Тақдирнинг шавқатсиз хоҳиши эвазига учралган мағлубият эртанги ғалабанинг калити бўлиб хизмат қилишини кўп бор гувоҳи бўлганмиз.
Бугунги тун ўзбек футбол мухлисларининг ҳаётларидаги энг узуни бўлса, ажаб эмас, лекин тан олайлик футболчиларимиз бугун майдонда борини беришди.
Эктор Купер ўз фалсафасини жамоага сингдира олганини учрашувда гол ўтказиб юбормаганимиз билан бемалол изоҳласак бўлади.
Бу турнирда жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қилган футболчиларимизга ҳеч кимда негатив фикр бўлмаса керак. Зеро, улар бугун ўз бўйлариданда баландроқ сакрай олишди.
Ўйин ҳақидаги фикримни бир оғиз сўз билан ифода этаман: Бизнинг миллий терма жамоамиз ЕНГИЛМАДИ! Шунчаки, омад биздан юз огирди, холос.
Эктор Купер 4 ойдан сал кўпроқ вақт мобайнида «нимадир» қила олди. Ўзбек футболига бегона бўлган тартибли ҳимоянинг ҳиди жамоамиз ўйинидан шундоқ келиб турипти.
Бу мақола бугунги ўйиннинг антиқаҳрамонларини оқлаш, ёки бошқа мақсадда ёзилмади. Бугунги тунни худди мендек юраги ўртаниб, қандай ўтказишни билмай, дунёларга сиғмай кетаётган фанатлар кўнглидаги мағлубият аламига озгина бўлсада малҳам бўлишини хоҳладим, холос.Бу турнирдаги қайд этган натижамиздан қатъий назар терма жамоам билан фаҳрланаман. Улар бугун Осиё кубогининг амалдаги чемпионлари билан арслонлардек сўнгги сонияларгача курашишди, лекин футболда омад деб аталадиган шавқатсиз фактор бугун энг ҳал қилувчи паллада Австралия томонига ўтиб кетди…
Ҳаёт ўз ритмида давом этмоқда. Бугунги мағлубиятимиз эртанги кунга бўлган ишончимизни заррача ҳам камайтирмаслиги шарт! Сабаби, биз ҳали «катта» майдонларга, «катта» ғалабар учун, албатта, қайтамиз.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев