«Реал» ҳимоячиси Серхио Рамос кийим алмаштириш хонасида юзага келган зиддиятни муҳокама қилиш учун клуб президенти Флорентино Перес билан учрашди.
Мадридликлар клуби «Сантьяго Бернабеу»да «Аякс»га йирик ҳисобда ютқазиб, ЕЧЛни тарк этгач, Рамос ва Перес жамоа футболчилари кўз ўнгида ихтилофга борган.
Перес «Реал» футболчиларига қаттиқ бақирган ва ҳатто «шарманда» сўзини ишлатган. 32 ёшли испаниялик футболчи эса унга жавоб қайтарган: «Мен билан ҳисоблаш, кетаман».
As хабарига кўра, футболчи ва президентнинг навбатдаги учрашуви жума куни ўтказилган, аммо бу учрашувдан самара бўлмаган – томонлар бир-бирига ён бермаяпти.
Рамос ва «Реал»нинг бошқа футболчилари Переснинг сўзларидан қаттиқ ранжишган. Айтишларича, президент жамоа қаторасига уч мавсумда Чемпионлар лигасида ғолиб бўлганини ҳисобга олмасдан гапирган.
Вазиятни Рамоснинг «Реал» билан шартномаси тугашига икки йилча вақт қолгани янада мураккаблаштирмоқда. Агар клуб футболчи билан шартномани бекор қилишга қарор қилса, унга 25 миллион евро миқдорида товон пули тўлашига тўғри келади.
Футболчининг клубдаги келажаги сўроқ остида қолмоқда. У Пересга фаолиятининг охиригача «Реал»да қолмоқчилигини айтган. Сардор ва президент яна бир учрашув ташкил қилишга келишишган.
Перес билан зиддиятга қарамай, Рамос ўзини ёмон натижалар учун масъул деб ҳисобламоқда ва мавсумнинг қолган қисмида муносиб иштирок этиб, Ла Лигада иккинчи ўринни эгаллаш учун ҳаракат қилмоқчи. У жамоанинг бошқа футболчилари билан ҳам мураббийлар штаби иштирокисиз учрашув ўтказиб, улар билан кейинги ўйинларни муҳокама қилган.