Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Серқирра Серхио ёхуд Рамоснинг бизнес империяси

Баҳо:
+ | -1

«Реал» сардори ҳозирги рейтингга кўра, жаҳоннинг 20 нафар энг бой футболчиси қаторида турибди. Серхионинг йиллик даромади чамаси 27 миллион еврога тенг.

Шунча сумма қаердан ҳосил бўляпти? Қизил ва сариқ карточкаларга меҳри баланд футболчи «Реал Мадрид»дан бир йиллик хизматлари учун 12 млн. евро миқдорида маош олади. Рамос шунингдек, Nike, Movistar], Audi, Hugo Boss, Amazon ва бошқа компаниялар билан тузилган ҳомийлик шартномалари ортидан ҳам бинойидек пул олади.

1. Хилма-хил «тойчоҚ»лар

Замонавий дунё тушунчасига кўра, ўзини ҳурмат қилувчи ҳар бир миллионер ўзининг автосаройига камида 4-5та элит автомобилни териб қўйиши шарт. Серхио Рамос ана шу ақидага ҳаддан ортиқ берилган футболчилардан биридир. Ҳар ҳолда, у шахсий гаражини тобора бойитиб бормоқда. Дейлик, Audi автоконцерни яқинда «Реал» футболчиларини ўз маҳсулоти билан сийлади, албатта, ҳомийлик келишуви доирасида. Хуллас, асосий таркиб ўйинчилари ва мураббийлар ўз дидлари ва танловларига мувофиқ, хизмат машинаси танлашди. Жумладан, «Қироллик клуби» сардори «Мадрид» автопарки учун ажратилган энг қимматбаҳо «тойчоқ»ни олди. Аниқроқ айтсак, Серхионинг танлови Audi A8 50 TDI русумига тушди. Ушбу элит синфга мансуб автонинг баҳоси 113 500 доллар бўлиб, ўз тоифасида энг яхшиси ҳисобланади.

Умуман, Рамоснинг шахсий автопарки хилма-хил «тойчоқ»ларга тўла:

Audi R8 (нархи - 194 000 доллар)

Porsche 997 Turbo S (нархи - 190 700 доллар)

Audi S8 Plus 4.0 TFSi 605 CV (нархи - 115 900 доллар)

Porsche Cayenne (нархи - 166 700 доллар)

Audi RS5 (нархи - 69 900 доллар)

Audi RS6 Performance 4.0 TFSi 605 CV (нархи - 144 800 доллар)

Porsche Panamera (нархи - 85 000 доллар)

Porsche 911 Carrera S (нархи - 190 700 доллар)

Audi Q7 (нархи - 80 000 доллар)

Range Rover Sport (нархи - 66 750 доллар)

Audi A8 50 TDI (нархи - 113 500 доллар)

Дарвоқе, Серхио 31 ёшга тўлиши муносабати билан акасидан Seat 600 Tuneado автомобилини совға сифатида қабул қилиб олганди. У «Реал» машғулотлар базасига кўпинча шу «тойчоқ»да қатнамоқда. Хуллас, Серхио Рамоснинг шахсий автопарки чамаси 1,5 миллион долларга баҳоланмоқда.

2. Қаср мисоли турар-жой

Табиийки, «Реал» юлдузи истиқомат қиладиган шахсий ҳовли ҳам ўта данғиллама. Ушбу кошона Ла-Моралежедаги хушманзара текисликда жойлашган. Гап бутун Испаниядаги яшаш учун энг қулай ҳудудлардан бири ҳақида кетмоқда. Рамоснинг классикага нақадар шайдо эканлигини саройдек кошонаси мисолида ҳам фаҳмлаш мумкин. У итальян меъморчилиги ва барокко услуби уйғунлигида қурилган. Турар-жойнинг умумий ер майдони 1470 квадрат|метрга тенг. Кошонанинг тахминий баҳоси (4,2 миллион евро) - унинг ҳашаматидан далолат. Алоҳида айтиш керак, уй атрофини 15 000 квадрат|метрли боғ ўраб туради. Айниқса, марказий фаввора дабдабали чиққан.

3. Серхио сармояси

Ҳозирги ҳолатда Рамоснинг бойлиги тахминан 100 миллион еврога баҳоланмоқда. Муҳим жиҳат шуки, «Реал» сардори ўз маблағини қандайдир банк ҳисоб рақамида сақлаётгани йўқ, аксинча, турли лойиҳаларга фаол сармоя тикмоқда. Мисол учун, у Sermos 32 SL номли компания асосчиси ҳисобланади. Sergioramos.com сайтида ушбу лойиҳа мақсади оддий баён қилинган: «Профессионал футболчи Серхио Рамос Гарсиянинг фаолият турлари ва маҳсулотлари тарғиботи билан шуғулланувчи компания». Хуллас, Рамосга дахлдор барча тижорат лойиҳалари айнан Sermos 32 SL назоратида ва компанияни футболчининг отаси Хосе Мария бошқаради.

1. Desarrollos Inmobiliarios Los Berrocales SA (фирманинг 49,99 фоиз сармояси). Ушбу кўчмас мулк Sermos 32 SL орқали назорат қилинади. Сармоя миқдори - 65 миллион евро.

