқалар Моуриньонинг истеъфосига сабаб бўлиши мумкин бўлган ўйинни ўтказиб юбормаслик учун. Бундай ҳолат анча аввал бошланган бўлса-да, аниқ хулоса қилиш қийин бўляпти: «Ньюкасл» билан ажойиб камбэк, лекин бу ғалаба ишончли эмасди. «Стемфорд Бриж»да сўнгги сонияларгача ҳисобда олдинда боришди, аммо ўша куни йирик ҳисобда мағлубиятга учрашлари ҳам мумкин эди. «Ювентус»га қарши имконсиз биринчи бўлим. Жамоа ўта беқарор ва айнан қайси паллалар ҳақиқий «Манчестер Юнайтед» эканини айтиш қийин.
«Биз баъзи футболчиларга дам бериб, таркибни алмаштириш имкониятига эга эмасмиз, мавжуд футболчилар билан майдонга тушишга мажбурмиз» – деди Жозе Моуриньо. 

Сўнгги икки ўйинни бир таркибда ўйнаган ва ҳатто ЕЧЛ ўйинида умуман захирадан майдонга футболчи туширмаган Моуриньодан бу борада сюрприз кутиш қийин. Санчес ва Феллайни ҳали ҳам жароҳатланган, Валенсия масаласи ноаниқ, мураббий Лингард ҳақида ҳам мужмал жавоб берди. Еврокубоклар туфайли, рақибидан уч кунга камроқ дам олишга мажбур бўлган «МЮ» жисмоний тарафдан муаммоларга дуч келиш эҳтимоли бор.  Меҳмонлар таркибида эса, Фил Жагелка ва Жеймс Маккарти машғулотларни бошлашди, лекин улар «Олд Траффорд»да майдонга тушишлари сўроқ остида.

«Эвертон» ёзда трансферлар учун «МЮ»дан ҳам кўпроқ пул сарфлади, аммо улар учун ҳам мавсум яхши бошланмаганди. Сўнгги турларда эса, жамоа ўз ўйинини топиб олгандек – «Эвертон» сўнгги уч ўйинни ғалаба билан якунлаб, турнир жадвалида «Юнайтед»ни қувиб ўтди. Етти гол урилиб, атиги 1та ўтказиб юборилди. 

Жамоалар ўртасидаги ўтган йилги тўқнашув «Олд Траффорд»да мезбонларнинг йирик  4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Ливерпулда ҳам Моуриньо шогирдлари зафар қучишган – 0:2.   

НАПОЛИ – РОМА (28 октябрдан 29 октябрга ўтар кечаси 00:30)

«Рома» ўтган турда кутилмаганда ўз майдонида СПАЛга ютқазиб қўйди ва тўрт ўйиндан иборат ғалабали сериясига чек қўйди. Аммо Чемпионлар Лигасидаги ўйинда ўша мағлубият кўпроқ тасодиф бўлганини исботлади. ЦСКАга қарши ўйин италияликларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. 

«Наполи» ҳам жуда яхши формада. Биз буни Париждаги ўйинда ҳам кўрдик. Юлдузли «ПСЖ»га қарши Анчелотти жамоаси анча дадил ҳаракат қилди ва икки марта ҳисобда олдинда борди. А Серияда ҳам ишлар жойида, жамоа сўнгги 7 ўйиннинг 6тасини ғалаба (бир ўйин «Ювентус»дан мағлубият) билан якунлаган.

Ўйин одатий Италия топ-ўйинлари сингари жуда қизиқарли ва кескин руҳда ўтиши шубҳасиз. Жамоалар ўртасидаги сўнгги тўрт ўйин доим меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланиб келаётгани ҳам ўзига хос қизиқарли ҳолат. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумдаги Неаполдаги ўйинда «Рома» 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган ва «Наполи»нинг чемпионлик учун имкониятларини анча пасайтириб юборганди. «Ювентус»ни 4 очколик фарқ билан таъқиб қилиб бораётган «Наполи» бу сафар ундай хатони қилмасликка уринади.

