2018 йил якунига етиб бормоқда. Хўш, ушбу йилда ўзбек футболида қандай ўзгаришлар юз берди? Юртимиз футболи қандай ютуқларга эришди? Шу ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Янги тизим
Ўзбекистон Пепси Суперлигамиз бу мавсум оз бўлса-да келажакка умид уйғота олди. Тўғри, мавсум сўнгида «Бухоро», «Насаф», «Бунёдкор» сингари жамоалар молиявий муаммолар қурбонига айланиб, кўнгилни хира қилишди. Лекин тан олиш керак, «Навбаҳор» ва «Бухоро» клуби ўз имкониятларидан ошиқроқ ҳаракат қилиб, биринчи даврани қизғин ўтишини таъминлаб бера олишди. Илк бор вилоят клублари чемпионлик учун курашда қатнашишди. Тўғри, камчиликлар ҳам бор ,аммо факт шундаки, янги тизим йўлга қўйилди. Энди шу тизимни такомиллаштириш ва молиявий муаммоларни ҳал қилиш керак.
Янги бош мураббий. Эктор Купер.
Янги умид. Тўғри, термамизнинг узоқ вақт бўш ётган постига кеч бўлса ҳам ваъда қилинганидек, четдан мураббий олиб келинди. Тўғри, у Венгер ёки Конте эмас, лекин янгиланишни амалга ошираётган ЎФА учун бошланиши чакки эмас. Маҳаллий мураббийлардан чарчаган мухлисларнинг Купердан умидлари жуда ҳам катта. Биз ҳам ундан Осиё кубогида улкан ғалабалар кутиб қоламиз.
U23 терма жамоамизнинг Осиё чемпионати ғолиблиги.
Мана буниси одамни қувонтирадиган ҳолат. Узоқ кутилган чемпионлик ва ғолиблик руҳи. Мустақиллик ўғлонлари Осиёда тенгсиз эканлигини ҳамма учрашувда кўрсатиб қўя олишди. Айниқса, чорак ва ярим финаллардаги ёрқин ғалабалар шу сўзларимизга исбот. Чемпонлик ўз йўлига, бу жамоа бизга келажак учун Алибоев, Сиддиқов, Ҳамробеков, Турсунов, Яхшибоев, Ғаниев, Ҳамдамов сингари тайёр футболчиларни ҳам кўрсатиб бера олди. Ҳозирда уларнинг деярли ярми хориж клубларига ўтиб кетишди. Бу эса икки ҳисса қувонтиради. Бундан аввалги Жепаров, Кападзе, Нестеров, Шацкихларнинг даврларидан сўнг янги авлоднинг ҳам улардан ҳеч жабҳада қолишмаслиги бизга келажакдан умид қилиш ҳиссини уйғотмоқда. Асосийси, олимпия жамоамиз бизда футбол ҳали ўлмаганини ҳаммага кўрсатиб қўйишди.