Биз интиқиб кутган кун ҳам келди. Бугун - миллатимиз жамоаси майдонга тушади! Бугун - юртимиз байроғи БАА давлатида мағрур ҳилпирайди! Бугун-севимли футболчиларимиз ўйинларини юракларда ҳаяжон билан мириқиб томоша қиламиз! Қисқа қилиб айтганда, бугун футбол, Ўзбекистон терма жамоаси ўйнайди! Дўппини қўлга олиб ўйласак, иложи борича узоқроққа бориш учун энди бизга иккинчи ўрин керак эмас. Сабаби, бу ўрин бизни катта эҳтимол билан Австралия термасига рўбаро қилади. Биринчи ўрин эса, қадрдон рақибларимиз - Қатар термаси билан ўйнаш имконини беради.
Кўпчилик мухлислар Австралияни бу турнирда кучсизроқ дея атамоқда, лекин, мен бу фикрга қўшилмаган бўлардим. «Соккеруз»лар ўйиндан-ўйинга очилиб боришади. Чорак финалдаги Австралия анча кучлироқ бўлиши аниқ! Бизнинг жамоа учун 1-ўринни олиш энди мажбурий! Уммон ва Туркманистон термаларига қарши кечадиган учрашувларда кўпроқ гол киритиб, Япония билан бўладиган ўйинда қарши ҳужум тактикасида ўйнаб, голлар фарқи эвазига бўлса ҳам гуруҳда 1-ўринни олишимиз бизга плай офф да анча қулайликлар яратади. Шундай экан, бугун футболчиларимиздан фақат ғалаба эмас ,йирикроқ ҳисобдаги натижани кутиб қоламиз! Япония термасини ютадиган даврларимиз келганига анча бўлди, хатто бироз ўтиб ҳам кетди. Бу Осиё кубогига бундан аввалгиларига нисбатан анча ўзгача таёргарлик кўрилди. Хориждан мураббий, бир нечта савияли ўртоқлик учрашувлари, кетма-кет йиғинлар…
Навбат чиройли футбол ва натижага. Майли, иккисидан бирини танлаш керак бўлса, шахсан мен натижани танлаган бўлардим. Сабаби, бундан аввалги Осиё кубогларида жуда чиройли ўйин намойиш этганмизу, лекин натижа бўлмаган эди. Майли, бу турнирни «чиройли ўйнаган эдик»,- деб эмас, «чемпион бўлган эдик»,- дея эслаб юрайлик! Миллий терма жамоамизга бугунги учрашувда ва турнир мобайнида Яратгандан куч-қудрат тилаб қоламиз.
«Олға, оқ бўрилар!»