Таркибларга келсак, «Наполи»да муаммолар йўқ. Ўтган турда жароҳат олган Инсиньенинг «ПСЖ» билан ўйинда майдонга тушганини ва ҳатто гол ҳам урганини кўрдик. Римликлар сафида эса, Диего Перотти сафга қайтгани йўқ, шунингдек ёш ҳужумчи Жастин Клюверт ҳам майдонга туша олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. 

МАРСЕЛЬ – ПСЖ (28 октябрдан 29 октябрга ўтар кечаси (01:00)

«ПСЖ» ҳақида ҳам баъзида эслаш учун Франция чемпионатининг топ-ўйинларига мурожаат қиламиз, лекин парижликлар учун у ерда топ-матч умуман қолмагандек. Мана, икки ҳафта олдин «Лион» билан ўйинни кўринглар, зўр бўлади, Депай формага кирди, яна бир нарсалар деб реклама қилинди. Натижа эса – 5:0. 

Умуман, «ПСЖ» Лига 1 ’даги сўнгги беш ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди, охирги икки ўйинда эса, рақиблар беш тўп фарқи билан таслим этилди. «ПСЖ» кучли бешликда йўқотишсиз бораётган ягона пешқадамга айланиб олди. Бундай ҳолатда Европа Чемпионлар Лигасида қийин бўляпти – қаттиқроқ қаршиликка ўрганмаган Тухель жамоаси «Ливерпуль» билан ҳам, «Наполи» билан ҳам қийналиб қолди. 

«Марсель» Франция чемпионатининг етакчи жамоаларидан бири, кўп гол уриш борасида «ПСЖ»дан кейинги жамоа. Шундай бўлса-да, парижликларга муносиб қаршилик кўрсата оладими ёки йўқ, айтиш қийин – ўйинда дуранг бўлишиям ёки «ПСЖ» яна бешта голни уриб кетиши ҳам мумкин. Ҳаммаси мезбонларга эмас, «ПСЖ»нинг ўйинга қандай кайфиятда келишига боғлиқ. Бунинг устига «Лацио»га қарши Европа Лигаси ўйинида марселликлар ишончсиз ҳаракат қилишди ва 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди. 

Ўзаро ўйинлар статистикасига қарасак, «ПСЖ» сўнгги йилларда доимий равишда, бироз қийинчилик билан бўлса-да, Марселдан уч очко олиб кетишга ўрганган. Фақат ўтган йилнинг октябрида бўлиб ўтган ўйин бундан истисно. Ўшанда мезбонлар ўйиннинг охирги дақиқаларигача ҳисобда олдинда боришган ва ҳатто Неймарнинг четлаштирилишидан кейин бир киши кўп бўлиб қолишган. Лекин қўшимча дақиқаларда Эдисон Каванининг голи ҳисобни 2:2 кўринишига келтирганди.  

ЛАЦИО – ИНТЕР (29 октябрдан 30 октябрга ўтар кечаси 00:30)

Римнинг яна бир жамоаси ҳам бу ҳафта топ рақибга қарши майдонга тушади. «Интер» ва «Лацио» турнир жадвалида қўшни, учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб туришибди. «Интер»нинг «Барселона»га қарши ўйинини алоҳида қавс ичига олиб турсак, жамоа жуда яхши спорт формада эканини ва 7 ўйиндан иборат ғалабалар сериясини тилга олиш мумкин. «Лацио» ҳам анойи эмас, сўнгги икки ўйинда ғалаба қозонди, шунингдек, Европа Лигаси доирасидаги учрашувда «Марсель»ни сафарда енганди. Ҳа, бу ҳам бор, «Лацио» Европа Лигасида пайшанба куни тўп сурганини эътиборга олсак, «Интер»га нисбатан бир кун кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлмоқда. 

Таркиблар борасида «Интер»нинг муаммоси оғирроқ – Ража Наингголаннинг жароҳати бу ўйинда майдонга тушишга халақит берса керак.

