Кўҳна шатранж билан биринчи рақамли спорт ўртасидаги узвийлик биз ўйлаганимиздан кўра анча кенгроқ. «Барселона»ни тарк этган Хосеп Гвардиола бир йилни Нью-Йоркда ўтказган ва бу давр ичида бир неча марта Гарри Каспаров билан спорт, иқтисодиёт ва технологиялар хусусида қизғин мулоқотлар қилганди. Шахмат оламининг собиқ тождори ва таниқли футбол мураббийи учрашувини тасаввур қилиш қийин эмас. Лекин бу икки спорт вакиллари ўртасидаги ғайритабиий ҳамкорликлар янада кўпроқ.
Октябрнинг дастлабки кунларида 20 ёшли Трент Александер-Арнольд охирги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенга қарши дона суриб, атиги 17 юришга яради. Норвегиялик тождор «Ливерпуль» ҳимоячисининг шахматдаги уқувига юксак баҳо берди. Трент эса тенгдошлари орасида ақл гимнастикаси шайдоларининг йўқлигидан нолиди. Ёш ҳимоячининг яшил майдондаги маҳоратига (у Карлсеннинг «АПЛ фэнтези» жамоасидан муқим жой олган) шубҳа йўқ. Лекин агарда Трент Феликс Магат билан учрашиб қолганида, анча жиддий синовлардан ўтишига тўғри келарди. «Темир Феликс» оғир атлетика ва триатлон ишқибози сифатида танилган бўлсада, қарийб 40 йилдан бери шахматни ҳам ардоқлаб келмоқда. Ҳаммаси 1978 йилда бошланди. Гепатитга чалинган Магат даволаниш даврининг бўш пайтларини Анатолий Карпов ҳамда Виктор Корчной ўртасидаги жаҳон чемпиони унвони учун кечган баҳс таҳлилига бағишлаганди. Кейинчалик мураббий Гарри Каспаровнинг шахмат ишқибозларига берган сеанс учрашувида иштирок этди ва сеҳрли ўйиннинг кўп фазилатларидан футболда фойдаланишини тан олганди. Масалан, файласуфларга хос донишмандликни: «Ҳар бир юриш пухта ўйланган бўлиши ва рақибга ноқулайлик туғдириши шарт!»
Спорт нашрларида Магатнинг номи кўринмай қолган ҳозирги давр-да шахмат билан футбол ўртасидаги уйғунликни Ла Лиганинг ижодкор мутахассисларидан бири бўлган Кике Сетьен кўпроқ зикр этиб туради. Испанияликлар учун у - ўзининг «Бетис»и билан тўпга эгалик қилиш бобида Гвардиола рекордини янгилаган ва кейинчалик «Лас-Пальмас»-ни савияли жамоалар қаторига олиб чиққан мураббий. Хорижлик мухлислар эса Сетьенни сўнгги 10 йил ичида «Реал» ва «Барселона»ни сафарда тиз чўктира олган илк мураббий сифатида биладилар. Бироқ бу - фақат футболга тегишли маълумотлар. Кике учун бунинг ўзи камлик қилади. Шахмат фигуралари ва асосий қоидалар билан Сетьен отаси орқали танишган, ашаддий мухлис бўлишига эса Борис Спасский ва Бобби Фишер ўртасида жаҳон шахмат тожи учун кечган баҳс сабаб бўлганди. 1972 йилда бўлиб ўтган «Аср жанги» мақомидаги қарама-қаршиликнинг аҳамияти ҳақида Сетьен бир неча йилдан кейин El Mundo газетасида «Рейкьявикдан кейин уларга нима бўлганди?» номли мақоласини чоп эттирди. Ҳа, қайси фигуранинг қандай ҳаракатланиши ҳақидаги тушунчалар энди Кике учун камлик қилиб қолганди. Ўша машҳур беллашувдан кейин у ва унга ўхшаган миллионлаб болакайлар ўзларини шахмат назариясига оид китобларга уришди, Алёхин, Ботвинник ва Капабланканинг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ қизиқарли фактлар билан танишишди. Айримлар дебютлар таҳлилига зўр беришди. Сетьен эса табиийки, Бобби Фишернинг ноёб истеъдоди таъсиридан фориғ бўла олмаган, шахмат оламини барвақт (1972 йил финалидан кейин америкалик шахматчи бирорта расмий мусобақада иштирок этмади) тарк этганига кўника олмади. «У буюк ва бетакрор заковат соҳиби эди. Афсуски, бизга ноёб иқтидоридан кўпроқ баҳраманд бўлиш имкониятини бермади. Фишернинг бу қилиғи менга Марадонани эслатади - футбол қироли ҳам яна бир неча йил ўз мухлисларини хушнуд этишга қодир эди», - дейди Сетьен. Буюк, лекин фитначи чемпионга некролог ёзиш масъулиятини ҳам El Mundo айнан Кике Сетьенга топширди.
Кике Сетьен шахматнинг футболга яқинлиги хусусида
2016 йилнинг кузида бўлиб ўтган «Лас-Пальмас» - «Реал» учрашуви арафасида Marca нашрида ғаройиб интервью чоп этилди: Сетьен футбол ҳақида шахмат ёрдамида мулоҳазалар билдирди. Қуйида унинг фикрлари баён этилган:
- Ҳужумга ўтганда ҳимояни унутмаслик лозим. Бирорта ҳам фигура ҳаракатсиз турмаслиги керак. Футболда савияли жамоанинг барча аъзолари аҳиллик билан ҳужумга отланиб, ҳимояга ҳам бирга қайтадилар. Тажрибасиз шахматчилар ўйламай-нетмай пиёдаларини олдинга сурадилар, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги хаёлларига келмайди.
- Ўхшашликлар жуда кўп: тахта ёки майдон марказини пухта назорат қилган томонда ғалаба қозониш имконияти кўпроқ бўлади.
- Футболда ғалаба ҳар доим кучли жамоага насиб этавермайди. Қисқа муддатли мусобақаларда ҳатто юксак савияли жамоа ҳам ажойиб ўйин кўрсатган ҳолда ғолибликни бой бериб қўйиши мумкин. Шахматда омаднинг улуши жуда оз.
- Шахмат ўйини футболнинг бош-қачароқ, шу пайтгача мен билмаган қирраларини кашф этишга ўргатди. Бутун эътиборни тахтадаги вазиятга қаратгандан кўра, унинг оқибатини аввалдан тахмин қилиш муҳимроқ аҳамиятга эга.
- Шахмат илмининг поёни чексиз. Футболда бундай мураккаблик йўқ. Лекин уни тушуниш ҳар кимга насиб этавермайди.
- Бир сафар Marca «Реал» ўйинчиларини шахмат доналарига қиёслашни илтимос қилди. Шунда мана бундай манзара ҳосил бўлди: Модрич - фарзин. Футболдаги ҳар қандай сценарийни осон тушуна оладиган универсал жангчи. Бу фазилат мен учун жуда муҳим. У ярим ҳимоя-ни бошқаради, ўйинни аъло даражада ўқийди, худди фарзиндек ҳаракатчан. Криштиану (ҳозир «Ювен-тус»да) - ажойиб якунловчи. У мот эълон қилувчи фигура. Уни рух, фарзин ёки рақиб ҳудудига етиб келган довюрак пиёдага қиёслаш мумкин. Мората (ҳозир «Челси»да) ва Бэйл - ўта тезкор ўйинчилар, улар филларни эслатишади.
Сетьен маҳоратини сир тутади
«Клубимиз президенти билан шахмат ўйнаб тураман. Икковимиз ҳам маҳорат бобида мақтана олмаймиз. Аммо ўйиннинг завқи ўзгача. Савиямиз бир хил бўлгани боис, хотиржам дона сураман, футбол ташвишларини унутаман», - дейди Кике. Сетьеннинг эътирофи самимий бўлсада, ҳаммасига ишониш тўғри эмас. Албатта, «Бетис» бош мураббийи тимсолида буюк шахматчи яширинмаган, унинг режаларида йирик мусобақаларда дона суриш нияти мавжудлигига шубҳа бор. Аммо Кике Андалусиянинг энг ношуд шахматчиси эмаслиги аниқ. ФИДЕнинг расмий сайтида унинг номи зикр этилган, Эло рейтингидаги 2055 балл кўрсаткичи - ҳурматга лойиқ натижа. Йиллар бў-йича қайд этилган натижалардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Сетьен анчадан бери балл бериладиган турнирларда қатнашмаяпти.
«Ҳаваскор шахматчи учун ажойиб шароит. Мураббий спорт устаси унвонига номзод даражасига яқин савияга эга. Юксак натижа! Бундай рейтингга эришиш учун профессионал шахматчи бўлиш шарт эмас. Спорт усталари ва гроссмейстерлар иштирокидаги мусобақаларда ҳаваскорлар ҳам бемалол дона суришлари мумкин. Кике айнан шунақа турнирларда очко жамғарган. Ҳа, у ўз иштирокини тўхтатиб қўйса ҳам, рейтинги пасайиб кетмайди. Шахматчи шунчаки «пассивлар» гуруҳидан жой олади ва истаган пайтида мусобақаларга қайта олади», - дея изоҳ берди ўзининг юлдузли онларини кутиб юрган Олег Баранцев.
Шу йилнинг баҳорида Кике Сетьен ҳамда унинг спарринг-ҳамкори бўлмиш «Бетис» президентини Испаниянинг кучли шахматчиларидан бири Давид Антон Гихарро синовдан ўтказди. Мазкур учрашув Ла Лига матбуот хизмати ташаббуси билан уюштирилгани боис, баҳслар бу икки спорт турлари ўртасидаги узвийлик мавзусига уланиб кетди. Янги асрнинг илк йилларида Сетьен Владимир Крамник ва 12 ёшли Сергей Карякинлар билан куч синашганди. Яқинда мураббий ўз интервьюсида бир пайтлари шахсан Гарри Каспаровга қарши дона сурганини тасдиқлади.
Маълум бўлишича, Кике ва Гарри бир йўла икки марта ўзаро дуч келишган. Ўша пайтда Сетьен тўп сурган «Атлетико»дагилар унинг шахмат ишқибози эканлигидан яхши хабардор эдилар. «Бир куни менга қўнғироқ қилиб, Каспаров шаҳримизда эканлиги ва ҳаваскорларга сеанс бериши ҳақида айтишди. Мен эса Гаррининг футболга бефарқ эмаслигини билардим. Шу сабабли аввал яшил майдонда учрашишимизга шубҳа қилмадим. Биринчи бўлимда биз қарама-қарши жамоаларда тўп сурдик. Танаффусда Каспаров унинг жамоасига ўтишимни илтимос қилди. Мен либосимни алмаштириб, у билан ёнма-ён ўйнай бошладим. Тўпни эгаллаб олгач, Гаррини қулай вазиятга олиб чиқиш па-йида бўлдим. Аммо унинг зарбалари гоҳ ноаниқ, гоҳ дарвозабоннинг ўзига йўлланарди. Хуллас, Каспаровга гол уриш насиб этмади. У билан шахмат тахтаси атрофида ўтказган баҳсимиз эса мен учун бебаҳо тажриба бўлди», - дея суҳбатга хотима қўйди ўз вақтида «Реал» ва «Барса»ни мот қилган «Бетис» бош мураббийи.