2018 йилги мамлакат миллий чемпионатини "Металлург" ўз уйида Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасига қарши учрашув билан бошлайди. Мазкур жамоалар бугунгача кучлилар сафида 43 марта тўқнаш келишган.
Бугунгача ортда қолган ўйинларнинг 11 тасида ҳамшаҳарларимиз ғалаба қозонишган. Ўн иккита ўйинда кучлар тенг келган бўлса, 20 баҳсда наманганликларнинг ютуғи билан якунланган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбатидаги фарқ рақибларимиз фойдасига – 45:65. Ушбу жамоаларнинг ўзаро қарама-қаршиликларидаги энг йирик ҳисоб 2003 йили қайд этилган. Ўшанда жамоамиз «Навбаҳор»га 0:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган. Бу бекободликларнинг олий лига баҳсларидаги ҳам энг йирик мағлубияти ҳисобланади. Икки мавсум муқаддам “Металлург” “Навбаҳор”ни 5:1 ҳисобида доғда қолдириб, бу жамоалар тўқнашувидаги йирик ғалабасини расмийлаштирди. Унгача бекободликлар “Навбаҳор”ни муқаддам учта тўп фарқи билан ютганди.
Навбаҳорчилардан мазкур тўқнашувларда энг кўп муваффақиятга эришган футболчи Шуҳрат Мирхолдиршоев саналади. У бекободликлар дарвозасига 12 та тўп киритган. “Металлург” жамоасидан эса Зоҳид Абдуллаев рақиблари дарвозасини 7 марта ишғол этган.
Бу йилги мавсумда жамоалар уч марта тўқнаш келишди. Улардан иккитасида ҳисоб очилмаган бўлса, яна биттасида наманганликлар зафар қучишган. Бекободдаги ўйин 2018 йил ҳисобидан тўртинчи баҳс бўлади.
Жамоаларнинг Бекободда ўтказилган сўнгги олти учрашуви:
2018 “Металлург” – “Навбаҳор” – 0:0
2017 “Металлург” – “Навбаҳор” – 0:0
2016 “Металлург” – “Навбаҳор” – 5:1
2015 “Металлург” – “Навбаҳор” – 2:3
2014 “Металлург” – “Навбаҳор” – 2:0
2013 “Металлург” – “Навбаҳор” – 2:1