Кеча тунда бўлиб ўтган учрашув кўпчиликда икки хил таассурот уйғотган бўлса, ажаб эмас. Бугун ушбу учрашувни таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.
Симеоне танлаган тактика
«Атлетико Мадрид» жуда кам ҳолатларда очиқ футбол ўйнайди. Симеоне шогирдлари ҳимояда бехато ўйнаб, ўз имкониятлари ва рақиб хатосини кутади. Мана бир неча йилдирки, керакли натижага эришиб келмоқда. Кеча Симеоне ўз шогирдларини 3 та вазифа билан майдонга туширди. Позицион ҳужумга ўтмаслик, рақибни майдон марказида катта куч билан кутиб олиш, стандартлардан максимал даражада фойдаланиш. Ажабланарлиси шундаки, «матрасчилар» бу кўрсатмани тўлиқ бажаришди. «Реал Мадрид»га қарши кечган учрашувдан фарқли ўлароқ жамоа таркибда ва тактикада кутилмаган ўзгаришни амалга оширди. Бу учрашувда «Атлетико» рақибини тўлиқ майдон марказида кутиб олди. Годин ҳатто Роналдуни «Юве» майдончасигача бир неча бор таъқиб қилиб борди. «Атлетико» ўз услубидаги ҳимоядан позицион ҳужумга чиқишдан бутунлай воз кечди ва ўйин тизгинини бошқа томонга буриб юборди. Учрашув мобайнида Симеоне шогирдлари чуқур ҳимояланишмади. Рақибни майдон марказида катта куч билан кутиб олишгани учун бунга ҳожат қолмаган эди. Айнан шу услубга таянган ҳолда уюштирилган қарши ҳужумни эсланг. Агар Коста ўша зарбани голга айлантира олганида, учрашувда яна ҳам йирикроқ ҳисоб қайд этилган бўлармиди?
«Ювентус»
Аллегри ушбу учрашув учун классик 4-3-3 тактикасини танлади ва Симеонега ўйинни бой берди. Аллегри рақиб ҳужумларини бузиши учун майдонга туширган Бентанкур ва Матюйди деярли ўйинга қўшилишмади. Сабаби «Атлетико» позицион ҳужумга ўтмади ва ҳужумни марказдан уюштирмади. Аллегри ушбу учрашувда тактика устаси бўлса-да, Симеоненинг тузоғига тушди. Ўйин мобайнида «Юве» ҳужумчилари майдон марказида ўйнашга мажбур бўлишди.
Бу эса ўз навбатида тезкор қарши ҳужум уюштириш учун «кекса синьора»га имкон бермади. Италия "А" сериясида чуқур ҳужумда ўйнайдиган Манжукич "Метрополитано" стадионида марказий ярим ҳимоячи бўлиб ўйнади. Аллегри Роналдунинг ижодкорлигига умид қилган бўлса, Симеоне айнан Рони учун ўз ҳимоячиларини ўта агрессив ҳаракат қилишини талаб қилди. Оқибатда, Дибала ва Роналду учрашув мобайнида жарима майдончасига етмасдан бир неча бор тўхтатилди.
Ўйинни ҳал қилган омил
Захирадан ўйинга қўшилганлар учрашувни ҳал қилишди десак, адашмаган бўламиз. Аллегри Эмре Жанни майдонга туширди ва ўйинни «ўлдириш»га урғу берди. Симеоне эса таянч ярим ҳимоячиси Партининг ўрнига Лемарни майдонга тушириб, маррага яқин қолганда тезликни оширди. Мората ва Коста ракировкаси ҳам стандарт вазиятлардаги устунликни таъминлаб берди. Кечаги ўйиндаги «Атлетико» ютуғининг асосий омили бўлмиш ғалабага бўлган кучли хоҳиш ва истак ўйинга сўнгги нуқтани қўйди.
Жавоб ўйини
Катта эҳтимол билан Симеоне кейинги учрашувда кечаги услубни қўлламайди. Ўз услубига хос тарзда секинлик билан ўйин темпини пасайтириб боради ва охирида тўлақонли синдиради. Аллегри агар жавоб ўйинида муносиб юриш қилиб ҳамкасбига жавоб қайтара олмаса, биз «Ювентус»ни шу босқичнинг ўзида қолиб кетишининг гувоҳи бўлишимиз аниқ.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев