Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Самвел Бабаян билан суҳбат

Баҳо:
+ | -1

Бугун Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўзбек футболининг машҳур инсонларидан бири Самвел Бабаян клуб президентининг маслаҳатчиси бўлганини эълон қилди. Бу кутилмаган хабар бўлди, чунки ЎФА мураббийни футболдан четлаштирган эди. Бу масалага ойдинлик киритиш ва Самвел Бабаяннинг терма жамоадан кетгач нима билан банд бўлгани ҳақида саволларга жавоб олиш учун tribuna.uz сайти мухбири мураббий билан суҳбатлашди.

— Бугун ўзбек футболига қайтганингиз мухлислар орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Терма жамоадан кетгач чет элдаги фаолиятингиз ҳақида барча эшитган. Лекин ҳозиргача нималар қилганингизни ўз тилингиздан эшитсак...
— Ўтган вақт давомида Латвияда бўлдим. Юрмаланинг «Спартак» жамоасида ишладим. У ерда ёмон ишламаётгандик. Лекин кейинроқ маълум бўлдики, менинг Осиёда олинган лицензиям Европада ўтмас экан. Сўнг раҳбариятда фаолиятимни давом эттирдим. Яқинда менда «Локомотив»дан таклиф бўлди ва Ўзбекистонга қайтдим. Ким нима деса, десин, мен ватанимни яхши кўраман ва доим унга қайтгим келади. «Локомотив» ҳозир янги даражага кўтарилишни мақсад қилган. Бу йўлда фойдам тегса, хурсанд бўламан.

Мен футболга бугун кириб келганим йўқ. «Пахтакор»да етарли тажриба тўплаганман. «Локомотив»да клуб президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлайман. Бугун жамоа билан учрашдим, эртадан ишга киришаман. «Локомотив» келажак учун асос қурмоқчи, яъни академиясини кучайтирмоқчи. Мен селекция ишлари билан ҳам шуғулланаман.

— Демак мураббийлар штабида фаолият юритмайсиз?
— Йўқ. Лекин кабинетда ҳам ўтирмайман. Мен кабинетда ўтириб ишлашни ёқтирмайман. Жамоа учун янги футболчилар қидириш билан шуғулланаман. Эртагаёқ клуб академиясига бориб қилиниши керак бўлган ишларни белгилаб оламиз. Кучли клубларнинг академиялари, хусусан «Краснодар» клуби академияси билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиламиз. Биз «Коппа Карнавале»да қатнашишни бошлаймиз. Бу мусобақада «Пахтакор»нинг ёш футболчилари мунтазам қатнашарди. Кейинги йилдан «Локомотив» дунёнинг 40 та кучли жамоалари қатнашадиган бу ёшлар мусобақасида ўйнайди.

— Яқинда сизнинг «Сурхон» жамоасида иш бошлаганингиз ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Мен у ерда ишлаганим тўғри эмас. «Сурхон» бош ҳомийси «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангинов мени жамоага таклиф қилгани рост. У билан баъзи нарсаларни маслаҳат қилдик, лекин жамоада расман иш бошламагандим.

— «Локомотив» сизнинг клубда иш бошлаганингизни эълон қилгач, кўпчилик ажабланди. Чунки ЎФА сизни футболдан четлаштирган эди...
— Сизга мана бу ҳужжатни кўрсатишим керак. Мени дисквалификация қилишганидан икки ҳафта ўтгач уни бекор қилишган. ЎФА ижроқўмининг 2018 йил 1 февралдаги 5-сонли қарорига кўра дисквалификация бекор бўлган (мураббий Kun.uz’га ҳужжатни тақдим этди). Мени четлатишганда ҳам, дисквалификация бекор бўлганида ҳам мен бўлмаганман. Ўзимни оқлашга ҳам уринганим йўқ, чунки мен Москванинг «Спатрак» клубида малака оширишга кетгандим. У ерда мендан қандайдир ҳужжат талаб қилишмасди. Кейинчалик Латвиянинг «Спатрак» клубига ишга кетдим. Мен ПР қилишни эмас, ишлашни яхши кўраман, менга кўпроқ ишлаш ёқади. Шу сабаб четлатиш бекор бўлгани ҳақида овоза қилмадим.

— Москванинг «Спатрак» клубида тажриба оширганингиз ҳақида гапириб берсангиз. Сизни у ерга ишлагани бордингиз деб ўйлагандик.
— «Спартак»га борганимдан сўнг мен билан суҳбат қилишди. Кейин у интернетга чиқиб кетди. Мени ён томондан расмга олишганди ва худди интервью бераётгандек кўринганман. Аслида у ерга шунчаки тажриба орттириш учун боргандим. Мендан Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи нега бизда тажриба орттиряпсиз, деб сўрашди. Мен эса Каррера кучли мураббий эканини, ундан ўрганмоқчи бўлганимни айтдим. Ахир Каррера «Ювентус»да Конте билан бирга ишлаган. Италия тактика борасида тенгсиз ҳисобланади. Улардан кўп нарса ўрганиш мумкин.

— Терма жамоадан кетганигиздан сўнг мухлислар қандай танқид қилишганини билсангиз керак. Қанчалик катта босим остида қолганигизни ҳис қилганмисиз?
— Мен профессионалман ва буларни нормал қабул қиламан. Юқорида айтдим, ким нима деса ҳам, мен ватанимни яхши кўраман. У учун нимадир қилгим келади. Шу сабаб Ўзбекистонга қайтдим. Терма жамоа учун мени танқид қилишганини биламан. Лекин мен терма жамоа мураббийлигида майдонда боримни берганман. Қўлимдан келганини қилганман. Мен терма жамоа бош мураббийи бўлишдан олдин бунинг қанчалик катта масъулият эканини билардим. Менимча, биз албатта Жаҳон Чемпионатига чиқамиз. Бунга ишончим комил, чунки бизда яхши футболчилар кўп.

Менинг мақсадим ана шундай талантлардан кўпроғини излаб топиш. Бу ишни олдин уддалаганман. Энди «Локомотив»да ҳам шуни такрорлашга уриниб кўраман. Мен 15 йил «Пахтакор»да ишлаганман. Бу вақт давомида клубнинг 42 та футболчиси терма жамоада дебют қилди. 200 та футболчи турли ёшдаги терма жамоаларда дебют қилишди. Бош жамоа 9 марта мамлакат чемпиони бўлди. Бу билан мақтанмоқчи эмасман, лекин қўлимдан келадиган ишлар бор ва буни «Локомотив»да кўрсатмоқчиман. Босим ҳақида гапирсам, мураббий одам бундай нарсаларга тайёр бўлиши керак. Мухлисларга бир нарсани айтмоқчиман: ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоани қўллаш керак. Мен мураббийлик вақтида эрта-ю кеч фақат бир нарсани хоҳлаганман: Жаҳон Кубогига чиқишни ва бизни бутун дунёда танишини. Афсуски, бундай бўлмади.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 23:06, 26.02.2019.
Ўқилди: 6251 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.