Акмал Эшонхонов
Ал-Айн шаҳридан махсус
Япония терма жамоаси эртага, 17 январь куни Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида Ўзбекистонга қарши майдонга тушади.
Бўлажак ўйин олдидан Англиянинг “Саутгемптон” клуби ҳамда Япония термаси сардори Мая Ёшида Ўзбекистонга қарши ўйинда мураббий ёшларга эътибор бериши кераклигини айтиб ўтди.
“Албатта, Ўзбекистонга қарши ўйинда қандай натижа қайд этишимиз бевосита мураббийга боғлиқ. Чунки таркибни у танлайди. Икки ўйинда ҳам ғалаба қозондик. Учинчи ўйин қийин бўлади, балки мураббий Ўзбекистонга қарши ёшларни майдонга тушириши ҳам мумкин.
Осиё кубоги мусобақасида ёш жамоадошларим ҳам ўзларини синаб кўришларини истардим. Бу турнир катта бозор ва ёшларга келажакда яхши клубларда ўйнашлари учун катта имконият. Улар шу йўл билан терма жамоанинг асосий футболчиларига ҳам айланишлари мумкин.
Албатта, расмий учрашув босими ўртоқлик ўйинидан умуман фарқ қилади. Аммо мен бу ўйинда жамоа ички муҳитидаги аҳилликни кучайтириш учун ҳам ёшларга имконият бериш керак деб ўйлайман. Менимча, бу бизга қўшимча куч беради, шундай усул билан жамоани тўғри йўлга тўғирлаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Осиё Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган сўнгги тур учрашувини Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ал-Айн шаҳридаги "Халифа бин Зайд" стадионида Японияга қарши ўтказади. Мазкур баҳсни БААлик ҳакам Муҳаммад Абдулла Ҳасан Муҳаммад бошқаради.