Ўзбекистон суперлигаси 2018 йилги мавсумининг чемпиони аниқлади. Чемпионат тугашига 1 тур қолганида "Локомотив" футбол клуби ўз тарихида 3-чемпионликни расмийлаштирди. Боз устига, "темирйўлчилар" чемпионликни ҳал қилган ўйинда асосий рақиб — "Пахтакор"ни ўз майдонида мағлуб этишга муваффақ бўлди.
КАМИДА 3ТА ГОЛ
Арвеладзе жамоаси чемпионлик учун имкониятни сақлаб қолиш учун "Локомотив"ни камида 3та тўп фарқи билан ёки камида 4та гол урган ҳолда мағлуб этиши 2та тўп фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилар эди. Пахтакорчилар энг минимал мақсад 3:0ни кўзлаб учрашувни катта иштиёқ билан бошлашди. Уриб олинган тезкор гол уларнинг имкониятларни оширар эди. Аммо "темирйўлчилар" рақибнинг ўйин бошидаги босимига дош беришди.
ҚИЗИЛ КАРТОЧКА ҚАНИ?
Дарвоқе, меҳмонларнинг саъй-ҳаракатлари наф келтириши мумкин эди: Безерра дарвозабон билан яккама-якка вазиятга қочиб кетаётган паллада Анзур Исмоилов уни қоидага хилоф тарзда йиқитди. Барча пахтакорчилар ҳакамдан қизил карточка талаб қилишди. Аммо Аҳрол Рисқиллаев сариқ карточка билан чекланиб, назаримизда, тўғри қарор қабул қилди. Боиси, Тиаго бу ҳимоячидан ўтиб кетгани билан у билан параллел югураётган Ислом Тўхтахўжаев бор эди. Белгиланган жарима зарбасини Черан ноаниқ йўллади.
КУТИЛМАГАН ГОЛ
Учрашувдаги ҳисоб кутилмаган зарба билан очилди. Баҳснинг 19-дақиқасида Игорь Йелич 25-28 метрлардан кучли зарба беришга қарор қилди. Тўп дарвоза тўсини ва устун кесишга нуқтага тегиб, тўрга бориб тушди. Сербиялик футболчининг бундай зарба беришини кутмаган "Пахтакор" таянч зонаси футболчилари рақибга халал беришга уринишмади. Ўтказиб юборилган бу голдан кейин энди "Пахтакор" камида 4та гол уриши керак.
ЮЗ ЎГИРГАН ОМАДЛАР
Ўйиннинг 31-дақиқасида меҳмонлар ажойиб имкониятдан фойдалана олишмади. Қанотдан етказиб берилган узатмани Черан бош билан Безеррага ташлаб берди. Тиаго 4-5 метрлардан сакраб келган тўпга кучли зарба бера олмади — Нестеров тўпни ушлаб олди. Орадан 4 дақиқа ўтиб омадлар мезбонлар томонида бўлди. Қанотдан етказилган узатмани қайтариш чоғида ҳимоячи хатога йўл қўйди ва тўпни эгаллаган Машарипов 13 метрлардан зарба берди. Тўп устунга тегдию, нариги устун ёнидан думалаганча майдонни тарк этди.
Боз устига, орадан 2 дақиқа ўтиб "Пахтакор" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Жарима майдончасига ёриб кирган Зотеевни Шораҳмедов чалиб йиқитди. Марат Бикмаев 11 метрли жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисоб 2:0га етказди. "Пахтакор"нинг вазифаси ўзгармади: 4та гол уриш керак! Танаффусга қадар эса Арвеладзе шогирдлари бошқа хавфли вазият ярата олишмади.
КУТИЛГАН ГОЛ
Иккинчи бўлимни "шерлар" фаол бошлашди ва дастлабки тўпни киритишди. Қанотдан етказилган узатма натижасида дарвоза яқинида Черан тўпни қабул қилди ва дарвозани ишғол қилди 2:1. Мақсад сари 3та гол қолди...
ФОЙДАЛАНИЛМАГАН ИМКОНИЯТЛАР
Ушбу гол "Пахтакор" футболчиларининг иштиёқини ошириб юборди. Улар кетма-кет ҳужумлар ташкил қила бошладилар. Хусусан, яна чап қанотдан етказилган узатмани Черан дарвозага буриши мумкин эди, аммо унга бироз аниқлик етишмади. Шундай вазиятларнинг бирида Сайфиев узатма берганидан кейин Безерра олис устун томонда бош билан аниқ зарба бера олмади.
ҚЎПОЛ ХАТО ВА "ЛОКОМОТИВ" — ЧЕМПИОН!
Ўйиннинг 70-дақиқасида тўпни назорат қилаётган "Пахтакор" ҳимоячилари қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни Шоаҳмедовга олдириб қўйишди. Санжар дарҳол Бикмаев узатма берди ва Марат 20 метрлардан зарба бериб, ҳисобни 3:1га етказди. Мазкур гол амалда "Локомотив"ни деярли чемпионга айлантирган бўлса, "шерлар"да чемпионликни сақлаб қолишга бўлган умидини сўндириб қўйди.
ЯКУН
Бугун кам хато қилган ва ўз имкониятларидан самарали фойдаланган жамоа ғалаба қозонди. "Пахтакор" кўп вазиятлар яратди, аммо улардан оқилона фойдалана олмади. Боз устига, рақибнинг учинчи голида ҳимоячилар йўл қўйган хато қимматга тушди. Боз устига, ўйиннинг сўнгги қисмида мезбонлар кўпроқ хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида Безерра жамоасининг ҳисобни қисқартирди — 3:2.
Нима ҳам дердик, "темирйўлчилар" мавсум давомида ўтказилган 4та ўйиндан иккитасида ғалаба қозонишган бўлса, иккита ўйинда дуранг қайд этилди. "Пахтакор" футбол клубини кумуш медаль билан табриклаймиз. "Локомотив"га (кетма-кет) учинчи чемпионлик чемпионлик муборак бўлсин!
Ўзбекистон суперлигаси, 31-тур
"ЛОКОМОТИВ" - "ПАХТАКОР" 3:2 (2:0)
Голлар: Игорь Йелич (19), Марат Бикмаев (37-пенальти, 70) — Драган Черан (51), Тиаго Безерра (87)
Огоҳлантиришлар: Анзур Исмоилов (8), Ислом Тўхтахўжаев (62)
"Локомотив": Игнатий Нестеров, Кахи Махарадзе, Икром Алибоев, Марат Бикмаев (Сардор Рашидов 75), Сардор Мирзаев, Ҳусниддин Ғофуров (Темурхўжа Абдухолиқов 80), Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов, Олег Зотеев, Анзур Исмоилов, Игорь Йелич (Диёржон Туропов 67)
"Пахтакор": Элдор Суюнов, Фаррух Сайфиев, Шерзод Аъзамов, Марко Симич, Акмал Шораҳмедов, Азимжон Аҳмедов (Жасур Яхшибоев 35), Дилшод Раҳматуллаев (Жамшид Искандаров 82), Жалолиддин Машарипов, Драган Черан, Исмоил Гонсалвеш (Игорь Сергеев 77), Тиаго Безерра
Ҳакамлар: А.Рисқуллаев, Р.Нўъмонов, Д.Сайлавов, Э.Турсунов.
Назоратчи: А.Ҳотамов.
Комиссар: Б.Мирзаев.
2018 йил 26 ноябрь. Тошкент. "Локомотив". 2800 томошабин.