Ҳар икки жамоанинг ҳам ўзига хос қизиқ жиҳатини, турнир жадвалининг юқорисига қай йўллар билан чиқиб олганини айтиб ўтиш керак. «Лацио» ушбу мавсумдаги учта топ ўйинини бой берди – «Наполи», «Ювентус» ва «Рома»га қарши ўйинда жамоа очко ола олмади. Лекин бошқа ўйинларда 100 фоизлик натижа кўрсатмоқда. 6 ўйин 6 ғалаба. 

«Интер»нинг «фишка»си эса, бошқа. Спаллетти шогирдлари сўнгги дақиқаларда гол уриб ғалаба қозониш бўйича ажойиб кўрсаткичлар қайд этмоқда. Қозонилган ғалабаларнинг аксарияти кичик ҳисобда, бунинг устига, сўнгги дақиқаларда урилган голлар эвазига қўлга киритилаётганини айтиш керак. Мисол учун, сўнгги ўйиндаги Милан дербисида ҳам Икарди ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтларда ғалаба голини урди. Демак агар мана шу анъаналар яна сақланиб қолса, «Лацио» одатий тарзда топ ўйинни «Интер»нинг сўнгги дақиқалардаги одатий голи туфайли ютқазиб қўяди. Кўрамиз.   

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (29 октябрдан 30 октябрга ўтар кечаси 01:00)

Англия чемпионатида уч жамоа ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Шулардан бири «Уэмбли»да «Тоттенҳэм» синовидан ўтади. Почеттино шогирдлари турнир жадвалида узоқда эмас, орадаги фарқ атиги икки очкони ташкил қилмоқда. Яъни, мезбонлар агар ғалаба қозонишса,  «Манчестер Сити»ни қувиб ўтиши мумкин. 

«Тоттенҳэм» ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида аламли ўйин ўтказди. Эйдховенда ҳисобда олдинда борган Лондон клуби ўйин охирларида бир киши кам бўлиб қолиб, ғалабани ушлаб қола олмади. Бу дуранг эса, якунда «Тоттенҳэм»нинг гуруҳ босқичидан чиқиш имкониятини жуда пасайтириб юборди. «Манчестер Сити» эса аксинча, биринчи турдаги мағлубиятдан кейин ўзига келиб олган ва гуруҳнинг асосий фаворити мақомини исботламоқда. 

Эриксен сафга қайтган, Ламела жуда фойдали ҳаракатлар қилаётган бўлса-да, барибир Деле Аллининг йўқлиги «Тоттенҳэм»га билиняпти, дейиш мумкин. Шунингдек, Роуз ва Вертонгеннинг жамоага ёрдам бера олмаётгани баъзи ўринларда панд бермоқда. Гвардиола асосий футболчиларидан фақат Илкай Гундўғаннинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Эсингизда бўлса, айнан Илкай Гундўған ўтган йили «Уэмбли»да бўлиб ўтган ғалабали ўйинда голлардан бирига муаллифлик қилганди. 

Ҳафтанинг энг муҳим ўйинлари
27 октябрь
18:30. БОРУССИЯ Д - Ҳерта
19:00. ЛИВЕРПУЛЬ – Кардифф
21:00. Эмполи – ЮВЕНТУС
23:45. АТЛЕТИКО – Реал Сосьедад

28 октябрь
18:30. Бернли – ЧЕЛСИ
18:30. Кристал Пэлас - АРСЕНАЛ
20:15. БАРСЕЛОНА – РЕАЛ
21:00. МЮ – Эвертон
21:00. ЦСКА – Краснодар
22:00. МИЛАН – Сампдория
18:30. Вердер – БАВАРИЯ
00:30. НАПОЛИ – РОМА

29 октябрь
00:30. ЛАЦИО – ИНТЕР
01:00 ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Манба: www.kun.uz
Киритилди: 19:23, 27.10.2018.
Ўқилди: 2668 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.