МИНСК – Беларусдаги Республика давлат олимпия захиралари билим юртидаги спорт мутахассислари тайёрлаш тажрибаси 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда жорий этилади. Бу ҳақда 10 декабрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Беларусь давлатига қилган ишчи ташриф давомида айнан мазкур масала бўйича Беларусь Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари билан музокара олиб борган. Вазир Беларусда йўлга қўйилган спорт мутахассисларини тайёрлаш тизими билан танишган.
Ўзбекистон делегацияси томонидан мазкур билим юртига ўқувчиларни танлаб олиш ва тайёрлашда амал қилинаётган тизим ҳамда тегишли йўналишлари бўйича ўқув режа ва дастурлар ўрганилган. Томонлар беларуслик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистондаги олимпия захиралари мактаб-интернатларида ушбу тизимни жорий этиш бўйича келишиб олишган.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети базасида Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда факультет очиш орқали таълим дастурини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган.
2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ҳамкорликдаги факультетда кадрлар тайёрлаш “2+2” тартибида амалга оширади, бунда талабаларга 2 йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети базасида назарий билимлар ўқитилса, кейинги 2 йил Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг ўқув-амалий (спорт) базаларида таълим берилади.
Бундан ташқари, томонлар қишки спорт турлари бўйича тренерлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишиб олишди.