"Реал" дарвозабони Кейлор Навас камида ушбу мавсум охирига қадар жамоада қолади. У қишки трансфер пайтида жамоани тарк этмайдиган бўлди. Бунинг учун бир нечта сабаблар бор, дея хабар тарқатди Marca нашри.
Биринчидан, Наваснинг турмуш ўртоғи февраль ойида фарзандни дунёга келтириши кутилмоқда. Мазкур оилавий сабаб туфайли футболчи Мадридни тарк этишни режалаштирмаяпти. Коста-рикалик посбоннинг Мадридда уйи бор. У фаолиятини якунлаганидан кейин шу ерда яшамоқчи.
Иккинчидан, Навас фаолиятини давом эттириш учун шу кунгача яхши таклиф олмади. Европанинг деярли барча топ-клублари ҳозирда юқори савиядаги асосий таркиб дарвозабонига эга. Бундан ташқари, ҳар қандай клуб ҳам унинг маошини тўлаб бера олмади. У ҳозирда "Реал"да 5 миллион евро йиллик маош олмоқда.
Шу боис, Кейлор Навас 2019 йилнинг ёзига қадар "Қироллик клуби" сафида қолади.
Дарвоқе, коста-рикалик футболчи бугун 32 ёшга тўлди.