Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (15-0-0, 9КО) Американинг машҳур Top Rank промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади, дея хабар бермоқда Go Sport.
Маълум бўлишича, Абдуқаҳҳоров компания билан 2019 йилда учта жанг ўтказиш бўйича келишувга эришган. Жангларнинг энг камида биттаси чемпионлик камари учун кечиши лозим бўлади.
Янги ҳамкорликнинг биринчи самараси сифатида Абдуқаҳҳоров 30 март куни АҚШда япониялик Кейта Обарага (20-3-1, 18КО) қарши рингга кўтариладиган бўлди. Олдинроқ мазкур жанг 5 январ куни Малайзияда бўлиб ўтиши лозим эди. Аммо промоутерларнинг келиша олмагани сабаб жанг қолдирилганди. Top Rank жангни ташкил қилиб берадиган бўлди.
Абдуқаҳҳоров ва Обара ўртасидаги жанг ярим ғолиби IBF чемпионлик камари учун биринчи рақамли даъвогарга айланади.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Абдуқаҳҳоров IBF рейтингида 4-ўринда бормоқда. Обара эса 6-ўринда қайд қилинган.
Top Rank промоутерлик компанияси дунёнинг энг машҳур компаниялардан бири саналади. Компания дунёнинг бир қатор етакчи боксчилари Василий Ломаченко, Теренс Кроуфорд, Александр Усик, бундан ташқари ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Фазлиддин Ғоибназаров билан ҳам шартнома имзолаган.