France Football Лука Модрични 2018 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этгач, россиялик касбдошларимиз «Олтин тўп»нинг сўнгги соҳиби билан 2008-2012 йилларда «Тоттенхэм» шарафини ҳимоя қилган Роман Павлюченкодан интервью олишди.
«ЛУКА УЧУН «ТОТТЕНХЭМ» ОРАЛИҚ БЕКАТ ЭДИ»
- Парижда ўтказилган тақдирлаш маросимини телевизор орқали томоша қилган бўлсангиз керак. Нуфузли нашрнинг танлови сизни лол қолдирдими?
- Менимча, бу йил Модричга аталди. Шу боис, ФИФА ва France Football қарорларига қўшиламан. Ҳа, ЖЧда Франция зафар қучди. Аммо хорватлар учун кумушнинг нуфузи олтиндан кам эмас. «Реал»нинг ЕЧЛдаги ғалабасини инобатга олсак, Луканинг тенги йўқ. Сўнгги йилларда у нуфузли соврин учун астойдил тер тўкди ва ҳақли равишда тақдирланди. Бундан жуда хурсандман.
- Модрич «Тоттенхэм»да тўп сурган пайтларда унда «Олтин тўп» соҳибининг аломатлари бормиди?
- У пайтда Роналду ва Мессилар даври бошланганди. Табиийки, 8 йилдан кейин Лука шундай ҳурматга сазовор бўлишини хаёлимга келтирмаганман. Лекин ўша йиллардаёқ «Тоттенхэм» Лука учун оралиқ бекат эканига амин бўлгандим. Буни Модричнинг ўзи ҳам яширган эмас. Суперклубга ўтиш истаги яққол сезилиб турарди. Унинг «Барселона» ёки «Реал» сафига қўшилишини тахмин қилгандим. Бу рўёбга чиқди.
- Ўйин борасида Модричнинг «Тоттенхэм»даги ва ҳозирги ҳаракатларида фарқ борми?
- Ҳозир Луканинг тажрибаси сезиларли даражада ошди. Охирги 5 йилда 4та ЕЧЛ кубогини қўлга киритиш - ҳазилакам иш эмас! Ўша зафарли мавсумларнинг барчасида у доимо етакчилар сафида бўлди. Тўғри, Роналду ҳам жамоада эди. Бироқ Лука ўз ўрни ва нуфузига эга юлдузлар сафида юрди. «Тоттенхэм»да-ку барча ҳужумлар айнан у орқали амалга оширилган. Модричсиз ўтган ўйинларда доимо муаммоларга дуч келардик. Бу ҳолат Россия мундиалида ҳам бўй кўрсатди. Агар Модрич бўлмаганида, Хорватия финалга чиқа олмасди.
«ҲАЁТДА СУВДЕК СОКИН, МАЙСАДЕК МУЛОЙИМ»
- Ёзда у билан учрашишнинг иложи бўлдими?
- Шундай бўлишини жуда истагандим. Аммо тақдир тақозосига кўра, Хорватиянинг бирорта ўйинига боришнинг иложи бўлмади. Барча беллашувларни, бизга қарши чорак финал учрашувини ҳам телевизор орқали томоша қилдим.
- Модрич Месси-Роналду даврига нуқта қўйди. Энди ҳар йили 2000 йиллардаги каби «Олтин тўп»нинг янги соҳибларига гувоҳ бўламизми?
- Мен Лео ва Криштини рўйхатдан чиқаришга ошиқмаган бўлардим. Янги йилда ЕЧЛ кубоги «Барселона» ёки «Ювентус»га насиб этса, соврин уларнинг бирига тегиши мумкин. Бу футболчилар ҳамон ёрқин ўйин кўрсатишмоқда. Тўғри, ҳамма нарса ўткинчи - бир юлдуз ўрнини бошқаси эгаллаши аниқ. Балки Килиан Мбаппе катта саҳнага чиқар? Модрич ҳам айни навқирон даврида.
- Лука - майдондаги етакчи. «Тоттенхэм» кийиниш хонасида ҳам шундай мақомда эдими?
- Йўқ. Кундалик ҳаётда Лука сувдек сокин, майсадек мулойим йигит. Машғулотларда ҳам кимгадир бақиргани, ақл ўргатгани ёки тортишганини кўрган эмасман.
- Инглиз тилида яхши сўзлаша оладими?
- Деярли мукаммал даражада. Париждаги маросимда ўзингиз ҳам бунга гувоҳ бўлгандирсиз?