Испания Ла лигасининг 27-тури доирасида "Реал" сафарда "Вальядолид" клуби меҳмони бўлиб, иродали ғалабага эришди.
Биринчи бўлимнинг дастлабки ярмида мезбонлардан омад очиқчасига юз ўгирди. Баҳснинг 13-дақиқасида Одриосола ўз жарима майдончаси ичида рақиб ҳужумчисини тортиб қолгани учун ҳакам "Реал" дарвозаси томон пенальти белгилади. Алькарес эса 11 метрдан тўпни осмону фалакка тепиб юборди. Кейинги 5 дақиқа ичида "Вальядолид" рақиб дарвозасини бир эмас, икки марта ишғол қилди. Аммо ҳар иккала гол кичик офсайд туфайли бекор қилинди.
Майдон эгалари шунча омадсизликка қарамай, руҳан синиб қолишмади. Улар 28-дақиқада мадридликлар дарвозасини ишғол қилишди. Анвар Туҳамий бўш дарвозани ишғол қилаётганида офсайдда эмас эди.
"Реал" эса тезда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бурчак тўпи ўйинга киритилган пайтда Начо тўп учун курашда дарвозабондан устун келди. Варан эса осонгина тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Мезбонлар иккинчи бўлимни фаол бошлаб, иккита хавфли вазият яратишди. Аммо улардан фойдаланишда "Вальядолид" ҳужумчиларига маҳорат етишмади. Орадан кўп ўтмасдан эса Одриосола пенальти ишлашга муваффақ бўлди. Бензема ундан самарали фойдаланиб, яна "Мадрид"ни олдинга олиб чиқди.
Ўйинда назорат қилишни давом эттирган Солари шогирдлари баҳснинг 60-дақиқасида бурчак тўпини ўйинга киритишди. Карим Бензема эса бош билан дарвозани забт этди.
Ушбу голдан кейин "Вальядолид" ҳужумкорликни оширди. Ўйиннинг 77-дақиқасида улар бурчак тўпини ўйинга киритишди ва йўлланган зарба дарвоза устунига тегиб қайтди. 80-дақиқада эса Каземиро иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди. "Реал" эса бир киши кам бўлиб ўйнаганига қарамай, тўртинчи голни урди. Модрич рақиб жарима майдончаси ичида бир ҳимоячини алдаб ўтди ва бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қилди.
Мазкур ғалабадан кейин "Реал" 2-ўринда бораётган "Атлетико"дан 5 очколик фарқни сақлаб қолди.
Испания Ла лигаси, 27-тур
Вальядолид – Реал Мадрид 1:4 (1:1)
Голлар: 1:0 – 29 Ануар, 1:1 – 34 Варан, 1:2 – 51, пенальти Бензема, 1:3 – 59 Бензема, 1:4 – 85 Модрич.
Вальядолид – Масип, Калеро, Антоньито, Мартинес, Хоакин Фернандес, Ануар (Верде, 63), Мичел, Кеко (Чоп, 73), Алькарас, Плано (Унал, 86), Серхи Гвардиола.
Реал Мадрид – Куртуа, Варан (Вальехо, 88), Регилон (Марсело, 89), Начо, Одриосола, Модрич, Себальос, Кроос (Вальверде, 74), Каземиро, Асенсио, Бензема.
Огоҳлантиришлар: Одриосола (12), Регилон (45), Мартинес (61), Куртуа (64), Каземиро (69).
Четлатиш: Каземиро (80, иккинчи огоҳлантириш).