2. Foster of Family Savings Altozano ёхуд Altozano Servicios. Яна бир кўчмас мулк, фақат футболчининг ундаги улуши нисбатан кам - 19 миллион евро.

3. Albis Inversione. Чорвачилик секторининг акциялари баҳоси 10 миллион еврога тенг.

Алоҳида таъкидлаш керак, Серхио Рамос ҳаётида от спорти алоҳида ўринга эга, умуман, футболчининг бу жониворга меҳри бўлакча. Дейлик, «Реал» етакчиси отлар ёнида тушган суратларини тез-тез ижтимоий тармоқларга жойлаштиради. У ҳаттоки, шахсий от фермасига ҳам эга, бироқ бу фойда келтирадиган лойиҳа эмас. Эҳтимолки, Рамоснинг зарарга ишлайдиган ягона лойиҳаси ҳам шудир. Ваҳоланки, Боллуллос-де-ла-Митачон (Севилья) ҳудудида нақ 44 гектардан катта ер майдони фермага ажратилган бўлиб, унда чамаси 70та пойга оти парваришланади. Тўғри, лойиҳанинг баъзи ютуқлари ҳам бор. Хусусан, «Юкатан» лақабли от Севильяда ташкиллаштирилган SICAB жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиб, Серхиони беҳад қувонтирди.

4. Gestora Mediterranea de Infraestructuras компанияси. Рамос Марбельяда улкан автомобиллар тўхташ жойи барпо этган. 700 дона машинага мўлжалланган ушбу «гараж»нинг ишлари айнан Gestora Mediterranea de Infraestructuras томонидан юритилади.

4. кўчмас мулк

Футболчининг энг йирик сармояси кўчмас мулк соҳасига йўналтирилган. Хусусан, футболчи Мадрид жанубида қад ростлаётган 10 минглаб турар-жой хонадонлари қурилишига ҳисса қўшмоқда. Аслида Рамоснинг ушбу сармояси хавф остида ҳам қолди. Гап шундаки, Мануэла Кармена раҳбарлигидаги шаҳар мэрияси лойиҳани маълум муддатга тўхтатиб қўйди. Фақат саноқсиз эътирозлар, музокара ва мунозара жараёнлари, ҳисобсиз текширув-таҳлиллардан кейингина қурилиш ишларига рухсат берилди. Асосийси, режалаштирилган хонадонлар сони камайтирилмади. Ҳозирда жами 6 босқичдан иборат бунёдкорлик ишлари жадал суръатда олиб бориляпти ва режага мувофиқ, турар-жой маскани 2034 йили тўлиқ тайёр бўлиши керак.

Санъат - Серхио Рамос хоббиларидан бири. Футболчи айниқса, охирги йилларда ижод йўналишига жиддий қизиқиш билан қарамоқда. Унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида таниқли рассомлар билан бирга тушган суратлари кўпайди, санъат объектлари ва машҳур картиналар фонида олинган фотосуратлари ҳам етарли. Рамос хусусан, яқинда испаниялик таниқли телебошловчи Пабло Мотос билан суҳбати давомида рассомчиликка жиддий қизиқиши ва айрим ижодкорлар картинасига сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.

«Реал» сардорининг яна бир қизиқарли лойиҳаси  ҳозирча фақат қоғозда бор. Энг ажабланадиган томони, маълумотларга кўра, Рамос бунисини «Барселона» ҳимоячиси Жерар Пике билан ҳамкорликда амалга оширмоқчи. Оддий айтганда, футбол майдонидаги ашаддий рақиблар биргаликлар мутлақо янги коммуникацион тизимни йўлга қўймоқчилар. Режага мувофиқ, уларнинг лойиҳалари бу турдаги тизимлардан кескин фарқланади ва кенг қамровли бўлади. Хуллас, гап «Футболчилар кучи» номли янги ижтимоий тармоқ тузиш ҳақида кетмоқда. Фақат футболчилар учун мўлжалланган платформага хоҳлаган ўйинчи турли хабарларни ёки ўзи ҳақида қандайдир қизиқарли воқеалар баёнини жойлаштириши мумкин. Қисқаси, The Players Tribune (АҚШ)га ўхшаш лойиҳа. Тўғри, айни паллада ҳам барчаси фақат ғоялигича қолмоқда, яъни амалий ҳаракатдан дарак йўқ.

Серхио шунча ишлар билан чекланиб қолмай, ҳужжатли фильм яратилишига ҳам бош суқмоқда. Тўғрироғи, Amazon компанияси айнан Серхио Рамос ҳаёти ва фаолиятини ёритиш мақсадида алоҳида ҳужжатли картинанинг суратга олиш ишларини бошлаб юборди. Унда табиийки, бош ролни футболчининг ўзи бажаради. Демакки, барчасини ҳикоя қилиб беради - жаҳон миқёсида қандай шуҳрат қозонгани, спорт ва бизнесни ниманинг эвазига идеал даражада уйғунлаштираётгани, оилавий ҳаёти, 3 нафар фарзанди, санъатга ошуфталиги... 8 сериядан иборат фильм премьераси шу йили 200тадан ортиқ мамлакатда бўлиб ўтиши керак

Манба: Stadion
Киритилди: 20:47, 10.03.2019.
Ўқилди: 10583 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.