Хабарингиз бўлса керак, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси вакилларидан иборат махсус комиссия аъзолари кеча, 21 ноябрь, чоршанба куни водийга сафар уюштириб, Қўқон ва Намангандаги “Марказий” стадионларнинг бугунги холати билан яқиндан танишганди.
Кеча тунга яқин ушбу комиссия аъзолари Намангандан Андижон шаҳрига ҳам ташриф буюрди. Меҳмонларни “Андижон” футбол клуби бош директори Маъруфжон Абдисаломов, вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Бекзод Каримов, Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, “Соғлом авлод” стадиони директори Омонулло Мирзаев ҳамда клубнинг бир нечта ишчи ходимлари кутиб олди.
Самимий ва ишчи руҳда кечган суҳбат жараёнида стадионда қилиниши зарур бўлган ишлар юзасидан гап борди. Дарвоқе, ЎФА ва ПФЛ вакиллари стадионга тунда келишгани айни муддао бўлди ва улар “Соғлом авлод” стадионининг ёриткичлари ва майдон чимининг бугунги холати билан яқиндан танишди. Унда ЎФА томонидан бириктирилган майдон устаси Учқунбек Қуванов ўз маслаҳатларини бериб, “Соғлом авлод” стадионининг майдонини талаб даражасига олиб чиқиш учун янгитдан хориждан келтириладиган чим ётқизилса мақсадга мувофиқ бўлишини аълоҳида таъкидлаб ўтди.
Бунгача “Андижон” футбол клуби раҳбарияти ҳам майдонни талаб даражасига олиб чиқиш учун бошқа майдон усталари билан музокара ўтказиб, уларнинг таклифлари бўйича иш бошлаш арафасида турганлигини клуб бош директори Маъруфжон Абдисаломов ЎФА ва ПФЛ вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди.
Ҳозирда майдонни бўлажак мавсумга янгитдан тайёрлаш учун бир нечта фирмалар билан музокара жараёни давом этмоқда. Тез кунларда уларнинг бири билан аниқ тўхтамга келиниб, расмий шартнома тузилади ва “Соғлом авлод” стадионида бу бўйича иш бошланади.
“Андижон” матбуот хизмати.