Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев келаси мавсум ҳам Суперлигада легионерлар лимити ўзгармаслигини эълон қилди.
Лицензиялаш бўйича регламентни ҳамма кўриб улгурган бўлса керак. Унда аниқ кўрсатиб қўйилганки, ўз футбол академиясига ва яхши майдонга эга бўлмаган футбол клубларига легионер футболчилар хизматидан фойдаланиш тақиқланади.
ПФЛ келаси мавсум учун ҳам легионер футболчилар лимитини 4+1 кўринишида сақлаб қолади. Бу лимит Суперлига ва Про-лига клублари учун бирдек амалда бўлади. Агар академия ва майдон масаласини тезроқ ҳал қилмаса, ҳозирги ҳолатда “Насаф” футбол клубидан бошқа бирорта клуб легионер футболчиларни рўйхатда ўтказа олмайди.
Бу ҳолат биринчи навбатда АГМК, “Локомотив” ва “Пахтакор” клубларини ҳаракатга келтириши керак. Чунки улар Чемпионлар лигасида иштирок этади. Ҳаммасида майдон ҳолати яхши. Бироқ футбол академияси масаласида клублар конкрет баёнот бераётгани йўқ. Агар улар 2019 йилги мавсум стартига қадар улгурмасликларига кўзлари етса, ЎФАнинг уларга таклифи бор.
P.S. Футбол академиялари ва яхши майдонларни керак деб билгувчи ОАВ ҳам бу борада ўз чиқишлари билан иштирок этиши мақсадга мувофиқ. Чунки биз клубларнинг ички муваффақиятларини кўрмоқдамиз, аммо пойдевор масаласида чўзилиш бор. Шуни тезлаштириш керак.