Тошкент шаҳрида футбол бўйича мураббийлар учун «Про» дипломи учун ўқув-курслари бўлиб ўтмоқда. Мазкур курсларда 21 нафар мураббий иштирок этмоқда.
Кеча Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов мазкур курсларда ўқиётган мураббийлар билан учрашди.
Учрашувда FIFA ва AFC инструктори Ислом Аҳмедов, Рўзиқул Бердиев, Нўъмон Ҳасанов, Даврон Файзиев, Ҳамиджон Актамов, Жасур Абдураимов, Рустам Абдуллаев ҳамда Баҳром Ҳайдаров каби мураббийлар иштирок этди. Умид Аҳмаджонов учрашувни бошлар экан, футболни ривожлантиришда мураббийларнинг роли беқиёс эканлигини айтиб ўтди.
“Футболни ривожланишида сиз – мутахассисларнинг ролингиз жуда катта. Мураббийлар савиясини оширмай туриб, футболни юқори поғонага кўтариб бўлмайди. Ўзбекистонда футболни ривожлантириш йўлида ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим.
Шу мақсадда, Суперлига мураббийларидан иборат кенгаш тузишни ва ушбу кенгашга тегишли ваколатлар беришни режалаштирмоқдамиз. Кенгашда сизлар ҳам бўласизлар. Фаолликни ошириб, Ўзбекистон футболи равнақини юксакларга кўтаришимиз лозим”, – деди Умид Аҳмаджонов.
Йиғилиш давомида шунингдек, мураббийлар малакасини ошириш учун уларни хорижий клубларда малака оширишлари, дунёнинг етакчи клублари академияларида иш ўрганиб қайтишлари кераклиги таъкидлаб ўтилди. Дўстона руҳда кечган учрашувда мураббийлар Умид Аҳмаджоновга ўз таклифларини бериб, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.