10 ноябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида RCC Boxing Promoutions промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган профессионал бокс кечасида яна бир ўзбекистонлик боксчи рингга чиқди.
Жаҳон чемпионати совриндори ва Осиё чемпиони Элнур Абдураимов бу оқшомда профессионал рингдаги учинчи жангини ўтказди. У бразилиялик Аэлье Мескуитага қарши рингга кўтарилиб, рақибини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди.
Шу тариқа, Абдураимов профессионал рингдаги учинчи жангида ҳам нокаут билан ғалаба қозонди.
Маълумот учун, ҳаваскор боксда 64 кг вазн тоифасида иштирок этган, «Uzbek Tigers» жамоаси собиқ аъзоси бўлган Элнур Абдураимов шу йилнинг февралида профессионал боксга ўтганди.
У 30 сентябрь куни проф рингдаги дебютини ўтказган ва илк жангда америкалик Арон Ҳоллинсни нокаутга учратганди.
Шу йилнинг 18 октябрида эса у Калифорния штати Индио шаҳридаги Fantasy Springs Casino аренасида америкалик Жованни Гонсалесни полга қулатиб, иккинчи жангида ғалаба қозонганди.
Аэлье Мескуита профессионал рингда шу вақтгача 19 жанг ўтказиб, 17 ғалабага эришган ва 2 марта мағлуб бўлганди.