21 декабрь куни Андижон шаҳрида академияларнинг спорт ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда таҳлилчилари учун ўқув-семинари бошлангани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.
Семинар давомида иштирокчиларга академия тарбияланувчилари машғулотларини қандай тасвирга олиш ва тасвирган олинган материалдан қай тарзда фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар бериб борилмоқда. Шунингдек, тайёр видеоёзувларни қандай таҳлил қилиш бўйича ҳам батафсил маълумот бериляпти.
Кеча семинар қатнашчилар Андижон болалар ва ўсмирлар футбол академиясининг 2005 йилда таваллуд топган тарбияланувчилари ўқув машғулот жараёнида бевосита иштирок этишди. Шундан сўнг, Қирғизистон Республикасининг Ўш футбол академияси 2003 йил тарбияланувчилари ҳамда Андижон вилояти болалар ва ўсмирлар футбол академияси тарбияланувчилари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиб, якунда андижонликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
ЎФА томонидан ташкил этилган мазкур ўқув-семинари бугун ўз ниҳоясига етади. Семинарнинг сўнгги кунида ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академияларининг спорт ишлари бўйича директор ўринбосарлари якуний ҳисоботларини топширишади.