«Боруссия» Бундеслигада мағлубиятга учрамаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Чемпионлар Лигасида эса барча учта ўйинда ҳам зафар қучди. «Брюгге»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган дортмундликлар «Монако»ни 3:0, «Атлетико»ни эса 4:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Люсьен Фавр жамоасида 20 ёш артофидаги 5 нафар футболчи ўйнамоқда. Қуйида ана шу иқтидорлар ҳақида сўз юритамиз.
Кристиан Пулишич (АҚШ) - 20 ёш
Америкалик футболчи «Боруссия»да тўлиқ мавсумни ўтказган. 2017|2018 йиллар мавсумида 43та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол уришга ҳам эришган. Умуман олганда, ўтган ойда 20 ёшини нишонлаган Кристиан профессионал футболда юздан ошиқ ўйин ўтказишга улгурди. 15та гол урган футболчи 20 марта ассистентлик ҳам қилди. У Бундеслигада тўп киритган энг ёш хорижлик футболчи ҳисобланади. Эътиборли томони, бу ишни балоғат ёшига етмасданоқ уддалаган. Жорий мавсумда Пулишичга жароҳатлар бироз панд бермоқда. Агар соғ бўлса, мунтазам асосий таркибда майдонга тушади. «Атлетико»га қарши учрашувда Кристиан 79 дақиқа ўйнади. Гарчи гол урмаган бўлсада, ўзини кўрсата олди. Америкалик вингерни «Боруссия» ўтган мавсумда 70 миллион еврога баҳолаганди. Ўшанда унга «Челси», «Ливерпуль» ва «Реал» қизиқиш билдирган.
Дэн-Аксель Загаду (Франция) - 19 ёш
Яқинда ҳам «Боруссия» мухлислари Юрген Клопп давридаги каби Хуммельс - Суботич марказий ҳимоячилар жуфтлиги бўлмайди, деб чўчишаётганди. Айни пайтда дортмундликлар марказий ҳимоясида икки нафар франциялик футболчи тўп сурмоқда. Уларнинг умумий ёши 40ни ташкил қилади.
«Монако» тарбияланувчиси Абду Диалло «Боруссия»га «Майнц»даги бир мавсумдан сўнг қўшилди. Айни пайт у 22 ёшда. Ҳамюрти Загаду эса ундан уч ёш кичик. Дэн-Аксель ҳозирданоқ кучли. У ўтган йили «ПСЖ»дан озод агент сифатида ташриф буюрганди. Ҳозир Париждагилар афсусланиб ўтирган бўлсалар, ажаб эмас.
Якоб Ларсен (Дания) - 20 ёш
Ҳакими «Реал» ҳақида Ларсен билан гаплашиши мумкин. Бу йигит «Қироллик клуби»да ўйнашни орзу қилади. Якоб Дортмунд клуби академиясида тўрт йил олдин пайдо бўлганди. У жамоа билан 17 ёшлилар ўртасидаги Германия чемпионатида зафар қучган. Лекин катталар футболига ўтганидан сўнг муаммоларга дуч келди. Ўтган мавсум ўртасида «Боруссия» Ларсенни «Штутгарт»га ижарага бериб юборди. У ерда футболчи тўрт марта майдонга тушди, холос. Умуман олганда, Якобнинг жорий мавсумдаги ёрқин ўйини кутилмаган ҳол бўлди. Даниялик вингер асосий таркиб ўйинчиларидан бирига айланиб бормоқда.
Ашраф Ҳакими (Марокаш) - 19 ёш
Ҳакими ҳамон Мадриднинг «Реал» клубига тегишли. Умуман олганда, Ашрафнинг орзуси мадридликларнинг асосий ўйинчиси бўлиш. «Атлетико»га қарши баҳсда марокашлик футболчи учта голга ассистентлик қилди. 2006 йилдан буён, яъни саккиз ёшидан бери «Реал»да фаолият олиб борадиган футболчи Мадриднинг иккинчи жамоасига қарши қандай ўйнаш кераклигини яхши билади. Ўтган мавсум Зидан Ҳакимини асосий таркибда майдонга туширарди. У 17та учрашувда иштирок этиб, 2та гол уришга ҳам эришган. Шунингдек, Ашраф «Қироллик клуби» сафида Чемпионлар Лигасида ҳам зафар қучган. Шубҳасиз, «Боруссия» сафига қўшилиш иқтидорли футболчи учун фойдали бўлди. Мавсумни захира ўриндиғида бошлаган Ашраф октябрь ўрталарига келиб асосий таркибда муқим туша бошлади. Унинг устунлик тарафларидан бири - икки қанотда ҳам бир хил ўйин намойиш қила олади.
Жейдон Санчо (Англия) - 18 ёш
Санчо Европада мавсум кашфиёти бўлиши мумкин. Ушбу ярим ҳимоячи «Боруссия» сафида мавсумни ажойиб тарзда бошлади. Умуман олганда, у тарихга киришга ҳам улгурди. Яъни ЕЧЛда немис клуби сафида гол урган дастлабки англиялик футболчига айланди. Санчо «Уотфорд» тарбияланувчиси ҳисобланади. Кейинчалик «Манчестер Сити»га йўл олган. Аммо «шаҳарликлар» «брилиант»ни қўлларида ушлаб қола олишмади. Ўтган ёзда Жейдон «Сити» билан янги шартнома имзолашни истамади. Ваҳоланки, унга яхши шароитлар таклиф қилинганди. Натижада Дортмундга йўл олди. 2017|2018 йиллар мавсумида Санчо «Боруссия» сафида бир қатор ўйинларда майдонга тушди. Дебют голини урди ва 4та голга ҳаммуаллифлик қилди. Жамоага Люсьен Фавр келганидан сўнг англиялик ёш футболчига бўлган ишонч ортди.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади